Жамият | 11:00 / 13.10.2019
78554
11 дақиқада ўқилади

«Талабалик – олтин даврим»ми ёки «қашшоқликка сабрим»ми?  

Янги ўқув йили арафасида олий таълим тизимида бир қатор ўзгаришлар ва янгиликлар жорий этилиши маълум қилинди. Унга кўра, контракт ошиб, стипендия камайиши кўзда тутилганди.

Биринчи зарба

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги 2019 йил 23 сентябрда «Олий таълим муассасалари талабаларига стипендиялар тўлаш тартиби ва миқдорлари тўғрисида» Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Қарори лойиҳасини муҳокама учун эълон қилди.

Унга кўра, 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб республика олий таълим муассасаларининг кундузги шаклида давлат гранти ва бир йиллик ўқитиш қийматининг стипендияли миқдорини тўлаган, тўлов-контракт асосида таълим олаётган талабаларни (хорижий талабалардан ташқари) стипендия билан таъминлаш тизими жорий этилиши лозим.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, олий таълим муассасаларига эга бўлган бошқа вазирлик ва идоралар талабанинг ҳар ойда тўланадиган базавий стипендия миқдорини тўлов-контракт шаклида ўқитишнинг қиймати миқдорига ўз хоҳишига кўра киритилишини инобатга олишлари керак.

Бунда, ўқув йили учун тўлов-контракт қиймати миқдорига киритилган ҳар ойда тўланадиган стипендия суммаси талабага унинг ўзлаштириш кўрсаткичларидан қатъи назар тўланиши белгиланган. Шунингдек, барча фанлар бўйича ўзлаштириш кўрсаткичи фақат «аъло» баҳо (рейтинг кўрсаткичи 86 баллдан кам бўлмаган) бўлган талабаларга навбатдаги ўқув семестри давомида базавий стипендиянинг 15 фоизи миқдорида; ўзлаштириш кўрсаткичи фақат «аъло» ҳамда «аъло» ва «яхши» баҳо бўлган ёки жамоат ишларида фаол ёки ижтимоий ҳимояга муҳтож талабага навбатдаги ўқув семестри давомида тайинланган жами стипендияга нисбатан 50 фоизгача миқдорда қўшимча рағбатлантириш маблағи тўланади.

Иқтидорга эга, халқаро ёки республика ёки олий таълим муассасаси миқёсида талабалар ўртасида ўтказилган фан (таълим йўналиши) олимпиадалари ғолиби бўлган талабага базавий стипендия миқдорига нисбатан бир ўқув йили давомида қуйидаги тартибда алоҳида моддий рағбатлантириш тўловлари тайинланади: халқаро миқёсдаги олимпиада ғолибига – 50 фоиз; республика миқёсидаги олимпиада ғолибига – 25 фоиз; олий таълим муассасаси миқёсидаги олимпиада ғолибига – 15 фоиз.

Олий таълим муассасаларида 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб бакалавриат ва магистратурада таълим олаётган талабаларга тўланадиган стипендиянинг базавий миқдори 400 000 (тўрт юз минг) сўм этиб белгиланади. Аввалги семестр натижаларига кўра барча фанлардан ўзлаштириш кўрсаткичи фақат «аъло» (рейтинг кўрсаткичи 86 баллдан кам бўлмаган) бўлган талабаларга стипендиянинг базавий миқдори 15 фоизга оширилган ҳолда белгиланади. 2019/2020 ўқув йилининг 2-семестридан бошлаб аввалги семестр натижаларига кўра ўзлаштириш кўрсаткичи 30 фоиз ва ундан ортиқ фанлар бўйича «қониқарли» баҳо (рейтинг кўрсаткичи 55-70 балл бўлган) бўлган талабага навбатдаги семестр учун стипендия тайинланмайди.

Ўқув семестри учун ўзлаштириш натижалари бўйича узрсиз сабабларга кўра академик қарзга (бир ёки ундан кўп фанлар бўйича 55 фоиздан кам рейтингга) эга бўлган олий таълим муассасаларининг талабалари кейинги ўқув семестри ойининг биринчи кунидан бошлаб стипендия олиш ҳуқуқидан маҳрум бўладилар.

Иккинчи зарба

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги супер-контрактлар ҳақида қўшимча расмий маълумотларни эълон қилди. Унга кўра, 2019/2020 ўқув йили 4 баллгача етмаганлар супер-контрактни қуйидаги миқдорда тўлашар экан: Жумладан, 1 баллгача етмаган абитуриентлар учун - 1,5;1.1 баллдан 2 баллгача - 2,0 баробар; 2.1 баллдан 3 баллгача етмаганлар учун - 2,5 баробар, 3.1 баллдан 4 баллгача етмаганлар учун - 3,0 баробар баробар белгиланди. Кириш баллига 4 баллдан ортиқ етмаган, лекин 56,7 баллдан кўп балл тўплаган абитуриентлар учун супер-контракт миқдорлари 10 ва 15 баробар, юриспруденция йўналишида эса — 25 баробар, яъни 229 млн. 184 минг сўм. Тиббиёт йўналишиники — 20 баробар, яъни 170 млн. 649 минг сўмни ташкил этмоқда.

Ҳақли савол туғилади. Айни пайтда мамлакатимизда энг кам ойлик иш ҳақи 223 000 минг сўм бўлгани, ўртача ойлик иш ҳақи 2019 йил январь –июнь ойларида 2,092 миллион сўмни ташкил этиб турган бир пайтда супер-контракт миқдорининг бундай юқори даражада ҳисобланиши қайси мезонларга тўғри келади ёки қайси мантиққа таянган ҳолда бундай қарорга келинди?

