Ўзбекистон | 13:18 / 08.12.2018
22036
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда 20 мингдан зиёд фуқаро «махсус ҳисоблар»дан чиқарилди 

Фото: Pinterest

«Ўзбекистон» халқаро анжуманлар саройида 7 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган куннинг 26 йиллигига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди. Унда президент Шавкат Мирзиёев маъруза қилди.

Давлат раҳбарининг таъкидлашича, кейинги икки йилда судлар мустақиллигини таъминлаш бўйича ҳам муҳим чоралар кўрилди. Жорий йилнинг ўзида 1 минг 881 та жиноят иши далиллар етарли бўлмаганлиги сабабли тугатилди, судлар томонидан 590 нафар шахс оқланди. 

«Шунингдек, 5 минг 462 нафар шахсга нисбатан терговда асоссиз қўйилган моддалар айбловдан чиқариб ташланди, 2 минг 449 нафар шахс эса суд залидан озод қилинди.

Судларда ишларни йиллар давомида қайта-қайта кўриш амалиётига бутунлай чек қўйилди.

Инсонпарварлик тамойили асосида мутлақо янги амалиёт жорий этилмоқда. Бунинг натижасида жиноят йўлига адашиб кириб, қилмишига чин дилдан пушаймон бўлган 993 нафар фуқаро, жумладан, 456 нафар йигит-қиз ҳамда 113 нафар аёллар Ёшлар иттифоқи, маҳаллалар ва хотин-қизлар қўмиталарининг кафиллиги билан жазодан озод қилинди.

Шунингдек, жазони ўтаётган 3 минг 333 нафар, жумладан, фаолияти ман этилган ташкилотларга кириб қолган 646 нафар маҳкум афв этилиб, оиласи бағрига қайтарилди.

Улуғ байрам – Конституция куни муносабати билан бугун махсус Фармонни имзоладим. Унга кўра, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлиб, тузалиш йўлига қатъий ўтган ва айни пайтда озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган 136 нафар шахс афв этилди.

Бир пайтлар диний экстремистик гуруҳларга алоқаси бор, деб назоратга олинган 20 мингдан зиёд фуқаро “махсус ҳисоблар”дан чиқарилди», - деди Шавкат Мирзиёев.

Мавзуга оид