Қабул-2019: Тест саволлари қандай тузиляпти?
2018/19 ўқув йилида абитуриентлар — академик лицей, касб-ҳунар коллеж ва мактаб битирувчилари турли дастур бўйича таҳсил олганликлари сабаб ОТМ қабул бўйича кутилаётган синовларда айнан қайси дарсликлар бўйича тест саволлари тузилиши бўйича саволлар кўпайди. Масалан, қайси ўқув режасига таяниб тестга тайёрланишлари керак? Кўпчилик ўқитувчи ва репетиторларнинг ўзлари ҳам «ўқувчим имтиҳонда билмай қолмасин» деган шубҳа ва тахминларга асосланиб, баъзи талаб этилган дарсликларга қўшимча, бошқа таълим муассасасининг дарсликларини ўқитишга ёки ўрнига ўрта махсус таълим муассасасининг дарслигини ўқитишга мажбур бўлишяпти.
Вазият шундай экан, абитуриент ўзи кирмоқчи бўлган олий таълим муассасаси мутахассислик фани бўйича барча ўрта махсус дарсликларини ўқиб чиққан бўлиб, лекин имтиҳон пайти маълумотлар хилма-хиллигига учраса, қайси жавобни белгилаши керак бўлади? Имтиҳонгача оз вақт қолган бўлса-да, ҳалигача баъзи фанлардан тест саволлари тушиш ёки тушмаслиги ҳақида аниқ маълумот йўқ бўлса, имтиҳонда абитуриент тайёрланмаган фанидан савол тушиб қолса, у дардини кимга айтади?
Ушбу ноаниқ бўлган қарашлар ва муаммоларни ўрганиш учун ўрта махсус таълим муассасаларидаги ўқитувчи, ўқув марказларидаги репетитор ва турли таълим муассасалари битирувчилари фикри билан қизиқдик.
«Дипломат» ўқув марказининг биология фани ўқитувчиси Илҳомжон Ғуломов:
«10-, 11-синфлар учун янги дарсликлар нашр этилганлиги сабабли ўқувчи-абитуриентларда тушунмовчиликлар юзага келмоқда. Биз ўқитувчилар қайси китобни ўқитишга ўйланиб қоляпмиз. Давлат тест марказининг хабарларига кўра, барча дарсликлар яъни, касб-ҳунар коллеж, академик лицей ва мактаб ўқув қўлланмаларидан тест саволлари тузилади. Биология фанидан академик лицей ва коллежларга битта дарслик тақдим этилган бўлиб, шуларни ўқитамиз, лекин мактаб ўқув қўлланмаси ҳали янги бўлганлиги учун ундан савол тушмаса керак, деб тахмин қиляпмиз. Шу фаннинг ўн-ўн биринчи синф дарслигининг баъзи жойларга янги қўшимча ва ўзгартиришлар киритилган бўлиб, агар лицей ўқувчисига мактабдан савол тушиб қолса ва ўқувчига таниш бўлмаса,унда бизнинг айбимиз бўлиб қолади, деб иложи борича ўша ўзгартиришларни ҳам қўшиб ўқитишга ҳаракат қиляпмиз. Шундан ўзимиз ҳам хавотирдамиз, чунки аниқ маълумотга эга эмасмиз, бу томонда имтиҳонга оз вақт қолди».
Жавлон Тошбоев, тарих фанидан ўқитувчи:
«Ўқувчиларимга иккала китобнинг кесишган бир хил жойини белгилаб ўқитяпман. Иккита дарслик китобларини бир хил бўлган маълумотларини ўзим белгилаб чиқиб, алоҳида дастур тайёрлаганман ва шундан дарс ўтаман. ДТМ раҳбари Мажид Каримов шу муаммо бўйича саволга, академик лицей, касб-ҳунар коллеж ва мактаб дарсликларининг ҳар биридан алоҳида ажратиб тузишга имкон йўқ, лекин тестлар барча дарсликларнинг кесишган, яъни ҳамма дарсликларда мавжуд бўлган маълумотлардан тест саволлари тузилади, деган эди. Лекин бу ҳақида расмий маълумот берилмаган.
