Жаҳон | 11:02 / 08.06.2019
18451
2 дақиқада ўқилади

Тожикистонда Роғун ГЭСнинг иккинчи агрегати ишга туширилди

Фото: Тожикистон президенти матбуот хизмати

Роғун ГЭСнинг иккинчи агрегати тест режимида, яъни электр энергиясини ишлаб чиқармайдиган ҳолда ишга туширилди. Бу ҳақда «Озоди» хабар бермоқда.

«Азия-Плюс» агентлигининг 7 июнь куни ҳукуматдаги манбасига таяниб хабар беришича, «иккинчи агрегат паст қувватда ишга тушади» ҳамда иккинчи агрегатнинг расмий равишда ишга туширилиши бўйича аниқ сана ҳали маълум эмас.

Роғун ГЭСнинг иккита агрегати вақтинча ишга туширилиши ва 2021 йилгача электр энергиясини ишлаб чиқариши керак, шундан сўнг улар режалаштирилган тарзда алмаштирилади.

ГЭСнинг биринчи агрегати 2018 йил 16 ноябрда расмий равишда ишга туширилди, аммо жорий йилнинг март ойида тўхтатилди ҳамда ҳукумат бир неча ҳафталик сукутдан сўнг «сув омборидаги сув тушириб юборилгани» ҳақидаги миш-мишни тасдиқлади. Амалдорларнинг сўзларига кўра, сув «профилактика ишларини ўтказиш ва ГЭС биринчи агрегати ҳолатини текшириш учун» туширилган.

Бу вазият жорий йил апрель ойида ишга туширилиши керак бўлган ГЭСнинг иккинчи агрегати бўйича муддатларга таъсир кўрсатди.

Бундан олдин, Роғун ГЭСда таъмирлаш ишларидан кейин сув омборини тўлдириш бошлангани хабар қилинганди.

Мавзуга оид