Зеленскийнинг инаугурацияси. Бешта асосий нуқта
Владимир Зеленскийнинг Украина президенти сифатидаги илк нутқи 20 дақиқага яқин давом этди.
Собиқ комик актёр чиқишини 6 ёшли ўғлининг президентлик ҳақидаги гапларини эслаш билан бошлаб, якунда ўзининг президентлик муддатини украинлар ҳеч қачон йиғламаслиги учун бағишлашга ваъда берди.
«Би-би-си» Владимир Зеленскийнинг илк президентлик спичидаги асосий тезисларни йиғди.
Парламентни тарқатиб юбориш
Владимир Зеленскийнинг Украина парламенти келажагини кўра билиши унинг инаугурация нутқидаги энг кутилган қисм бўлди.
Олий раданинг ҳозирги таркиби 5 йил муқаддам, Порошенко ҳали сиёсат ҳақида ўйламаган вақтда сайланганди. Зеленский бу депутатлар билан ўзининг сайловолди кампанияси вақтидаги режаларини амалга ошириши қийин бўларди.
Бошқа томондан унинг «Халқ хизматида» партиясининг рейтинги кўтарилмоқда: сўровномалар натижалари шуни кўрсатмоқдаки, агар шу ҳафта охирида навбатдан ташқари парламент сайловлари ўтказиладиган бўлса, бу партия 40 фоизга яқин овоз олади.
Президент инаугурацияси арафасида матбуотга парламентни тарқатиб юбориш ҳақидаги фармон лойиҳаси сиздирилди: унга кўра бу қадамга сўнгги уч йил давомида парламентда депутатлик фракциялари коалицияси мавжуд эмаслиги асос қилиб келтирилганди. Айрим депутатлар бундай асос билан парламентнинг тарқатиб юборилишини ноқонуний деб ҳисоблашган бўлишса-да, президентнинг нутқидан кейин Олий рададаги асосий ўйинчилар навбатдан ташқари сайловлар ўтказишга қарши эмаслиги кўриниб қолди.
Владимир Зеленскийга яқин манбаларнинг хабар беришича, парламентни тарқатиб юбориш ҳақидаги фармон 21 май куни эълон қилинади.
Бу ҳолатда мамлакатда 14 июль куни парламент учун навбатдан ташқари сайловлар ўтказилади (сайловлар ўз вақтига кўра кузда ўтказилиши керак эди, аммо Владимир Зеленский учун сайловлар имкон қадар тезроқ, партияси нуфузи пасайишни бошланмасдан олдин ўтказилгани манфаатлидир). Сайловлар одатий тартибга кўра ўтказилиши кутилмоқда: парламент аъзоларининг ярми округларда, ярми партия рўйхати бўйича сайланади.
Ҳукуматда «қон алмаштириш»
Зеленский парламент сайловларини кутмасдан ҳукуматни алмаштириш ниятини яширмади.
«Менга ажойиб президент бўлган бир америкалик актёрдан иқтибос келтиришга рухсат этгайсиз», дея аудиторияга юзланди у Рональд Рейганни назарда тутган ҳолда: Америкаликларнинг ушбу президенти Зеленский жамоаси аъзоларининг сайловолди кампанияси вақтидаги ибрат учун намунаси бўлганди.
«Ҳукумат бизнинг муаммоларимизни ҳал қилиб бермайди. Ҳукуматнинг ўзи муаммо», дея давом этди Зеленский ва Вазирлар Маҳкамаси аъзоларини «ўз жойларини кейинги сайловлар ҳақида эмас, кейинги авлодлар ҳақида ўйлайдиганларга бўшатиб бериш»га чақирди.
Бош вазир Владимир Гройсман бу ҳақдаги саволга юзида табассум қилиш билан жавоб берди. Конституцияга кўра, ҳукумат Украинанинг янги президентининг қасамёд қабул қилиш маросимидаги сўзлари билан эмас, парламентнинг янги таркиби сайланганидан кейин истеъфога чиқади. Шундай экан, Гройсманнинг кабинети яна камида 2 ой фаолият олиб боради, бу давр мобайнида президентнинг ҳукумат билан муносабати «булутлардан холи» бўлмаслиги тайин.
Бундан ташқари, Зеленский Олий Рададан Украина Хавфсизлик хизмати раҳбари, Украина Мудофаа вазири ва Украина бош прокурорини истеъфога чиқаришни сўради. Қонунчиликка кўра, президент айнан шу лавозимларга номзодларни парламентга тақдим этишга ҳақли.
Украина хавфсизлик хизмати раҳбари Василий Грицак ва Украина мудофаа вазири Степан Полторак президентнинг сўзларидан кейин истеъфо беришди. Бош прокурор Юрий Луценко эса аввалроқ истеъфога чиқишни режалаштирмаётганини айтганди.
«Менимча, бош прокуратура ҳозир ҳар қачонгидан ҳам самаралироқ ишламоқда», деганди у президентлик сайловларининг иккинчи туридан кейин берган интервьюсида.
Владимир Зеленский ҳозирча бу лавозимлар учун ўз номзодларини кўрсатгани йўқ.
