Жамият | 19:10 / 15.06.2019
8487
3 дақиқада ўқилади

МДХАИнинг Тошкeнт шаҳридаги филиалига ҳужжатларни қабул қилиш бошланди

Фото: Dreamstime

15 июндан Москва давлат халқаро муносабатлар институтининг (МДХАИ) Тошкент шаҳридаги филиалига бакалавриат ва магистратура абитуриентлари ҳужжатларини қабул қилиш бошланди. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати хабар берди.

Маълумот берилишича, абитуриентлар қуйидаги ҳужжатларни тақдим этиши лозим:

- ариза;

- анкета;

- шахсни тасдиқловчи ҳужжат: асл нусхаси + 1-саҳифанинг нотариал тасдиқланган таржимаси + 1-саҳифа нусхаси;

- таълим тўғрисидаги ҳужжат ҳамда унинг фанлар ва якуний баҳолар кўрсатилган иловаси: асл нусхалари + нотариал тасдиқланган таржималар + нусхалари (агар аттестат Россия намунасида бўлса – асл нусхалари + нотариал тасдиқланган нусхалари + оддий нусхалари);

- таълим тўғрисидаги чет эл ҳужжатини МГИМОда тан олиш тўғрисида нострификатсия қилиш учун ариза (ҳужжатларни топширишдан олдин мамлакатингиздаги таълим тўғрисидаги ҳужжатга консуллик расмийлаштируви ёки апостил керак эканлигини текширинг);

- тиббий ҳужжатлар:

сурункали касалликлар ҳақида маълумотнома (086-У шакл),

ОИВ-инфекциясининг йўқлиги тўғрисидаги сертификат,

РW (сифилис) бўйича текширув натижалари,

гепатит Б бўйича текширув натижалари,

эмлаш санаси кўрсатилган ҳолда тиббиёт муассасаси муҳри билан тасдиқланган эмлашлар бўйича тиббий хулоса, рентген-флюорография текшируви хулосаси;

- 3×4 ўлчамдаги 6 та фотосурат.

15 июндан 1 июлга қадар “Бизнес-информатика” йўналиши бўйича бакалавриатга ҳамда 15 июндан 20 июлга қадар “Юриспруденция” ва “Бизнес-информатика” йўналишлари бўйича магистратурага ҳужжатларни топшириш мумкин бўлади.

Бакалавриат абитуриентлари рус тили, хорижий тил (инглиз, француз ёки немис тили) ва математика фанидан кириш синовларидан ўтишлари шарт.

Магистратурага топширувчилар учун кириш синовлари портфолио танлови (ҳужжатлар тўплами) ва мотивацион иншодан иборат.

2019/2020-ўқув йилида тўлов-шартнома асосидаги ҳар бир таълим йўналишига 25 тадан жой ажратилган.

Ушбу университет ўз фаолиятини 2018 йил октябрь ойида Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ва МГИМО ўртасида имзоланган Ўзбекистонда МГИМО филиали фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги битимга ва МГИМОнинг Тошкент шаҳридаги филиали фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги Ўзбекистон президентининг қарорига мувофиқ олиб боради.

Мавзуга оид