Ўзбекистон | 07:59 / 21.09.2019
86455
7 дақиқада ўқилади

Сайлов-2019: 22 декабрда бизни нималар кутяпти?

20 сентябрь куни Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда жорий йилги Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман/шаҳар кенгашларига сайловлар 22 декабр санасида бўлиб ўтиши ҳамда сайлов кампанияси бугундан старт олиши ҳақида маълум қилинди.

Марказий сайлов комиссияси раиси Мирзо Улуғбек Абдусаломов ҳамда бешта сиёсий партия раҳбарлари “Сайлов ─ 2019” тадбирларига тантанали тарзда старт беришди. 

Бу йилги сайловда қандай ўзгаришлар бўлади?

Марказий сайлов комиссияси раиси Мирзо Улуғбек Абдусаломов 2019 йилнинг энг муҳим сиёсий воқеаси ─ Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман/шаҳар кенгашларига сайловлар тартибидаги янгиликлар хусусида маълумот берди. 

Бутун республика бўйича сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати шакллантирилади. Илгари ҳар бир ҳудуднинг ўз локал рўйхати асосида иш кўрилган, натижада бир киши бир неча участкадан овоз бериши мумкин бўларди. Рўйхат ягона бўлгани боис энди бунинг имкони бўлмайди, ҳар бир сайловчининг овоз берган-бермагани ягона базада қайд этилади. Шунингдек, бутун оила номидан бир киши келиб овоз бериши ҳолларига ҳам йўл қўйилмайди. 

Сайлов участкалари ҳақида маълумотлар бир базада жамланади. Ҳар бир сайлов участкасининг жойлашган ўрни, манзили электрон тарзда биз базага жамланади. Бу участкага қайси фуқаролар қараши ҳам киритилади. Фуқаролар ўз паспорт маълумотларини териш орқали қайси участкага ва қайси манзилга бориши кераклиги ҳақида осонлик билан маълумот олиши мумкин бўлади.

Сайлов билан боғлиқ барча саволларга қулай тарзда жавоб олиш мумкин бўлади. Фуқаролар, сайлов кузатувчилари, чет эллик экспертлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари сайлов жараёнлари билан боғлиқ ўзларини қизиқтирган маълумотларни қулай шаклда олишлари учун кун-у тун ишлайдиган колл-марказ ҳамда телеграм бот ишга туширилиши режалаштирилган. Шунингдек, сайлов жараёни ҳақидаги барча маълумотларни ўзида жамлаган “Сайлов ─ 2019” мобил иловаси ҳам ишлаб чиқилмоқда.

Сайлов комиссияси аъзолари махсус тайёргарликдан ўтади. Сайлов комиссиялари аъзоларининг ҳар бири сайлов жараёнларини профессионал тарзда ўтказиш ҳақида кўникмага эга бўлиши учун улар махсус курсларда тайёргарликдан ўтишади. 

Имконияти чекланган фуқаролар учун шароитлар яратилади. Ногиронлиги бўлган шахслар ҳам тенг ҳуқуқлилик асосида сайловларда қатнашиши учун уларнинг сайлов участкаларига келиши, транспорт масаласи, бино ичида эркин ҳаракатланиш, алоҳида кабиналар, Брайл алифбоси асосидаги бюллетенлар ишлаб чиқилиши кўзда тутилган. Сиёсий партиянинг сайловолди кампанияси билан боғлиқ тарғибот материалларини уларга етказиб бериш ҳам алоҳида назоратга олинади.

Халқаро матбуот маркази ишга туширилди. Оммавий ахборот воситалари вакиллари сайловолди тадбирлари ва сайлов жараёнини кузата олишлари учун халқаро матбуот маркази ишга туширилди. Унда компьютерлар ва интернет тармоғи йўлга қўйилган бўлиб, марказнинг ҳудудий бўлинмалари ҳам жойларда ишга туширилади. 

