Париж мэри бошпанасизларни шаҳар бошқармасига жойлаштиришни таклиф этди
Франция пойтахти Париж шаҳри мэри, мадам Анн Идальго совуқ кунлар даврида бошпанасиз инсонларни шаҳар муниципал ҳокимият органлари жойлашган Отель-де-Вилга жойлаштиришни таклиф этди.
«Мен огоҳлантириш сигналини бермоқдаман. Барчамиз енг шимариб ишга киришишимиз зарур», — деган Идальго Journal du Dimanche нашрига берган интервьюсида. Париж шаҳри раҳбарининг маълумотларига кўра, уч мингга яқин бошпанасиз инсонларни жойлаштириш учун жой етишмаяпти, шу сабабли у «бутунумум мобилизация»га чорламоқда.
«Иш бошланишини кута туриб, бўш ётган бинолардан фойдаланиш мумкин. Биз шунингдек, муниципал марказларни тақдим этамиз», — деган Париж мэри. Хусусан, Идальго ноябрь ойи охиридан бошлаб бошпанасиз аёллар Отель-де-Вилда қолиши мумкинлигини ҳам айтиб ўтган.
«Париждаги Отель-де-Виль бошпанасиз инсонларни ҳар қандай жойда, жумладан, Республика Саройида ҳам қабул қилиш мумкинлигининг намунаси бўлмоғи керак», — дея қўшимча қилган у.
Ўтган қишда Францияда тўрт киши совуқдан кўчада жон берган. Ўшанда Париждаги амалдорлар музлаётган бошпанасизлар масаласига эътибор қаратиш учун тунда кўчада ухлашган эди.