Жаҳон | 17:55 / 22.10.2018
17997
2 дақиқада ўқилади

Алишер Усмонов нима учун Mail.Ru Group бошқарувидан воз кечди?

Фото: Юрий Кочетков/EPA

Бугун россиялик миллиардер Алишер Усмонов Mail.Ru Group бошқарувидан чиқиши маълум қилинди. Усмоновнинг ўзи «бу жараёнга сўнгги йиллар давомида тайёргарлик кўргани»ни билдирди.

«Аминманки, юқори технологияли компанияларни ёш авлод - замонавий рақамли бизнеснинг ривожланиш тенденцияларидан хабардор бўлган истеъдодли ҳамда катта мақсадли шахслар бошқариши лозим», - дейилади USM асосчиси баёнотида.

Эндиликда Mail.Ru менежерлари Борис Добродеев ва Дмитрий Сергеев, шунингдек, «Газпромбанк» топ-менежерлари Алан Ваксман ҳамда Сергей Меднов янги аъзолар сифатида директорлар кенгаши таркибига киритилади.

Alpari компаниясининг катта таҳлилчиси Роман Ткачукнинг фикрича, Алишер Усмонов шу йўл билан АҚШ томонидан тайёрланаётган санкцияларга тайёргарлик кўрмоқда.  Америкалик сиёсатчиларнинг охирги баёнотларига кўра, АҚШ Россия ҳамда россиялик олигархларга нисбатан ҳар ойда санкциялар жорий этиши кутилмоқда. Усмоновнинг бошқарувни тарк этиши эса Mail.Ru Group’ни санкциялар хатаридан сақлаб қолади.

Назоратни тўлалигича бошқарув қўлига топшириш Алишер Усмонов учун биринчи марта эмас. У 2016 йилда ўзининг USM Holdings компаниясидаги назоратидан воз кечган эди.

Мавзуга оид