Ўзбекистон | 20:00 / 28.08.2019
157019
2 дақиқада ўқилади

Президент фармони билан уч нафар фуқарога «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони берилди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 28 августдаги «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвонини бериш тўғрисидаги Фармони имзоланди. Унга кўра, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Ерниязов Муса Тажетдинович, Фарғона вилояти Олтиариқ тумани «Нурли обод» фермер хўжалиги бошлиғи Муротова Лола Неъматовна ҳамда «Нуроний» жамғармасининг Самарқанд вилояти бўлими раиси Нормурадов Хасан Норбекович ҳам «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони билан тақдирланган.

Мамлакатимиз иқтисодий салоҳиятини мустаҳкамлаш, унинг жаҳон миқёсидаги шон-шуҳратини юксалтириш, Ватанимиз ободлиги, турмушимиз фаровонлигини таъминлаш борасидаги улкан хизматлари, сўнгги йилларда юртимизда жадаллик билан олиб борилаётган туб ислоҳотлар жараёнидаги ташаббускорлиги ва фидойилиги, давлат ва халқ манфаатларини рўёбга чиқариш йўлидаги фидокорона меҳнати, ишлаб чиқариш ва ижтимоий-маънавий соҳалардаги кўп йиллик самарали ва ибратли фаолияти, ёш авлодни ватанпарварлик, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашга қўшган катта ҳиссаси ҳамда ижтимоий ҳаётдаги фаол иштироки учун қуйидагиларга «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони берилиб, олий нишон – «Олтин юлдуз» медали топширилсин: 

Ерниязов Муса Тажетдинович - Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси

Муротова Лола Неъматовна - Фарғона вилояти Олтиариқ тумани «Нурли обод» фермер хўжалиги бошлиғи

Нормурадов Хасан Норбекович - «Нуроний» жамғармасининг Самарқанд вилояти бўлими раиси

Мавзуга оид