Қамариддин Усмонов, Мойли Лафасов дарсликларини янги ўн-ўн биринчи синфлар дарслиги билан солиштириб, алоҳида қўлланма қилаётган эдим. Аммо шунчаки буни ўқувчига бериб ўқитганимиз билан ўқувчи нимани ўқиб ёдлаётганлигини ўзи билмай қолади, чунки кесишган маълумотларни танлаб берамиз.
Масалан, бир ўқув маркази фақат Мойли Лафасов дарслигини, бошқаси эса фақат 10-11-синф дарсликларини тўлиқ ўқитяпти. Ҳар бир ўқитувчи ўзининг эшитганлари ёки тахминларига қараб ўз ўқувчиларини имтиҳонга тайёрлаяпти.
Шунингдек, бу йилдан тарих тест саволларида хариталар ҳам тушиши айтилган эди. ДТМ сайтида берилган хариталар билан танишдим, у харитани ўқувчи тушуниб ёдлаши жуда қийин. Умумий ном остида бирор давлат ўрнида юзага келган шаҳарни ҳозирги харитага мослаб, соддароқ, намунавий қилиб тузилса, эплаши мумкин. «Маърифат» газетаси тарих фанидан хариталар бўйича намуна саволларни чоп этиши ҳақида хабар берганди, аммо ҳали чиқмади биз кутяпмиз».
Академик лицей тарих ўқувчиси Абдусаломов Абдуллоҳ:
«Лицей дарслигини одатда ўқиймиз, репетиторда 10-11-синф, касб-ҳунар коллежлар дарсликларини ҳам қўшиб ўрганяпмиз. Бу дарсликларда бир-икки йил фарқ қиладиган маълумотлар мавжуд, асли битта факт, лекин иккита дарсликда икки хил ёзилган. Уни фарқини билиш учун ҳам иккала китобни ўқиган бўлиш керак. Бир китобда кўрган маълумотни ёдлаймиз, кейин бошқа китобдаги фарқини кўриб, қайси бири тўғрилигини билмай кўп чалғиймиз. Бу фаннинг барча китобларини ўқишга кўп вақт кетади, бундан ташқари бошқа фанларга ҳам тайёрланиш керак».
Касб-ҳунар коллеж битирувчиси Мўминов Муҳаммадшоҳид:
«Математикадан репетиторимиз ДТМ билан боғланганида, лицей, коллеж ва мактаб дарсликларида бир хил бўлган мавзулардан савол тушади, деб айтишган. Шунга дарсликларнинг барчасида мавжуд бўлган мавзуларнигина ўқияпмиз».
Муаттар Лутфуллаева, Юридик касб-ҳунар коллежида она тили фанидан дарс беради:
«Касб-ҳунар коллежда «ўрта махсус касб-ҳунар коллежлари учун она тили ва адабиёт» дарслиги бор, биз шундан ўрганамиз. Дарслик 80 соат, бир йиллик курсга мўлжалланган бўлиб, жадвалга мувофиқ, ҳафтада бир жуфтлик дарс қўйилган. Албатта, ўқувчилар коллеж дарслигининг ўзи билан кириш имтиҳонига тайёрлана олмайди, чунки ажратилган дарс соати жуда кам, шунинг учун қўшимча репетиторларга боришга мажбур бўлишади».
Шохжаҳон, Smart Education ўқув маркази математика ўқитувчиси:
«Математика фанидан абитуриентларни имтиҳонга тайёрлайман, математикани ичида информатикадан ҳам саволлар тушади. Ўқувчига математикага тайёрланиш билан бирга компьютер тилини ўрганиш мураккаблик қилади ва бунга анча вақт кетади. Имтиҳонни йўналишга мослаштириш керак, масалан, танлаган олий таълим муассаса мутахассислиги IT ахборот технологиялари бўлса, савол қўшса бўлади ёки алоҳида информатикадан 30та савол қўйса бўлади. Агар мутахассислиги иқтисод бўладиган бўлса, иқтисодчига компьютер тилини билиш муҳим эмас, математикадан тест саволлари ичида информатикадан савол киритилишининг умуман кераги йўқ. Ўқишга кирганидан кейин математикадан анализ, таҳлил қилишни ўрганади».
Мактаб ўқувчиси Муҳаммадалиев Исмоил:
11-синф ўқувчисиман, мактабда математика дарсидан ташқари тайёрловга ҳам бораман. Аввал мактаб ўқув қўлланмаси, лицей дарслиги ва 1996-2003-йилларда тушган тест саволлари ва мавзулар тўпланмасидан мисоллар ишлаймиз.
