Жаҳон | 10:55 / 26.08.2019
38586
2 дақиқада ўқилади

G7 саммитида Россия сабабли Трамп билан низо чиқди – ОАВ 

Фото: REUTERS

АҚШ президенти Дональд Трамп “Катта еттилик” саммитида Россиянинг ташкилотда иштирок этиши борасида қолган давлатлар етакчилари билан низолашиб қолди. Бу ҳақда ўз манбаларига иқтибос келтирган ҳолда The Guardian нашри хабар берди. 

Нашр маълумотларига кўра, саммит ўтган Франциянинг Биарриц шаҳридаги кечки овқатда Трамп Россияни “Катта саккизлик”ка қайтаришга чақирган. Унинг таклифини Италия бош вазири Жузеппе Конте қўллаб-қувватлаган. Бироқ Буюк Британия, Германия, Канада ва Франция етакчилари ҳамда Еврокенгаш раиси Дональд Туск бунга қарши чиқишган. Япония бош вазири Синдзо Абэ бетарафлик билдирган.

Манбанинг таъкидлашича, шу онда “вазият таранглаша бошлаган”. Унинг айтишича, “Катта еттилик” етакчилари ташкилот либерал-демократик бошқарувга эга давлатларни бирлаштиришини, Россия президенти Владимир Путин эса бунга мувофиқ келмаслигини айтишган. Трамп эса Сурия, Эрон, Шимолий Корея атрофидаги вазиятни Москвасиз муҳокама қилишнинг иложсиз эканини таъкидлаган.  

Овқатдан кейин G7 етакчиларининг маёқ ёнида биргаликдаги суратга тушиши тўсатдан бекор қилинган. Бироқ кейинроқ улар Ҳиндистон, Австралия, Испания ва Жанубий Африка раҳбарлари билан кенгайтирилган тартибда суратга тушишган. 

Аввалроқ Трамп Россиянинг ташкилотга қайтиши “фойдали” эканини ва бу устида иш олиб борилаётганини таъкидлаган.

Мавзуга оид