Жамият | 02:13 / 29.05.2019
12042
4 дақиқада ўқилади

Зулм ўз эгасини ёмон оқибатга етаклайди

“Кун ҳадиси” дастурининг бугунги сонида тақдим этиладиган ҳадис мазмуни “Зулм - ҳаром”, деб номланади. Бу мавзу ҳақидаги ҳадисни Тошкент шаҳридаги “Хўжа Аламбардор” масжиди имом-хатиби Одилхон қори Юнусхон ўғли шарҳлаб берди.

YouTube

Tas-IX

Абу Зарр Ғифорийдан (р.а) ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ азза ва жалладан ривоят қилиб дедилар: “Аллоҳ таоло дейди: Эй фазилатли бандаларим! Мен зулмни ўзимга ҳаром қилдим, уни сизларнинг ўртангизда ҳам ҳаром этдим, бир-бирларингизга зулм қилмангиз. Эй бандаларим! Барчаларингиз залолатдасизлар. Фақат мен ҳидоят этганларгина бундан мустасно. Мендан ҳидоят тиланг, сизларни ҳидоятга йўллайман.

Эй бандаларим! Барчангиз очсизлар, фақат мен таом берганларгина бундан мустасно. Мендан таом сўрангиз, сизларга таом бераман.

Эй бандаларим! Барчаларингиз яланғочсизлар, фақат мен кийинтирган кишигина яланғоч эмас. Мендан кийим сўранглар, сизларни кийинтираман.

Эй бандаларим! Сизлар кеча-ю кундуз хато қиласизлар, мен барча гуноҳларни мағфират этаман. Мендан мағфират тилангиз, сизларни мағфират қиламан.

Эй бандаларим! Сизлар менга зарар етказиш даражасига ҳеч қачон етолмайсизларки, менга зарар етказсангизлар, менга фойда етказиш даражасига ҳам ҳеч қачон ета олмайсизларки, менга фойда етказсангизлар.

Эй бандаларим! Агар аввалингиз-у охирингиз, инс-у жинларингиз орангиздаги энг тақводор инсоннинг қалбидек бўлсангиз ҳам, бу менинг мулкимга ҳеч нарса зиёда қилмас. Эй бандаларим! Агар аввалингиз-у охирингиз, инсу жинларингиз орангиздаги энг фожир инсоннинг қалбидек бўлсангиз ҳам, бу менинг мулкимга ҳеч нарсани камайтириб қўймайди. Эй бандаларим! Агар аввалингиз-у охирингиз, инсу жинларингиз бир жойга тўпланиб, мендан ҳожатларини сўрасалар ва мен уларнинг ҳар бирига сўраган нарсасини берганимда ҳам, бу ҳузуримдаги нарсаларни камайтирмайди. Магарам, эгни денгизга ботирилганда, ундан қанча сувни камайтирадиган бўлса, ўшанча миқдорда камайтиради холос.
Эй бандаларим! Булар сизнинг амалларингиз холос. Мен уларни ҳисоблаб қўяман ва шунга қараб сизларга тўлиқ жазо ёки мукофот берурман. Ким яхшиликни топса, Аллоҳга ҳамд айтсин. Ким бошқа нарса топса, фақат ўзини маломат қилсин”.

Имом Муслим ривояти.

Аллоҳ зулмни ўзига ҳаром қилди. Шу билан бирга, бандалари учун ҳам ҳаром қилди. Уламоларимизнинг айтишича, зулм икки хил бўларкан. Биринчиси, ўзига зулм қилишлик. Мазкур зулмнинг энг даҳшатлиси, Аллоҳ таолога ширк келтирмоқлик экан. Иккинчиси эса, бошқа бировга зулм ўтказишлик экан. 

Одамлар ўртасида адолат ўрнатиш, зулмга бутунлай барҳам бериш шак-шубҳасиз динимизни, шаффоф бўлган Исломнинг энг олий мақсадларидан бири эканлигини ҳеч қачон унутмаслигимиз лозим. Зулм қилган одам хотиржам бўлмасин. Аллоҳ таоло буларнинг барчасига гувоҳ бўлиб турганини ҳеч қачон ёдимиздан кўтармаслигимиз лозим. 

 

Мавзуга оид