Иқтисодиёт | 15:42 / 22.09.2018
20524
3 дақиқада ўқилади

МБ инфляцион хатарларнинг кучайиши нега юз бераётганини тушунтирди 

Бугунги кунда юзага келган ҳолат монетар сиёсатнинг 2018 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари ва кейинги пул-кредит сиёсати шарҳларида қайд этилган инфляцион хатарларнинг кучаяётганлигини кўрсатмоқда, деб хабар беради Марказий банк.

Инфляцион хатарларнинг кучайиши қуйидаги омиллар билан изоҳланади.

Биринчидан, ташқи омиллар таъсирида сўмнинг “реал самарали алмашув курси”нинг ошиб бораётганлиги. Девальвацион босимнинг кучайиши мамлакатимиз иқтисодиётининг ташқи савдо соҳасидаги асосий ҳамкор давлатлар валюталарининг кескин қадрсизланишига жавобан мослашуви билан боғлиқ бўлиб, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг рақобатбардошлигини қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.

Ҳисоб-китобларга кўра, алмашув курси ўзгаришининг инфляция даражасига кумулятив таъсири кейинги еттита чорак давомида кузатилиб, унинг энг юқори нуқтаси иккинчи ва тўртинчи чораклар оралиғига тўғри келади.

Иккинчидан, кредитлаш ҳажмларининг юқори суръатларда ўсиши натижасида иқтисодиётда истеъмол ва инвестицион талабнинг ошиши.

Учинчидан, маъмурий тартибга солинадиган нархларнинг кутилган даражага нисбатан юқорироқ оширилиши, шунингдек, электр энергияси ва табиий газ тарифларининг бозор шароитларига мослаштирилишининг кутилаётганлиги.

Тартибга солинадиган нархлар оширилишининг умумий инфляция даражасига таъсири юқори бўлса-да, ушбу нархларнинг эркинлаштирилиши иқтисодиётда тўпланиб қолган таркибий номутаносибликларни бартараф этиш учун зарурий чора ҳисобланади.

Мазкур жараённи ортга сурилиши пул-кредит сиёсатининг нархлар барқарорлигини таъминлашдаги самарадорлигини пасайтиради ҳамда иқтисодиётдаги таркибий ислоҳотларни сифатли амалга оширилишига тўсқинлик қилади.

Тўртинчидан, бюджет харажатларининг прогноз кўрсаткичларидан юқори бўлиши ва умумлаштирилган давлат бюджетининг мувозанатли ижросини таъминлаш бўйича хатарларнинг ортиши.

Шу билан бирга, 2018 йилнинг биринчи ярим йиллиги якунлари бўйича аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг қисқа муддатли инфляцион кутилмаларининг пасайиши билан бир қаторда узоқ муддатли кутилмаларнинг барқарорлашуви қайд этилган эди.

Бугунги кунда, ташқи иқтисодий ҳолат ва унинг таъсирида ички бозордаги ўзгаришлар натижасида август ойи якуни бўйича қисқа муддатли кутилмаларнинг июль ойига нисбатан ўсиши кузатилди. Шунингдек, узоқ муддатли инфляцион кутилмалар жорий йилнинг II чорагида нисбатан юқори, лекин барқарор бўлган бўлса, июль ойидан бошлаб уларда ҳам ўсиш динамикаси кузатила бошланди.

Шунингдек, миллий валютанинг АҚШ долларига нисбатан алмашув курси бўйича кутилмаларнинг август ойида сезиларли ошиши кузатилди. Бунда, февраль ойидан бошлаб кутилмалар босқичма-босқич пасайиб, йил охиригача алмашув курсининг барқарор бўлиши кутилаётган эди. Август ойида эса девальвацион кутилмалар ортди. Ушбу ҳолат, келгусида инфляцион кутилмаларнинг қўшимча равишда ошишига олиб келиши мумкин.

Мавзуга оид