Жамият | 21:20 / 07.02.2019
33687
3 дақиқада ўқилади

ЎзМУ ректори: «Миллий университет рамзи ер билан битта қилинмаган»

Январь ойи охирида интернетда Ўзбекистон Миллий университети рамзларидан бири – университетнинг асосий кириш қисмидаги мармар китоб бузиб ташлангани ҳақида хабарлар тарқалди.

Kun.uz мухбири университет ректори Аваз Мараҳимовга шу масалада юзланди. «Отахон университет» дея таърифланувчи таълим даргоҳининг ректори масала юзасидан изоҳ берди.

«Университетимиз ва талабалар шаҳарчасини глобал миқёсда ҳам «флагман» университетга айлантириш ниятидамиз. Ҳар кун шунинг ҳаракатида югур-югурдамиз. Талабалар шаҳарчасининг ҳудуди ягона замонавий кампусга айлантирилади.

Мармар китоб монументининг таг қисми бузилган холос. Китоб монументи четга олиб қўйилган. «Беруний» метросидан университетимиз томонга чиқиш қисми, унинг атрофлари, аввал машиналар қатнов йўли бўлган жойлар эса сайр учун йўлакларига ўзгартирилмоқда. Бу ишлар тугаганида, ободонлаштириш лойиҳасига кўра янги қиёфа касб этадиган китоб монументи Миллий университетнинг марказий қисми яқинига жойлаштирилади», дейди у.

Ректор қурилиш ва Талабалар шаҳарчасининг марказий қисми ободонлаштирилиши оқибатида ҳудудда юзага келган ноқулайликлар тўғрисида ҳам ўз фикрларини билдириб ўтди: «Ободонлаштириш жараёни кетаётган ҳудуд махсус деворлар билан ажратилган. Талабалар айланиб ўтиши, университетларига етиб олиши учун уч томондан йўллар очилган».

Kun.uz мухбири ҳудуддаги ободонлаштириш ишлари жараёнини бориб кузатди.

Эслатиб ўтамиз, январь ойи охирида Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан таъмирталаб бўлган Ўзбекистон Миллий университети ва талабалар шаҳарчаси ҳудудларида кенг кўламли қурилиш ва ободонлаштириш ишлари бошланганди. Ҳокимлик матбуот хизматига кўра, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари 15 кун ичида ўз ниҳоясига етади. 

«Беруний» метро бекатининг Ўзбекистон Миллий университет томонига олиб чиқувчи ерости йўли ва чиқиш қисми шу кунларда таъмирланмоқда. Ҳудуддаги катта ҳажмдаги ободонлаштириш ишлари оқибатида пиёдалар йўлакчалари чизиқлари кўринмас ҳолатга келган. Kun.uz одатда Талабалар шаҳарчаси орқали манзилига борувчи пиёдаларга ва ҳайдовчиларга йўл-хавфсизлик қоидаларига риоя қилишни тавсия этади.

Мавзуга оид