Рус тили
Ўзининг қасамёд нутқида Владимир Зеленский бир неча марта рус тилини аралаштириб гапирди: хусусан, Украина ҳозирда ўз назоратида бўлмаган ҳудудларни - Донбасс ва Қримни қайтариш учун курашиши кераклиги ҳақида гапирганида.
«Улар украин тилини тушунишади!», дея баланд овозда ҳайқирди бу вақтда ўз жойида ўтирган депутат, ўтган сайловлардаги номзодлардан бири Олег Ляшко.
«Одамларни ажратишда давом этаётганингиз учун раҳмат сизга, жаноб Ляшко», дея жавоб қайтарди унга трибунада туриб янги давлат раҳбари.
Зеленскийнинг бу услуби янгилик эмас: 5 йил муқаддам Порошенко ҳам инаугурация нутқида Донбасс аҳолисига юзланганида русча гапирганди.
Унинг сўзлари ҳам Зеленскийники билан бир хил бўлганди: «Тўғри» ёки «нотўғри» украинлар деган тушунча йўқ, инсон гапираётган тил унинг ватанпарварлик даражасини белгиламайди».
Аммо Зеленскийнинг нутқида бу мавзу кутилмаган йўналишда давом этди: у бутун дунёдаги украинларга (64 миллион), «янги, кучли ва муваффақиятли Украина қуришга тайёр» украинларга Украина фуқаролигини беришга тайёрлигини маълум қилди.
«Футбол бўйича Европа чемпионатидаги Исландия миллий жамоасини эсланглар. Ўшанда стоматолог, режиссёр, учувчи, талаба ва фаррош ўз юрти шарафини ҳимоя қилиш учун курашганди. Ва улар, ҳеч ким ишонмаганига қарамай, буни уддалашди. Бизнинг йўлимиз ҳам – шу. Биз футболдаги исландияликлардек бўлишимиз керак. Биз ўз ватанини ҳимоя қилишда исроилликлардек бўлишимиз керак. Биз технологияларда японлардек, аҳил яшашда швейцарлардек бўлишимиз керак», деди Зеленский.
Донбасс бўйича музокаралар
Владимир Зеленский президент лавозимидаги биринчи вазифаси Донбассдаги урушни тўхтатиш эканлигини айтди. Шу билан биргаликда у бунга эришиш учун аниқ режани тақдим этгани йўқ.
«Бизнинг биринчи навбатдаги вазифамиз Донбассдаги ўт очишни тўхтатиш. Мендан тез-тез ўт очишни тўхтатиш учун нималарга тайёрлигим ҳақида сўрашган. Ғалати савол, сиз, украиналиклар, яқин инсонларингиз ҳаёти учун нималарга тайёрсиз? Қаҳрамонларимиз бошқа ҳалок бўлмасликлари учун мен ҳамма нарсага тайёрман», деди Зеленский.
Сайловолди кампанияси давомида уни бир неча марта Донбассдаги «халқ республикалари» вакиллари билан музокаралар ўтказишда айблашганди. Порошенко президентлиги вақтида расмий Киев бундай музокаралар ўтказишдан бош тортар, ҳукумат «Кремлнинг малайлари» билан музокара ўтказишдан маъни йўқлигини таъкидларди.
Зеленский эса Донбассдаги урушни тўхтатиш учун мулоқотга тайёрлигини билдирди: «Бу урушни биз бошламадик, лекин биз бу урушни тўхтатишимиз керак. Мен мулоқотга тайёрман, лекин мулоқот учун биринчи қадам барча украиналик асирларнинг қайтарилиши бўлади». У айнан кимлар билан қандай мулоқот ўрнатиш ниятида эканини очиқламади.
Портретларсиз
Ўзининг инаугурация нутқини Владимир Зеленский ўзининг бу лавозимдаги иши 6 ёшли ўғлидан тортиб ҳар бир украиналикка президент бўлиш эканини айтиш билан бошлаганди.
«Қасамёд қилаётган бир мен эмас. Сизнинг ҳар бирингиз Конституцияга қўл қўймоқдасиз ва сизнинг ҳар бирингиз Украинага содиқликка қасам ичмоқдасиз», деганди Зеленский.
Бу мотивга у нутқи сўнгида яна қайтди.
«Кабинетларингизда менинг тасвирларим бўлмаслигини жуда хоҳлайман, илтимос, менинг портретларим бўлмасин, чунки президент — бут эмас, санам эмас. У ерга фарзандларингизнинг расмларини илиб қўйинг ва ҳар бир қарорни қабул қилишдан олдин уларнинг кўзларига қаранг», — деди Зеленский Олий рада минбаридан украин халқига мурожаат қилар экан.
Владимир Зеленский Украинанинг олтинчи президенти бўлди. у 21 апрель куни бўлиб ўтган президентлик сайловининг иккинчи турида 73,22 фоиз овоз тўплади ва собиқ президент Петро Порошенко устидан ғалабага эришди.
Мавзуга оид
14:45 / 26.12.2024
Захарова: Украина мустақил равишда ядро қуролини яратишга қодир эмас
11:53 / 26.12.2024
Зеленский Украинанинг Германиядаги элчисини алмаштиришга қарор қилди
08:05 / 26.12.2024
Байден Пентагонга Украинага қурол етказиб беришни тезлаштиришни буюрди
21:53 / 25.12.2024