Математика фанидан тест саволлари ичида 5та савол информатикадан тушади дейилган, мен ва ўқув курсимдаги кўпчилик абитуриентлар бунга тайёрланмаяпмиз, чунки информатикадан тест саволлари имтиҳонда тушмаслиги ҳам мумкин. Шунингдек, информатика фани математика билан боғлиқ эмас, 5та саволга жавоб топиш учун 6та дарсликни ўқиб чиқиш мураккаблик қилади ва бунга улгурмаймиз ҳам.
Барча йиғилиб қолган саволлар юзасидан Давлат тест маркази бўлим бошлиғи Улуғбек Нурмонов қуйидагиларни билдирди:
«Абитуриент ўзи битирган таълим муассасаси мактаб, академик лицей ёки касб-ҳунар коллежи ўқув дастурида қайси дарсликдан ўқиган бўлса, ўша дарслик бўйича савол тушади. Тавсия этилган адабиётлар рўйхати ДТМ сайтида берилган. Шунингдек, сайтдаги фойдали маълумотлар бўлимидан фан дарсликларини аниқ билиб олишлари мумкин. Академик лицей, касб-ҳунар коллеж ва мактаб дарсликлари, ҳаммаси кўрсатилган.
Абитуриентлар ҳужжат топширганидан кейин қайси ўрта махсус таълим, яъни мактаб, лицей ёки коллеж битирувчи дипломига қараб саволлар ажратилади.
Тарих фанидан хариталар 6-11-синфгача ёки коллеж ва лицейларда ҳам ўтилади. Савол тартиби масалан, харитада қаер кўрсатилган бўлса, ўша бўйича бирор ҳудуд «қайси жойда белгиланган, тўғри белгиланган жавобни кўрсатинг» каби саволлар билан жавобни аниқлайди. Харитада мавжуд бўлган маълумотдан савол тушади, бунда харитага «белгиланг, чизиб беринг» деган шартлар бўлмайди.
Экспертлар абитуриентларни чалғитадиган, иккилантирадиган саволлар тузмайди. Масалан,тарих фанини олиб қарайдиган бўлсак, бир маълумот дарсликларда турлича берилган, ҳатто тарих рус тилига таржима қилинган китобда ҳам баъзи фактлар бошқа дарсликдагидан фарқ қилади. Шу бўйича биз муаллифларни ҳам чақирдик, маълумотлар текширилиб, экспертиза қилинмоқда. Талабга жавоб бермайдиган маълумот бўйича тест саволлари тузилмайди. Ўқув муассасаларининг ўқув режаси ҳар хил бўлганлиги сабабли муаммолар келиб чиқмоқда. Бироқ, абитуриент ўзи тамомлаган таълим муассасасининг дастуридан ташқари бўлган дарсликларга тайёрланишининг кераги йўқ.
Математика фанидан тест саволлари ичида информатикадан саволлар тушмасин деган мазмундаги таклифни Вазирлар Маҳкамасига ва Президент администрациясига юборганмиз, лекин ҳозир аниқ жавоб йўқ, чунки лойиҳа ҳали тасдиқлангани йўқ. Тасдиқланса, ДТМ сайтида ва ОАВларда эълон қиламиз», — дейди у.
Демак, мутахассис айтганидек, абитуриентлар бемалол фақат ўзлари таҳсил олган таълим муассасасидаги дарсликлар бўйича имтиҳонга тайёрланишлари мумкин, ошиқча вақт сарфлаб бошқа дарсликларни ўқишга ҳожат йўқлиги маълум бўлди. Шунингдек, тез кунларда хариталар бўйича савол намуналари ва кечиккан информатика саволлари ҳақидаги таклиф тасдиқлангани ҳақида хабар берилиб қолса, абитуриентларнинг бошини қотираётган муаммолар ўз ечимини топади деб умид қиламиз.
Фарзона Набиева
Мавзуга оид
17:23 / 12.12.2024
Россияда мигрантлар учун рус тили ва тарих имтиҳонининг ягона нархи белгиланди
17:46 / 28.10.2024
Apple саломатлик учун фойдали иловани синовдан ўтказди
18:39 / 11.10.2024
Абитуриентлар Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигини судга берди
15:03 / 14.08.2024