Жамият | 12:12 / 26.07.2019
33614
8 дақиқада ўқилади

«Навоийазот» ҳавони ифлослантиришидан аҳоли азият чекмоқда

Навоий шаҳрида жойлашган «Навоийазот» акциядорлик жамияти қишлоқ хўжалигида зарур бўлган азотли ўғитлар ва бошқа турдаги кимё воситалари ишлаб чиқаради. Унинг мамлакатимиз кимё саноатида тутган ўрни беқиёс, бу шубҳасиз.

Лекин ушбу заводдан чиқаётган заҳарли ҳаво Навоий шаҳри ва заводга яқин ҳудудлар аҳолисининг муттасил эътирозларига сабаб бўлмоқда.

Жумладан, Kun.uz таҳририятига ҳам Навоий шаҳридаги маҳаллалар аҳолисидан бу масала бўйича кўплаб мурожаатлар келиб тушмоқда.

Уларнинг таъкидлашича, заводдан чиқаётган ҳид ва заҳарли ҳаво туфайли улар нафас олишга қийналмоқда. Айниқса, ёзнинг ҳозирги жазирама кунларида бу ҳол чидаб бўлмас даражага етган.

Аҳолини бир неча йиллардан буён қийнаб келаётган ушбу муаммо юзасидан вилоятда тегишли ташкилотлар томонидан зарур чора-тадбирлар олиб бориляптими?

Навоий вилояти экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг мазкур масала юзасидан маълумот беришича, «Навоийазот» АЖдан чиқарилаётган зарарли газлар ва ёқимсиз ҳидлар безовта қилаётгани тўғрисида бошқармага ҳам кўплаб шикоятлар тушган. Масала юзасидан тегишли чоралар кўрилмоқда. Жумладан, завод санитар лабораторияси томонидан режа-жадвал асосида кечаю-кундуз белгиланган соатларда жамиятнинг санитар ҳимоя ҳудуди, Кармана тумани «Айрончи» маҳалласи ҳудуди, вилоят ҳокимлиги биноси ёнидан таҳлил намуналари олинади.

Навоий шаҳар атмосфера ҳавоси доимий равишда вилоят гидрометеорология бошқармаси томонидан 24 соат давомида белгиланган учта постда 8 хил ингридиентларга намуналар олиниб, таҳлил қилинади. Таҳлил натижалари бошқармага доимий равишда назорат учун тақдим этиб борилади.

Об-ҳавода ноқулай метеорологик шароит вужудга келганда яъни ҳавонинг тинч ҳолатида (штиль), шамол ўз йўналишини шаҳар томонга ўзгартирганда атмосфера ҳавоси таркибида ноорганик чанг, азот оксидлари ва аммиак моддалари мавжудлиги кузатилган.

Бундай шароитда атмосфера ҳавосининг табиий таркибини сақлаш мақсадида «Навоийазот» АЖ ишлаб чиқариш цехлари огоҳлантирилади ва ноқулай метеорологик шароитда белгиланган тартиб асосида I-II-III-режимларга ўтилади. Ноқулай метеорологик шароитда бажариладиган чора-тадбир режалари тузилиб, бошқарма билан келишилган.

Шунингдек, бошқарма томонидан берилган маълумотда таъкидланишича, жорий йил 19 июль куни «Навоийазот» АЖ санитар лабораторияси ходимлари томонидан завод ҳудудининг атмосфера ҳавосидан намуналар олиниб таҳлил қилинганда, хлор моддасининг рухсат этилган концентрацияси 1 мг/м3 бўлиши белгиланган бўлса-да, амалда 2 мг/м3 ташкил этиб, белгиланган меъёрдан 2 баробар юқори ҳолат қайд қилинган.

Заводнинг 107-цех ҳудудидан намуналар олиб, таҳлил қилинганда хлорид кислотаси миқдори 5 мг/м3 белгиланган бўлса-да, амалда 8 мг/м3 ни ташкил этиб, белгиланган меъёрлардан 1,6 баробар юқорилик ҳолати қайд этилган.

Навоий шаҳар гидрометеорология бошқармасига қарашли атмосфера ҳавосининг мониторингини олиб бориш кузатув лабораторияси (ЛМЗАВ) томонидан шу куни кузатув постларида атмосфера ҳавосидан намуналар олиниб таҳлил қилинганда, азот оксидларининг миқдори 0,09 мг/м3 ни ташкил этиб (меъёр-0.04 мг/м3), белгиланган меъёрлардан 2,25 баробар, аммиак миқдори 0,08 мг/м3 ни ташкил қилиб (меъёр-0,04 мг/м3) 2 баробар юқорилик ҳолати қайд этилган. Худди шундай ҳолат 3-постда (Қизилқум кўчасидаги кузатув постида) қайд қилинган, яъни азот оксидларининг миқдори 0,10 мг/м3 ёки (меъёр-0,04 мг/м3) 2,5 марта юқорилиги аниқланган.

Аниқланган ушбу ҳолатлар аҳоли яшаш пунктларида ифлослантирувчи моддалар концентрацияси белгиланган меъёрлардан юқори кўрсаткичдир.

Бошқарма мутахассисларининг таъкидлашича, бу каби салбий ҳолат келиб чиқишига ҳаво ҳарорати кескин кўтарилиб кетиши, шамол тезлигининг пастлиги сабабли зарарли газларни тарқалиши қийинлашиши сабаб бўлмоқда.