Жазони ўташ муассасаларидаги шахслар ҳам сайловда иштирок этади. Аввалги сайловларда фақатгина қамоқда ўтирган, лекин ҳали суд ҳукми чиқмаган, айби тўла аниқланмаган шахсларгина сайловда иштирок эта олган. Эндиликда жазони ўташ муассасаларидаги жинояти унча оғир бўлмаган маҳкумларга ҳам ўзининг сайлаш ҳуқуқидан фойдаланиши учун имконият яратилади. “Ахир улар фақатгина озодликдан маҳрум этилган, сайловда иштирок этиш ҳуқуқини ҳеч ким чеклаб қўйгани йўқ”, ─ дейди Абдусаломов.

Халқ номзодларни танийдими? Партиялар раҳбарлари муносабат билдиришди. Қонунчилик палатаси ҳамда ҳудудий кенгашларга ўз номзодини қўяётганларни электорат яқиндан танимаслиги, халқ билан алоқанинг яхши эмаслиги ҳақидаги Kun.uz мухбирининг саволига сиёсий партиялар раҳбарлари ўз муносабатларини билдириб ўтишди.

Алишер Қодиров, “Миллий тикланиш” партияси:

─ Биз янгиланаётган Ўзбекистонда янгича сайловлар ўтказилиши ҳақида гапиряпмиз. Ўз камчиликларимизни ошкора муҳокама қиляпмиз. Масалан, “Миллий тикланиш” партияси Қонунчилик палатасида иккинчи партия эканлигига маҳлиё бўлиб, ҳудудий кенгаш депутатлари билан деярли иш олиб бормаган. Агар биз туман/шаҳар депутатлари билан ишлаганимизда бундай ахборот инқирози ҳолатига келиб қолмаган бўлардик. Партия ўзининг ҳақиқий маънодаги вазифасини бажариши, ижро ҳокимияти олдига вазифа қўя олиши учун халқ билан мустаҳкам алоқада бўлиши керак.

Улуғбек Иноятов, “Халқ” демократик партияси:

─ Парламентдаги бешала сиёсий партиянинг ҳар бири алоҳида сиёсий куч сифатида майдонда ўзини намоён қилади, ўртада кучли ҳамда соғлом рақобат бўлади деб ўйлайман.

Актам Ҳайитов, Ўзбекистон либерал-демократик партияси:

─ Бизнинг партияда ҳар бир номзоднинг сайловчилар билан учрашуви бўйича дастур ишлаб чиқилган. Бизнинг депутатларимиз очиқ онлайн мулоқот режимини йўлга қўйишяпти. Бу мулоқотларнинг ҳар бир сессиясида фуқароларнинг юзлаб саволларига жавоб беришади. Шундай йўл билан биз халқни нима қийнаётганини билиб олишимиз мумкин.

Борий Алихонов, Экологик ҳаракат партияси:

─ Олдимизда турган мазкур сиёсий воқеа қизғин дебатлар ва дуэлларга бой тарзда ўтади, деб ўйлайман.

Наримон Умаров, “Адолат” социал-демократик партияси:

─ Сиёсий курашда партиялар бир-бирига сув сепиб, ошкора кураш олиб бормаслиги мумкин. Лекин қарашлардаги фарқ катта. Маданиятли дебатлар, албатта, олиб борилади.

“Сайловда ўқитувчилар хизмати молиялаштирилади”

МСК раиси Мирзо Улуғбек Абдусаломов сайлов участкалари учун аксар мактаб биноларининг танланиши ва бунга ўқитувчиларнинг жалб қилинишига муносабат билдирди.

─ Халқаро тажрибада ҳам кўрдикки, кўплаб сайлов участкалари мактабларда жойлашган. Чунки мактабда кенг заллар, талаб этиладиган барча шароит бор. Сайлов участкаларини иссиқлик, чироқ билан таъминлаш масалалари бор. Шунинг учун мактаблар қулай вариант. Лекин кўплаб участкалар янги бунёд этилган маҳалла гузарларига жойлаштириляпти. Сайлов тадбирларида ўқитувчиларнинг хизматидан фойдаланилади. Илгари бу шунчаки ёрдам тариқасида қабул қилинган. Мажбурий меҳнатга ҳам ўтиб кетгандек ҳам бўларди. Бу сафар жалб қилинган ходимлар меҳнатини молиялаштириш масаласи кўриб чиқилади.

Мавзуга оид