Хорижлик журналистлар «Навоий» эркин иқтисодий зонаси билан таништирилди
Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган бир қатор хорижий ОАВ вакиллари «Навоий» ЭИЗда бўлиб, шароитлар билан танишди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.
«Навоий» ЭИЗ ва Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси ташаббуси билан ташкил этилган тадбирда Буюк Британиянинг «Рейтер», Туркиянинг TRT телевидениеси, Хитойнинг «Синьхуа», Россиянинг ТАСС ва «Интерфакс», Эроннинг «Fars news» каби халқаро ахборот агентликлари ҳамда ХХРнинг «Цзинцзи Жибао» иқтисодий газетаси вакиллари ва маҳаллий ОАВ журналистлари иштирок этди.
Матбуот анжумани олдидан меҳмонлар иқтисодий зонадаги кабель ҳамда алюминий профиль ишлаб чиқаришга ихтисослашган иккита йирик корхонанинг фаолияти билан танишишди. Шундан сўнг вилоят ҳокими ўринбосари Ўктам Исломов, «Навоий» ЭИЗ директори Ҳабиб Абдуллаев, «Навоий» халқаро аэропорти директори Темур Бобоев журналистларга иқтисодий зонанинг салоҳияти, бу ерда фаолият юритувчи бизнес субъектлари учун яратилган шароитлар ва берилган имтиёзлар, логистика маркази ва юк ташиш имкониятлари ҳақида батафсил маълумот берди.
Хусусан, «Навоий» ЭИЗ директори Ҳ.Абдуллаев ҳозирги кунда ҳудудда ҳар бири 2-3 та лойиҳани амалга ошираётган 44 та резидент рўйхатдан ўтгани ҳақида маълумот бериб, президентнинг фармонига асосан Навоий вилояти ҳудуди кейинчалик белгиланган тартибда муддатини узайтириш имконияти билан 2030 йил 1 январга қадар инновацион, юқори технологияларга асосланган, экспортга йўналтирилган ва импорт ўрнини босадиган ишлаб чиқаришлар учун эркин иқтисодий зона этиб белгиланиши муносабати билан яратилган имкониятлар ҳақида тақдимот қилди.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 15 май куни эълон қилинган «Навоий вилоятини инновацион, юқори технологияларга асосланган, экспортга йўналтирилган ва импорт ўрнини босадиган ишлаб чиқаришлар учун эркин иқтисодий зона сифатида белгилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонидан сўнг вилоятнинг иқтисодий салоҳияти юксалади. Эндиликда бутун вилоятда бизнес юритиш учун қулай шарт-шароитлар яратилиб, инновацион тадбиркорлик ва юқори технологияларга асосланган саноат ривожланади, ҳудудда минерал хом ашё ресурсларини чуқур қайта ишлаш ҳамда ички ва ташқи бозорларда рақобатбардош маҳсулотларни ишлаб чиқариш бўйича қўшимча қувватлар ташкил этилади.
«Навоий» халқаро аэропорти директори Т.Бобоев Марказий Осиёнинг юрагида жойлашган интермодал логистика марказининг имкониятлари ҳақида маълумот берди. Интерфаол шаклда ўтган учрашувда халқаро журналистлар кўплаб ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.
— «Навоий» ЭИЗнинг фаолияти ва бу ерда амалга оширилаётган бугунги жараёнлар билан танишиш менга қувонч бағишлади, — дейди Эроннинг «Fars news» ахборот агентлиги мухбири Ш.Авеметов. — Тажрибамга таяниб айтишим мумкинки, журналистлар мамлакатнинг манфаатлари ва истиқболларини тарғиб қилувчи соҳалар вакилларидан ҳисобланади. Мамлакатларимиз ўртасида иқтисодий зона мақомини олган Навоий вилояти имкониятлари доирасида ҳамкорлик алоқалари ривожланаётганидан хурсандман.
Мавзуга оид
16:07 / 03.12.2024
Савдо-саноат палатаси Навоий вилояти ҳудудий бошқармасига янги раҳбар тайинланди
19:25 / 02.12.2024
Навоийда пора олган ИИБ ходими озодликдан маҳрум қилинди
12:16 / 01.11.2024
Навоийда одамлар даромадини кўпайтириш масаласи кўриб чиқилди
21:27 / 31.10.2024