Жаҳон | 11:00 / 08.01.2019
28325
2 дақиқада ўқилади

Скрипалларнинг заҳарланишдан кейинги ҳаёти ҳақида тафсилотлар пайдо бўлди

Фото: Ижтимоий тармоқлар

ГРУ собиқ полковниги Сергей Скрипаль ва унинг қизи Юлия, катта эҳтимол билан, заҳарлашга уриниш ҳолатидан кейин Буюк Британияда қолишган. Бу ҳақда The Telegraph хавфсизлик хизматларидаги ўз манбаларига асосан ёзмоқда.

Уларнинг тахминича, Скрипаллар Англия жанубида жойлаштирилган. У ерда улар тор доирадаги тиббий экспертлар назорати остида яшамоқда. Эҳтимол, Юлия ҳатто иш топган ҳам бўлиши мумкин - нашр суҳбатдошлари фикрича, унинг рус тилини билиши бунда қўл келади.

Шу билан бирга, гувоҳларни ҳимоя қилиш дастурига қарамасдан, оила Россия ва Буюк Британиядаги қатор яқин дўстлари билан алоқаларни сақлаб турибди, баъзилари эса ёзда Скрипалларни кўргани ҳам борган, дея таъкидлайди The Telegraph манбалари.

Юлия Скрипаль 10 апрель куни шифохонадан чиқарилди, отаси 18 май куни у ерни тарк этди. Ўшандан бери собиқ полковник матбуот ёки расмийлар билан алоқа қилмади. Унинг қизи Reuters агентлигига интервью бериб, узоқ муддатли истиқболда Россияга қайтишни режалаштираётгани, бироқ ҳозирча Лондондаги махфий бошпанада қолишга мажбур эканини айтди.

Скрипаллар 4 март куни Солсберида заҳарланди. Лондон расмий версиясига кўра, уларга қарши СССРда кимёвий қурол сифатида ишлаб чиқилган «Новичок» асаб-фалажловчи моддаси қўлланилган, суиқасд ортида эса Россия раҳбарияти турибди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Скрипалга қилинган суиқасднинг барча тафсилотлари аниқланганди.

Мавзуга оид