Жамият | 09:00 / 22.07.2019
16958
4 дақиқада ўқилади
Реклама

«Навоий» ЭИЗда «AKFA PRODUCTION FACILITIES» экспорт географиясини кенгайтирмоқда

«Навоий» эркин иқтисодий зонаси 2008 йилда Навоий вилоятининг Кармана туманида ташкил этилган эди. Бугунги кунда бу умумий майдони 645 гектарни ташкил этган, ривожланган муҳандислик инфратузилмаси ва қулай логистика имкониятларига эга йирик индустриал майдончадир. 2019 йил 15 майдаги Президент фармони билан Навоий вилояти ҳудуди кейинчалик белгиланган тартибда муддатини узайтириш имконияти билан 2030 йил 1 январга қадар инновацион, юқори технологияларга асосланган, экспортга йўналтирилган ва импорт ўрнини босадиган ишлаб чиқаришлар учун эркин иқтисодий зона этиб белгиланди.

 2019 йилнинг 14 июлида «Навоий» ЭИЗда «AKFA PRODUCTION FACILITIES» янги ишлаб чиқариш мажмуасининг тантанали очилиши бўлиб ўтди.  Компаниянинг Германия, Туркия, Россия ва  бошқа мамлакатлардаги ҳамкорлари тадбирнинг фахрли меҳмонлари бўлиб иштирок этишди.

Янги «AKFA PRODUCTION FACILITIES» ишлаб чиқариш мажмуасининг умумий майдони 250 гектарни ташкил этади. Қурилишнинг биринчи босқичи якунланди ва айни пайтда объектда йиллик ишлаб чиқариш қуввати 50 000 тоннага тенг бўлган, 300 ходим ишлаб келаётган алюминий экструзия ишлаб чиқариш, ҳамда 650 иш ўрни яратилган, йиллик қуввати 55 200 тоннага тенг ПВХ профили ишлаб чиқариш заводлари фаолият юритмоқда. Бунда алюминий профилининг ишлаб чиқариш майдони 60 000 м2, ПВХ профилининг ишлаб чиқариш майдони эса 22 344 м2 ни ташкил этади.

Компания ISO 9001:2015 халқаро сифат менеджменти сертификациясидан муваффақиятли ўтган.

Очилиш маросимида AKFAGROUP бош директори  Ғаниев Аброр Ахралович чиқиш қилиб, яқин йиллар учун компаниянинг режалари ҳақида гапириб берди:

Ғаниев Аброр Ахралович

«Йил давомида биз ўз маҳсулотларимизнинг модель қаторини сезиларли равишда кенгайтиришни режалаштирмоқдамиз. Шу йилнинг охирига қадар экономдан премиум сегментгача яна 14 та янги профиль тизимлари пайдо бўлади. Аммо эришилган марраларда тўхтаб қолиш ниятида эмасмиз – AKFA олдида биз сизлар билан бирга боришни режалаштираётган янги улкан вазифалар ва мақсадлар турибди. Биз йилига 100 000 тонна алюминий профилини етказиб беришни режалаштирмоқдамиз».

Ғаниев Аброр Ахралович ва Турсунов Қобил Бекназарович

Навоий вилояти ҳокими Турсунов Қобил Бекназарович меҳмонларни объектнинг очилиши билан қутлади ва «AKFA PRODUCTION FACILITIES» ишлаб чиқариш мажмуасининг алоҳида хизмат кўрсатган ходимларини мукофотлади. Тантанали қисмдан сўнг меҳмонларни ишлаб чиқариш жараёнларининг кўлами ва барча босқичлари билан янада батафсил таништириш учун ишлаб чиқариш объектлари бўйича  экскурсияга таклиф этишди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев кўп бора экспортбоп маҳсулотлар таркибини диверсификация қилиш, экспортда хомашё бўлмаган маҳсулотлар улушини камида 60 фоизга етказиш, экспортёрларни молиявий қўллаб-қувватлаш зарурлигини таъкидлаб келадилар. Бу борада AKFA компанияси катта муваффақиятларга эришди: маҳсулотларнинг экспорт географияси сезиларли равишда кенгайди. Бугунги кунда «Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган» ёрлиғи билан AKFA маҳсулотлари Озарбайжон, Қирғизистон, Қозоғистон, Туркманистон, Тожикистон, Россия, Польша, Украина, Канада, шунингдек АҚШга юборилмоқда.

Реклама ҳуқуқи асосида

Мавзуга оид