Жамият | 19:07 / 22.09.2019
19686
2 дақиқада ўқилади

33 минг сўмга болалар учун сифатли гўшт олиш мумкинми? – МТВ ходими

Мактабгача таълим вазирлиги томонидан тизимдаги коррупцион ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида махсус семинар ўтказилди.

Унда вазирлик Ички аудит, молиявий ва ҳуқуқий назорат хизмати бошлиғи Дилшод Норматов МТТларга етказиб берилаётган сифатсиз озиқ-овқат масалаларига алоҳида тўхталди.

«Баъзи ҳолларда коррупцион ҳолатларнинг олдини олиш учун қонунчилик нормаларига ҳам ўзгартириш киритиш лозим деб ўйлайман. Масалан, бюджет ташкилотларига етказиб бериладиган озиқ-овқат маҳсулотларининг максимум нархи ҳокимиятлар томонидан белгилаб берилади. МТТларнинг эса харид қилаётганда шу нархдан ошиб кетишига йўл қўйилмайди.

Энди қизиқ ҳолат: Тошкент шаҳри учун гўшт нархи 33 минг сўм этиб белгиланган. Ҳатто нисбатан гўшт сероб Қашқадарёда бу меъёр - 41 минг сўм. Тошкент шаҳрида гўшт нархи қанча эканини ҳамма яхши билади. Энди МТТ раҳбарини ҳам тушуниш зарур: агар қимматроққа гўшт олса ҳам, нормадан ошгани учун яна ўзини айбдор қиламиз. 33 минг сўмга қанақа гўшт ейиш мумкинлигини ҳам тасаввур қилиб кўриш керак», дейди Дилшод Норматов.

МТВ ходимининг қўшимча қилишича, мактабгача таълим тизимида содир бўладиган ҳар қандай ҳуқуқбузарликнинг, аввало, содир бўлиш спицификациясига алоҳида эътибор бериш лозим.

Мавзуга оид