Жаҳон | 17:31 / 11.09.2018
22035
2 дақиқада ўқилади

Юлия Скрипаль Солсберига нега учиб келгани маълум қилинди

Фото: Dylan Martinez/Reuters

ГРУ собиқ зобити Сергей Скрипалнинг қизи, у билан март ойида «Новичок» асаб-фалажловчи модда ёрдамида заҳарланган Юлия Солсберига бўлажак тўйи ҳақида отасига гапириб бериш учун келган. У отаси тантанали маросимда қатнаша олмаслигини билган. Бу ҳақда Британиянинг Daily Mail газетаси ўз манбаларига асосан хабар қилмоқда.

Нашр маълумотларига кўра, Юлия Скрипалнинг қаллиғи Степан Викеевдир. Юлия Скрипаль отасининг Москвадаги квартирасини сотиб юборган, сабаби Сергей Скрипаль у ерда яшамаган. Қиз Россия пойтахти ғарбидаги кўп қаватли уйнинг олтинчи қаватидан уч хонали квартирани сотиб олган, деб ёзмоқда Daily Mail. Юлиянинг квартирасидаги таъмирлаш ишлари бўйича ишчилар бошлиғи - Диана Петикнинг сўзларига кўра, Юлия ўз квартирасида болалар хонасини қуриш ҳақида сўраган.

Нашрнинг таъкидлашича, у бу квартирада ўзининг бўлажак турмуш ўртоғи - 30 ёшли Степан Викеев билан бирга яшашни режалаштирган. 3 март куни у Лондонга парвоз қилувчи рейсга ўтирган, эртаси куни эса Юлия отаси билан Солсберида ҳушсиз ҳолатда топилган. Полиция маълумотларига кўра, заҳарловчи модда Сергей Скрипаль уйининг эшик дастасига суртиб қўйилган бўлган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Кремль Скрипалларни заҳарлаган шахслар ҳақида маълумотга эга эмаслигини маълум қилганди.

Мавзуга оид