Маълум бўлишича, зарарли газларни тозалаш ва ушлаб қолиш учун керакли эҳтиёт қисмлар алмаштирилиши шарт бўла туриб, корхона томонидан вақтида алмаштирилмаган. Эҳтиёт қисмларни чет элдан сотиб олиш учун белгиланган тартибда «UZKIMYOIMPEKS» МЧЖга буюртмалар юборилган. Лекин атмосфера ҳавосига зарарли моддалар кескин камайишини таъминлайдиган клапан-регуляторлар, газ ёниш жараёнларининг грануляция ускунаси ВВГ-500, АВК-10 катализаторлари каби ускуна ва эҳтиёт қисмлар олиб берилмаган.

Шу сабаблар ва ҳаво ҳарорати кескин кўтарилиши натижасида жорий йил 19 июль кун «Навоийазот» АЖга тегишли 140-подстанцияда ҳарорат кўтарилиб, трансформатор авария ҳолатида тўхтаб қолган.

Бунинг оқибатида вентиляторлар ва насослар ишдан чиқиб, заводнинг 1-тоифали хавфли суюқ хлор, хлор маҳсулотлари ва каустик сода ишлаб чиқариш комплекси бўлган 107-цехидаги қувурда ёриқ пайдо бўлиб, хлорид кислотаси тўкилишига олиб келган. Хлорид кислотаси парлари бир муддат вақт атмосфера ҳавосига ажралиб чиқиши давом этган. Хлорид кислота парлари атмосфера ҳавосига кўтарилишининг олдини олиш мақсадида сув ва оҳак билан нейтралланиб авария ҳолати бартараф қилинган.

Айнан юқоридаги салбий ҳолатлар туфайли ҳаво ифлосланиб, аҳолига кўплаб ноқулайликларни келтириб чиқармоқда ва уларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.

Маълум бўлишича, 2019 йилнинг июль ойида кунлар исиб кетиши муносабати билан атмосфера ҳавосига ташланаётган зарарли газларни камайтириш мақсадида бошқарма ва «Навоийазот» АЖ келишувига асосан 2019 йилнинг 18 июлдан ҳаво ҳарорати баланд бўлиши, шамол умуман тўхтаб қолишини инобатга олган ҳолда эрталаб соат 4:00дан соат 9:00гача цехларда ишлаб чиқаришнинг айрим жараёнлари бутунлай тўхтатилади.

Аҳоли эътирозлари юзасидан «Навоийазот» АЖ масъул ходими С.Нурназаровдан изоҳ сўрадик.

«Завод қурилганига анча йиллар бўлган. Технологиялар эскирган. Шу жиҳатлар ҳаво ифлосланишига сабаб бўлмоқда. Ҳозирда «Навоийазот» АЖда Президент қарорлари асосида янги технологияларни жорий қилиш бўйича йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда. Хитой технологияси асосида поливинилхлорид (ПХВ), каустик сода ва метанол ишлаб чиқариш мажмуаси, Япония технологияси асосида аммиак ва карбамид ишлаб чиқаришлари қурилиши ва Швейцария технологияси асосида азот кислотаси ишлаб чиқаришни ташкиллаштириш лойиҳалари шулар жумласидандир.

Швейцария технологияси асосида азот кислотаси ишлаб чиқариш корхонаси жорий йил охирида ишга тушиши билан эски аммиак ишлаб чиқариш 1 ва 2 навбати ва азот кислотаси ишлаб чиқариш цехи (5-цех) фаолияти тугатилади. Поливинилхлорид (ПХВ), каустик сода ва метанол ишлаб чиқариш мажмуаси жорий йилнинг 3-чорагида ишга тушиши билан 107-цех капитал таъмирлаш учун тўлиқ тўхтатилади. Бу тадбирлар амалга оширилиши натижасида атмосфера ҳавосига ташланадиган азот оксидлари, аммиак, хлорид кислотаси миқдори кескин камаяди», – дейди Нурназаров.

Айни вақтда «Навоийазот» АЖда 8 мингдан зиёд ишчи-ходимлар меҳнат қилар экан. Хўш, заводдан чиқаётган зарарли газлар аҳолини шунчалик қийнаётган экан, ишчи-ходимлар соғлиғи ҳимоясига қанчалик эътибор қилинган?

Нурназаровнинг таъкидлашича, ишчи-ходимлар зарур ҳимоявий воситалар билан таъминланган. Истеъмол қилаётган таомлари ҳам уларнинг саломатлиги ҳимоясига асосланган. Сут маҳсулотлари доимий бериб борилади. Ишчи-ходимларнинг соғлиғини тиклаш ва даволаниши доимий эътиборда ва улар йилда бир марта тиббий кўрикдан ўтишади.

Юқоридаги ҳолатлардан кўриниб турибдики, аҳоли эътирозлари асосли. «Навоийазот» АЖдан чиқаётган заҳарли газлар ва ёқимсиз ҳидлар туфайли аҳоли нафас олишдан қийналмоқда. Айниқса, жазирама кунларда бу ҳолатга чидаб бўлмайди. Корхона мутасаддиси эса янги лойиҳалар ишга тушиши билан бу муаммолар бартараф этилишини таъкидламоқда.

Бардошбек САМАД ўғли,

Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид