Вазир: Ўзбекистонда 13,5 млн фуқародан атиги 40 фоизи расман ишламоқда
Ўзбекистон Миллий матбуот марказида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Шерзод Қудбиев иштирокида “Ўзбекистонда меҳнат соҳасини янада такомиллаштириш бўйича олиб борилаётган чора-тадбирлар ва натижалар” мавзусига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтмоқда.
Kun.uz мухбирининг хабар беришича, анжуманда Ўзбекистон меҳнат бозорини ислоҳ этиш бўйича сўнгги икки йил ичида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида ахборот берилмоқда.
Шерзод Қудбиевнинг айтишича, Ўзбекистонда бандликнинг таркибий ҳолати яхши эмас. 13,5 млн меҳнат қилаётган фуқародан атиги 40 фоизи расман ишлайди, қолганлар эса норасмий шаклда ўз фаолиятини юритади.
“Бу меҳнат қонунчилигидаги ҳақ-ҳуқуқларидан фойдаланиш имкони бермаяпти. Бизга, қанчалик аччиқ бўлмасин, шундай мерос қолди. 25 йилда шундай аҳволга тушиб қолдикки, ҳатто замонавий комбайн ёки тракторларни бошқара оладиганларни топиш қийин бўляпти.
Яна бир нарса, ўтган йилларда ишсизларга ишсизлик нафақаси қонунда белгиланганига қарамай берилмаган. Бугунги кунда ишсизлик нафақасини 16 минг одам оляпти. Ишсизлик нафақаси олувчилар ўтган йилга нисбатан 7 фоизга кўпайди”, - деди вазир.
Очиқ мулоқот тарзида ўтказилаётган матбуот анжуманида меҳнат соҳасидаги мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш чора-тадбирлари хусусида фикр юритиляпти. Шунингдек, мавзу доирасида ОАВ вакиллари билан савол-жавоблар ўтказилмоқда.
Мавзуга оид
18:19 / 07.12.2024
Ёшларга Work & Travel дастурлари харажатлари учун ссуда ажратилади
16:18 / 29.11.2024
Ўзбекистон меҳнат бозорида талаб энг юқори бўлган мутахассисликлар аниқланди
07:50 / 02.11.2024
Бандлик вазирлиги ишсизлик даражаси камайганини маълум қилди
07:50 / 25.10.2024