СМТИ Евросиё иқтисодий иттифоқини сиёсийлашган ташкилот деб ҳисобламаяпти
Евросиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) савдо ва иқтисодий мақсадларни кўзламоқда, дея ҳисоблайди Ўзбекистон Республикаси президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) директорининг ўринбосари Санжар Валиев.
«Мен ташкилот сиёсийлашган характерга эга, деган фикрга қўшилмайман», - деди у Kun.uz мухбирининг саволига жавобан.
Унинг сўзларига кўра, ҳар бир ташкилот ўзининг асосий вазифаларини белгилайдиган фундаментал низом ҳужжатларига эга. Улардан келиб чиқса, ЕОИИда капитал, товарлар ва хизматлар, шунингдек, меҳнат ресурсларининг эркин ҳаракатланишини таъминлаш бўйича мақсадлар қўйилган. «Бу ташкилотнинг асосий мақсадлари. Бу мақсадлар қанчалик сиёсий экани - иккинчи масала», - дея таъкидлаб ўтди Валиев.
«ЕОИИ иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилганидан келиб чиқсак, унда бу, умуман олганда, сиёсий мақсаддир. Аммо бундан четга чиқмаслик керак, чунки ташкилот сиёсий саммитларни ўтказмайди, халқаро вазият ёки муайян минтақадаги хавфсизлик муаммоларини муҳокамага олиб чиқмайди. Ҳар доим савдо-иқтисодий масалалар муҳокама қилинади», - деди эксперт.
Бундан олдин, Миллий тикланиш демократик партияси раҳбари Алишер Қодиров Kun.uz’га берган интервьюсида ЕОИИ «номигагина иқтисодий, ортида эса сиёсий мақсадлар яширинган иттифоқ» эканини маълум қилганди.
«Евросиё иқтисодий иттифоқи – қисқа давр учун иқтисодий манфаатларга таянган ва узоқ давр учун эса сиёсий манфаатларга таянган иттифоқ.
Яқин ойларда маълум бўлган ва жараёнлари анча вақтдан буён давом этаётган бу уринишлар Ўзбекистонни Марказий Осиёнинг юраги, кўпгина давлатлар билан чегарадош ва геополитик мураккаб ўрнини ҳисобга олган ҳолатда бўлмоқда.
Ўзбекистоннинг иттифоққа киришига ундалиши, уни аъзоликка тортишга нисбатан бўлаётган ҳаракатларда биринчи навбатда ўша аъзоларнинг манфаатлари турибди. Буни кескинроқ тарзда иккинчи СССР деса ҳам бўлади», - деди Қодиров.
Аввалроқ, Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев Ўзбекистон миллий манфаатларга рахна солувчи ҳеч қандай шартномага қўл қўймаслиги ҳақида айтганди.
«Ўзбекистон охирги уч йил давомида Евросиё иқтисодий иттифоқи билан муносабатлар масаласини жуда кўп марта муҳокама қилган эди. Тушунарлики, бу ташкилотга аъзо барча давлатларнинг Ўзбекистондек йирик мамлакатнинг унга киришидан манфаатлари бор. Лекин ҳеч қачон бу қандайдир тазйиқ, босим сифатида бўлмаган», - деди Сафоев.
Мавзуга оид
07:09 / 14.12.2024
Абдулла Арипов ЕОИИ ҳукумат раҳбарлари кенгаши мажлисида қатнашди
14:38 / 07.11.2024
«Туркий давлатлар ташкилоти ЕОИИга рақобатчи бўлади» – қирғиз сиёсатшуноси
22:40 / 19.10.2024
Миллион долларлик лицензия, ЕОИИга рад жавоби ва 2х ЯИМ прогнози — ҳафта дайжести
21:12 / 17.10.2024