Ўзбекистон | 14:42 / 06.08.2019
4406
2 дақиқада ўқилади

Абдулазиз Комилов TIKA раиси билан учрашди

Фото: ТИВ ахборот хизмати

2019 йилнинг 6 август куни Анқара шаҳрида Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (TIKA) раиси Серкан Каялар билан учрашди.

Учрашув чоғида таъкидланганидек, TIKA 1992 йилдан бери Ўзбекистонда иқтисод, савдо, техник, таълим, ижтимоий ва маданий дастурларни ҳамда ўзаро ҳамкорлик бўйича қатор лойиҳаларни амалга ошириш соҳаларида фаолият юритиб келмоқда. Ўтган давр мобайнида TIKA томонидан қиймати 40 млн. АҚШ долларидан кўпроқ бўлган 800 дан ортиқ техник кўмак грант лойиҳаларини амалга оширди. 2019 йил якунларига кўра ушбу кўрсатгичнинг сезиларли даражада ўсиши кутилмоқда. TIKA раиси собиқ ўринбосари Меҳмет Сурейя Эрнинг Ўзбекистонга элчи этиб тайинланиши ҳам мамлакатимиздаги Туркия техник кўмак лойиҳаларининг ҳажми ва сифатининг янги даражага олиб чиқилишидан дарак берувчи белги деб қаралмоқда.

TIKA’нинг Ўзбекистондаги биз учун муҳим бўлган лойиҳаларидан бири мамлакатимизда Истанбулнинг «Гебзе» ташкилий саноат зонаси филиали очилиши ҳисобланади. Бу лойиҳанинг амалга оширилиши икки томон учун ҳам узоқ муддат давомида натижа келтирувчи манфаатли қадам бўлади, мамлакатимизда Туркия тадбиркорларининг инвестицион ва ишлаб чиқариш фаолияти учун янги шароитларни яратади.

Учрашув якунида Ўзбекистоннинг тегишли муассасалари билан иқтисодиёт, маданият, таълим, соғлиқни сақлаш, атроф-муҳитни ҳимоя қилиш, туризм соҳаларида ва бошқа қатор ижтимоий аҳамиятга эга йўналишларда TIKA’нинг лойиҳалар ва техник кўмак дастурларини амалга ошириш доирасидаги ҳамкорлигини фаоллаштириш тўғрисида келишувга эришилди.

Мавзуга оид