Жамият | 20:11 / 05.02.2019
9631
5 дақиқада ўқилади

​Жиноятнинг биттаси ҳам кўп

Бугун Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Марказий Кенгашида ҳудудлардаги бошланғич ташкилот етакчилари билан биргаликда “Ёшлар жиноятчилигини жиловлаш, ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш” мавзусида видеоселектор шаклида вебинар бўлиб ўтди.

Унда Республика Маънавият ва маърифат марказининг бўлим мудири Шавкат Тўраев мамлакатимизда ижтимоий маънавий муҳитни соғломлаштириш, маънавий-маърифий ишлар самарадорлигида ёшларнинг ролини ошириш юзасидан, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси бўлим мудири Баҳриддин Султонов эса ёшлар жиноятчилигини олдини олиш масаласидаги маърузаси билан иштирок этди.

Вебинарда Ўзбекистон Ёшлар иттифоқининг ҳудудий Кенгашлари ходимлари, вилоятлардаги бошқарма, ташкилот ҳамда таълим муассасаларининг бошланғич ташкилот етакчилари, ҳудудий сардорлар Кенгаши ҳамда ҳудудий кўнгиллилар гуруҳларининг аъзолари қатнашди.

Маърузаларда мамлакатимизда ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш, улар ўртасида маънавий муҳитни яхшилашда янгича методлардан фойдаланиш зарурати ҳамда бу соҳадаги тарғибот-ташвиқот ишларига ёшларнинг муносабати ҳақида фикр-мулоҳазалар юритилди.

—Бугунги кунда ёшларни иш билан таъминлаш, уларнинг вақтларини тўғри тақсимлашга кўмаклашиш, тўгаракларга жалб этиш жиноятчиликни жиловлашнинг энг муҳим омилига айланган, – дейди Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши бўлим мудири Акмал Алимов. —Жойларда ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигининг пастлиги, оддий ҳолатларда қонун ҳужжатларни билмаслиги ва бунинг натижасида ёшлар ўртасида майда безориликлар, маъмурий ҳуқуқбузарликларнинг сонини кўпайишига олиб келмоқда.

Тадбир давомида бир қатор вазирлик, идора ва ташкилотларнинг ҳамкорлигида олиб борилаётган ишлар натижасида юртимизда 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар ўртасидаги жиноятчилик 28,1 фоизга, вояга етмаганлар жиноятчилиги эса 35,5 фоизга камайишига эришилганлиги ҳақида маълумот берилди.

—7 мингдан ортиқ профилактик ҳисобда турувчи ёшлар “Баркамол авлод“ болалар марказидаги тўгаракларда ҳунар ўрганмоқда, – дейди Ички ишлар вазирлиги Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлим бошлиғи Баҳриддин Султонов. – 13 минг нафар ота-она ва уларнинг ўрнини босувчи шахслар билан олиб борилган тушунтириш ишлари натижасида ёшлар ва вояга етмаганлар томонидан содир этилаётган жиноятлар камайди.

Маърузачилар ёшлар ўртасида жиноятчиликни жиловлашда аввало, жиноят содир этишга мойиллиги юқори бўлган ҳар қандай тарбияси оғир ёшларнинг хулқ-атворидаги салбий ўзгаришларни ҳудудлардаги ёшлар етакчилари томонидан ҳудуднинг ўзида аниқлаш, мазкур ҳолатларни олдини олишда аввало ота-она, оила ва маҳалла жамоатчилигини эътиборини қаратиш орқали тезкор равишда самарали ечим топиш чораларини кўриш бугунги куннинг долзарб йўналишларидан эканлигини тилга олди.

Бундан ташқари 190 та касб-ҳунар коллежлари негизида ташкил этилган “Ёшлар марказлари”да 29 та йўналиш бўйича 2 минг 537 та бепул тўгараклар фаолияти йўлга қўйилганлиги, уларда ҳар куни ўртача 160 минг нафарга яқин ёш билим ва кўникмаларини ошираётганлиги қайд этилди.

Бундан ташқари маҳалла ва таълим муассасаларида ёшлар тарбияси, чекка ҳудудлар ва маҳаллалардаги ёшлар билан мақсадли ғоявий-тарбиявий ишларнинг юзаки тарзда олиб борилаётгани, жиноятчилик, диний экстремизм ва террористик ҳаракатларга адашиб қўшилиб қолиш, миллий қадриятларга эътиборсизлик, эрта турмуш қуриш, оилавий ажралишлар каби салбий ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган ишларнинг аксарият ҳолларда кутилган натижани бермаётгани бу масалаларга жиддий ёндашувни талаб этаётганлиги таъкидланди. Шунингдек, ёшлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни олдини олишда маҳалла институти имкониятларидан самарали фойдаланиш зарурлиги, жиноятчиликка қарши курашиш фақат ҳуқуқ тартибот органларининг эмас, балки кенг жамоатчиликнинг вазифаси бўлиши кераклиги айтилди.

—Оилада ижтимоий-маънавий муҳит соғломлаштирилмаса, фарзанднинг асосий тарбиячилари лоқайдлик ҳолатларига барҳам бермаса, тарғибот ишларининг нафи сезилмайди – дейди вебинар қатнашчиси Кумушбиби Абдуҳамидова. — Ҳар қандай жиноят ота-она бефарқлиги ва фарзанднинг бекорчилиги сабаб келиб чиқади. Бу каби тарғибот тадбирлари ота-оналар учун ҳам ташкил этилиши керак, назаримда. Фақатгина ҳудудлардаги бошланғич ташкилот етакчиларининг саъй-ҳаракатлари билан ёшлар ҳуқуқбузарликларини бартараф этиш мушкул. Ўзаро бирлашув ва самарали ҳамкорликкина кутилган натижани беради.

Вебинар якунида тингловчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.

Шаҳноза Нуруллаева

Мавзуга оид