Ўзбекистон | 20:30 / 22.10.2018
6181
3 дақиқада ўқилади

Президент Америка – Ўзбекистон савдо палатаси делегациясини қабул қилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 22 октябрь куни Ўзбекистонда АҚШ бизнеси ҳафталиги тадбирларида иштирок этиш учун мамлакатимизга келган Америка – Ўзбекистон савдо палатаси раиси Кэролин Лэмм бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар бермоқда.

Давлатимиз раҳбари меҳмонларни самимий қутлар экан, Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик жадал ривожланиб бораётганини алоҳида мамнуният билан қайд этди. Жорий йил май ойида АҚШга амалга оширилган олий даражадаги ташрифнинг самарали натижалари стратегик шерикликнинг янги даврини бошлаш имконини берди.

АҚШнинг «Женерал Электрик», «Боинг», «СиЭнЭйч Индастриал», «Жон Дир», «Ханивелл», «Силверлиф», «Уайт энд Кейс» ва бошқа кўплаб компаниялари билан савдо-иқтисодий, инвестиция ва инновация соҳаларидаги ўзаро ҳамкорлик кенгаймоқда.

Бугунги кунда машинасозлик, нефть-газ ва газ-кимё, электр энергетикаси, тўқимачилик ва озиқ-овқат саноати, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларини қамраб олган қиймати 5 миллиард доллардан зиёд истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Жорий йил бошидан мамлакатимизда АҚШ инвестициялари иштирокида 25 янги корхона ташкил этилди, ўзаро савдо ҳажми икки баробар кўпайди.

Ўзаро манфаатли бизнес ҳамкорликни мустаҳкамлашда таркибига АҚШнинг жаҳонга машҳур 37та компанияси, инвестиция корпорациялари ва банклари кирган Америка – Ўзбекистон савдо палатаси муҳим роль ўйнаётгани таъкидланди.

Учрашувда иқтисодиётнинг турли тармоқларида амалий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, аввало, технологиялар соҳасидаги шерикликни ривожлантиришнинг аниқ истиқболлари муҳокама қилинди.

Эришилган келишувлар ва имзоланган битимларни ўз вақтида амалга ошириш, шунингдек, Палатанинг янги аъзоларини жалб этган ҳолда, инвестиция лойиҳаларини тайёрлаш муҳимлиги қайд этилди.

АҚШ компанияларининг Ўзбекистон бозорида узоқ муддат фаолият юритиши учун қулай шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилди.

Кэролин Лэмм давлатимиз раҳбарига самимий қабул ҳамда Палата аъзоларининг мамлакатимиздаги фаолиятига кўрсатилаётган ҳар томонлама кўмак учун АҚШ ишбилармонлар ҳамжамияти номидан чуқур миннатдорлик билдирди.

Ўзбекистонда барча соҳа ва йўналишларда амалга оширилаётган ислоҳот ва янгиланишлар тадбиркорлик ташаббусларини муваффақиятли рўёбга чиқаришда кенг имкониятлар яратаётгани қайд этилди.

Америка – Ўзбекистон савдо палатаси мамлакатларимиз ўртасидаги самарали савдо-иқтисодий, инвестициявий ва технологик ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлашда фаол иштирок этишга тайёр экани алоҳида таъкидланди.

Мавзуга оид