Жамият | 07:57 / 01.10.2019
15214
2 дақиқада ўқилади

«Ўзнефтгазинспекция»: табиий газ 8 млрд сўмга яқин миқдорда ўғирланган

Фото: Ўзнефтгазинспекция

Кўплаб огоҳлантиришларга ва белгиланган тартибда чоралар кўрилганига қарамай, якка тартибдаги бизнес вакиллари, шунингдек республика аҳолиси тарафдан табиий газдан фойдаланиш қоидалари риоя қилмаслиги давом этмоқда, деб ёзади “Ўзнефтгазинспекция” ахборот хизмати.

Жорий йилнинг сентябрь ойи давомида “Ўзнефтгазинспекция” томонидан республикада газдан ноқонуний фойдаланиш бўйича ўтказилган профилактик тадбирлар давомида газ таъминотига ноқонуний уланиш орқали 300 тадан ортиқ ҳолат аниқланиб, жами 8 млрд сўмга яқин - 7 млн 682 минг метр куб табиий газдан ноқонуний равишда фойдаланиб, зарар етказилганлиги фош бўлди.

Хусусан, Андижон вилоятида жойлашган корхонага қарашли оҳак ишлаб чиқариш цехида 390 млн сўмдан ортиқ, 394 минг метр куб, шунингдек, Тошкент вилоятида жойлашган МЧЖга қарашли оҳак ишлаб чиқариш цехида жами 128 млн сўмдан ортиқ 128 772 метр куб табиий газдан ноқонуний фойдаланганлиги аниқланди.

Жорий йилнинг бошидан 2250 дан ортиқ табиий газдан ноқонуний равишда фойдаланиш ҳолатлари аниқланган бўлиб, тегишли чоралар кўриш учун ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига топширилди.

Тошкент вилоятида табиий газдан ноқонуний истеъмол қилиш хажми жами 1 млрд сўмлик 956 минг метр кубни ташкил этди.

Сиқилган ва суюлтирилган газдан фойдаланиш қоидаларига риоя қилиш бўйича профилактик тадбирлар давом этмоқда, дейилади маълумотда.

Мавзуга оид