Жаҳон | 08:00 / 13.01.2019
8631
2 дақиқада ўқилади

Трампнинг рейтинги шатдаун ортида пасайиб кетди

Фото: Global Look Press

АҚШ президенти Д-т фаолиятини маъқуллаш рейтинги шатдаун ортида 44 фоизгача пасайиб кетди. Бундан Hill TV ва HarrisX тадқиқот компанияси олиб борган сўровнома натижалари дарак бермоқда. 56 фоиз сўралганлар Трампнинг фаолиятини маъқулламаган.

Сўровнома 8-11 январь кунлари олиб борилган, унда 3015 америкалик иштирок этган.

Декабрда Трампнинг рейтинги 47 фоизни ташкил қилган. 

Шатдаун 12 январда давомийлиги бўйича тарихий рекорд ўрнатган бўлса-да, унинг охири кўринмаяпти. Трамп чегара хавфсизлиги ва Мексика билан чегарада девор қурилишига 5,6 млрд доллар ажратилишини сўрашда давом этмоқда ва бу талаб қондирилмагунча бюджетни имзолашдан бош тортмоқда. Конгресснинг қуйи палатасида назоратни қўлга олган демократлар эса девор ҳақида эшитишни ҳам исташмаяпти ва юзага келган инқирозни “сунъий” деб аташмоқда.

Бунгача энг узоқ давом этган шатдаун 1995 йил декабрь-1996 йил январида қайд этилган ва 21 кун давом этган. Жорий шатдаун 2018 йил 22 декабрда бошланганди ва 22 кундан бери давом этмоқда.

Мавзуга оид