Ўзбекистон | 15:40 / 24.09.2019
52106
2 дақиқада ўқилади

Абдулла Азизов Давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосари лавозимига тайинланди

Ўзбекистон Республикаси президентининг қарорига биноан Дания қироллигида ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида ишлаётган Абдулла Абдусаломович Азизов Давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосари лавозимига тайинланди.

ДСҚ матбуот хизмати хабарига кўра, у 2004 йилда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг Халқаро иқтисодий муносабатлар факультетини тамомлаган. 2003 йил Япониянинг Нагоя университетида иқтисодиёт йўналишида ўқиган. 2006 йили Даниянинг Орхус университетида молия ва халқаро бизнес йўналиши бўйича магистр даражасини олган. Шунингдек, 2006 йилда Даниянинг Орхус техника коллежини IT-дастурчи мутахассислиги бўйича тамомлаб, ушбу йўналишда меҳнат фаолиятини бошлаган.

А.Азизов 2006 йилдан бугунги кунга қадар Данияда “Maersk A/S”, “DONG Energy A/S”, “Carlsberg A/S”, “Implement consulting group”, “Vestas A/S” ҳамда янги лавозимга тайинлангунга қадар “Danfoss” компаниясида Молиявий бизнес лойиҳаларини автоматлаштириш соҳасига юқори стандартларни жорий қилиш бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келаётган эди.

А.Азизов Давлат солиқ қўмитасида жорий йилнинг май-август ойларида эксперт сифатида фаолият олиб борди.

Ушбу қисқа даврда Россия Федерал солиқ хизмати, Бирлашган Араб Амирлиги, Жанубий Корея, Хитой ва Жаҳон банки экспертлари билан солиқ органларида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ҳамда бу соҳада малакали кадрларни тайёрлаш бўйича келишувлар имзоланишига эришилди, дейилади Солиқ қўмитаси хабарида.

Бундан олдин, Давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Баҳодир Тўхтамишович Туробов Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси раиси ўринбосари лавозимига тайинланганди.

Мавзуга оид