Жаҳон | 09:40 / 04.08.2019
5805
2 дақиқада ўқилади

АҚШда Ҳондурас президенти оғуфурушларни ҳимоялашда айбланди – ОАВ 

Фото: AFP 2019 / RODRIGO ARANGUA

Нью-Йорк федерал прокурорлари Ҳондурас президенти Хуан Орландо Эрнандесни гўёки у ўз укаси ва мамлакатдаги бошқа сиёсатчилар билан бирга оғуфурушларни ҳимоялаш мақсадидаги тил бириктиришда иштирок этаётганликда айблашди. Бу ҳақда Wall Street Journal нашри хабар берди. 

Нашр маълумотларига кўра, прокурорлар томонидан илгари сурилаётган айбловлар Ҳондурас президенти укаси, АҚШда судланиши кутилаётган Хуан Антонио Эрнандесга нисбатан қўзғатилган иш тафсилотлари келтирилган суд ҳужжатларида баён этилган. Таъкидланишича, Ҳондурас президентининг укаси ушбу ҳужжатларда “кўп тонналик” гиёҳванд моддалар партияси билан ишловчи оғуфуруш деб аталган.

Прокурорларнинг фикрича, гиёҳванд моддалар айланмасидан ноқонуний олинган 1,5 млн доллар гўёки Эрнандесни 2013 йилда бўлиб ўтган президент сайловлари давомида қўллаб-қувватлаш учун ишлатилган. Ҳужжатга кўра, “собиқ гондураслик амалдор ва оғуфуруш” ҳисобланган гувоҳ маҳаллий сиёсатчиларга “Эрнандес кампаниясини қўллаб-қувватлаш учун” пора ва совғалар берилганини маълум қилган. 

Таъкидланишича, Ҳондурас президенти унга қўйилаётган айбловларни қатъиян рад этмоқда. Таъкидлаш жоиз, Оқ уй ва АҚШ давлат департаментида Эрнандеснинг кокаин айланмасига қарши ва қотилликлар сони пасайишидаги хизматлари алоҳида қайд этиб ўтилган. 

Мавзуга оид