Ўзбекистон | 22:10 / 11.01.2019
22866
2 дақиқада ўқилади

Равшан Ғуломов Иқтисодиёт ва саноат вазирининг биринчи ўринбосари бўлди

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг фармони билан Ботир Асадиллаевич Хўжаев Иқтисодиёт вазири лавозимидан озод этилди ва янги ташкил этилган Иқтисодиёт ва саноат вазири лавозимига тайинланди. Бу ҳақда Kun.uz манбаси хабар бермоқда.

Ботир Хўжаев
Фото: Халқаро Пресс-клуб

Ботир Хўжаев 2006—2009 йилларда — Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт вазири сифатида ишлаган. 2005–2006 йилларда Ўзбекистон Президентининг ижтимоий-иқтисодий сиёсат масалалари бўйича Давлат маслаҳатчиси, 2009—2011 йилларда — Ўзбекистон Республикаси бош вазири ўринбосари – Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси раиси, 2011 йил ноябрда Иқтисодиёт вазирининг биринчи ўринбосари этиб тайинланганди. У 2016 йил декабрда Рустам Азимов ўрнига Молия вазирлигига раҳбар этиб ўтказилган, 2017 йилнинг ноябридан буён Иқтисодиёт вазирлигини бошқариб келаётганди.

Фото: Равшан Ғуломов

Шунингдек, Равшан Аюбович Ғуломов вазирнинг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланган.

Равшан Аюбович Ғуломов турли йилларда Марказий банк раиси биринчи ўринбосари (2001-2004), Ўзбекистон Миллий банки раиси биринчи ўринбосари ва «Асака» банк раиси (2004-2007), Молия вазири биринчи ўринбосари (2009-2010), Иқтисодиёт вазири (2010-2012), Ташқи иқтисодий алоқалар, савдо ва инвестиция вазири биринчи ўринбосари, Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ижрочи директори сифатида ишлаган. У 2017 йилнинг апрелидан 2018 йилнинг август ойигача Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси бўлган, кейинги вақтларда Вазирлар Маҳкамасининг Макроиқтисодий таҳлил ва прогнозлаштириш, молия ва банк тизимларини ислоҳ қилиш, хусусий тадбиркорлик ва кичик бизнесни ривожлантириш масалалари йиғма ахборот-таҳлил департаментининг мудири сифатида фаолият кўрсатиб келаётганди.

Бироз аввалроқ Ўзбекистон Президентнинг «Иқтисодий ривожланиш соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони билан Иқтисодиёт вазирлиги Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги этиб қайта ташкил этилгани хабар қилинганди.

Мавзуга оид