Самарқандда Ўзбекистондаги энг катта ҳарбий полигон қуриляпти
Марказий ҳарбий округидаги «Каттақўрғон» полигонида Самарқанд вилояти ҳарбий-маъмурий сектори билан ҳамкорликда ҳудуди ва салмоғи жиҳатидан Ўзбекистондаги биринчи рақамли ҳарбий полигон барпо этиляпти. Бу ҳақда Марказий ҳарбий округ матбуот хизмати маълум қилди.
Каттақўрғон шаҳридан 200 км узоқликдаги полигонда олиб борилаётган қурилиш ишлари жорий йилнинг 25 май кунидан бошланиб, шу вақтга қадар 13 млрд. сўм маблағ сарфланган. Яна шунча маблағ ҳисобидан полигон ҳудудида 16 та ҳарбий ва ижтимоий объектларда капитал таъмирлаш ҳамда 4 та янги бинони жиҳозлаш ишлари йўлга қўйилган. Шу билан бирга 1200 нафар ҳарбий хизматчи учун ётоқхона барпо этилган.
Жанговар техникалар паркида 150 дан зиёд ҳарбий техникалар учун очиқ майдон ҳамда ёпиқ бинолар барпо этилмоқда.
Полигоннинг катта қисми ҳарбий-маъмурий сектор ёрдамида, 40 га яқин ўқув нуқталари эса ҳарбий хизматчиларнинг машғулотларидан бўш вақтларда бунёд этилмоқда. Эски полигондан фарқли томони бир вақтнинг ўзида барча мутахассисликлар ҳамда қўшин турлари бир-бирига халақит қилмай ўз истеҳкомларидан машғулотларга киришади.
Бундан ташқари, дала майдонида реал жанг манзарасини гавдалантириш мақсадида авиация зарбалари учун ҳарбий ҳисобдан чиқарилган 18 та танк ва техникалар, шунингдек, артиллерия бўлинмалар учун махсус нишонлар қўйилган. Жанговар техникалардан отиш йўналишларида замонавий жанг тактикасидан келиб чиқиб, қисқа сонияларда манёвр қўллаш объектлари қуриляпти. Барча куч-воситаларини бошқариш, ҳамкорликдаги ҳаракатларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 3 қаватдан иборат қўмондонлик кузатув минораси барпо этилмоқда. Келгусида Ўзбекистон мезбонлик қиладиган Халқаро мусобақаларни баъзилари ҳам айнан мана шу полигонда ўтказилиши кўзда тутилган.
Шунингдек, полигонда замонавий ахборот технологияларидан кенг фойдаланиш мақсадида оптик толали кабеллар тортилди. Ер остидан сув қазиб чиқарилди. Округ бошқарув аппарати ташаббуси билан аскарлар учун кўргазмали ўқув шаҳарча бунёд этилди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда дала ўқув майдонлари бўйича Марказий ҳарбий округига қарашли “Каттақўрғон” ва “Фориш” биринчи ва иккинчи ўринда, “Фарғона” полигони эса учинчи ўринда туради.
Мавзуга оид
09:09 / 20.12.2024
Самарқандда 19 ёшли аёл 16 ёшли қизни калтаклади
19:07 / 18.12.2024
Самарқандда автобус пиёдани уриб юборди
07:24 / 17.12.2024
Жиззах ва Самарқанд вилояти ҳокимларига ўринбосарлар тайинланди
19:08 / 16.12.2024