Нега вазирлик аҳолининг бу борадаги фикрларини инобатга олмади? Нега сиёсий партиялар ва депутатлар билан ушбу масала муҳокама қилинмади, уларнинг таклифлари олинмади. Бу борада йил давомида қуйи палата депутатлари - Абдурашид Абдуқодиров, Расул Кушербаев ва бошқаларнинг эътироз ва баёнотлари эътиборсиз қолдирилди. Сайлов яқинлашаётган бир паллада ҳам аксарият партиялар жамият ва унинг келажаги бўлмиш ёшлар тақдирига бевосита таъсир қиладиган масалаларда қатъий позициясини кўрсатмасдан, жим туришни маъқул кўрмоқда.

ЎзЛиДеПнинг саволларини масъуллар учун такрорлаймиз:

Биринчидан, табақалаштирилган тўлов-контракт миқдорлари қайси бир мезон асосида ишлаб чиқилган?

Иккинчидан, табақалаштирилган тўлов-контракт миқдорларини белгилашга амалдаги қонун ҳужжатларига кўра, вазирликда ваколат борми?

Учинчидан, ўқув йилининг биринчи ярми учун камида 50 фоиз контракт тўлови жорий йилнинг 1 ноябрига белгиланган бўлса-да, тўлов- контракт асосида талабаликка тавсия этилган абитуриентлар учун тўлов ҳақини ўтказиш ҳамда талабалар сафига қабул қилишни расмийлаштиришнинг сўнгги муддати 2019 йилнинг 15 октябри этиб белгиланиши мантиқан тўғрими?

Тўртинчидан, давлат раҳбари ташаббуси билан ўрнатилиши лозим бўлган «халқни рози қилиш» тамойили таълим тизими учун ҳам тегишлимикин?

Минглаб ота-оналар, талабаларнинг норозилигига қарамай контракт-тўловлари бирдан 18 фоизга оширилди, стипендия миқдори эса камайтирилди. Айтишларича, азиз ва муҳтарам ўқитувчиларнинг маошлари ошириш, бошқа харажатларни қоплаш асосий мақсад эмиш. Билмадим, халқ буни болтанинг сопини ўзидан чиқариш, дермиди?!

Бугунги кунда Олий таълим муассасаларида шартнома асосида ўқувчи талабалар сони 300 мингдан ортиқни ташкил этмоқда.

Талабалар ҳам, ота-оналар ҳам, жамоатчилик ҳам қарор лойиҳасини асосан кескин танқид қилмоқдалар. Мана, айрим шарҳлар: «Тартиб аввалгидай қолиши керак. Бу қарор барча талабаларга нисбатан адолатсизлик!», «Бу қарор шундоқ ҳам қийин аҳволимизни баттар ёмонлаштиради», «400 минг сўмлик стипендия фақат контракт пулини камайтириш учун қўлланганда тўғридир», «Талабаларга ўзлаштиришига қараб стипендия тўланиши мақсадга мувофиқдир», «Бу инсофданмас», «Қарорда мантиқ йўқ», «Аввал ўқишдаги адолатсизликларни, коррупцияни, таниш-билишчиликларни йўқотинг», «Ўзи шу стипендияга ҳам дарсдан кейин кафеда идиш ювиб кун кўраман», «Бу қарор таълим тизимини батамом ўлдириб, ерга кўмади», «Бечора ота-онамиздан қандай, қайси юз билан пул сўраймиз?! Ота-оналари йўқлар-чи...», «Сиз номигагина отасининг пулига ўқиб юрганлар билан ўз кучига ишониб, кечани-кеча демай, ота-онасига оғир тушмасин деб тинмай ўқийдиган, контрактининг бир қисмини стипендия билан ёпаётганларни бир кўрдингизми?!». Булар – халқнинг нолалари.

Бу нолаларга қулоқ солинадими? Билмадим. Мабодо бир қадам орқага чекинилса ҳам, яна икки – уч ой ўтиб уч қадам олдинга ташланади. Бунинг ҳам гувоҳи бўляпмиз ҳамма масалаларда.

Тўғри, айрим ҳафтафаҳм даъволар ҳам жаранглади: «Ҳеч бир замонда ва маконда олий маълумот олиш арзон бўлмаган!». Биринчидан, Германия, Хитой ва бошқа қатор давлатларда олий таълим бепул ва ҳатто таълим учун пул олиш ман қилинган. Туркия олий ўқув юртлари минглаб ўзбек талабаларни текинга ўқитмоқда ва ҳатто текин ётоқ ва овқат билан таъминламоқда. Ўн минглаб ўзбеклар Россияда таълим олмоқда ва уларнинг аксарияти Россия бюджети ҳисобидан таъминланмоқда. Иккинчидан, боболаримиз қурган мадрасаларда талабалар учун ота-оналари шартнома тузмаган ва пул тўламаган. Алишер Навоий ўзлари қурган мадрасалардаги минглаб талабаларнинг таъминотини ўз ҳисобларидан тўлаганлари маълум. Учинчидан, бу энг асосийси, мамлакатимизнинг ва давлатимизнинг ижтимоий сиёсати нима бўлади?! Бюджетнинг улкан қисми таълим ва соғлиқни сақлашга ажратилади, деб кериламиз. Боғчанинг ҳам «элита учун»лари чиқди, мактабларнинг яхши таълим берадиганлари пуллик бўла бошлади, соғлиқни сақлаш соҳасига пул тўлашни – мажбурий суғуртани киритиш режалари тузилган... Бюджетнинг триллионлари қайга кетади? Давлатнинг ижтимоийлиги нима бўлади?! Давлат – халқнинг ҳимоячиси эмасми? Давлат шу инсонларнинг тўлаган пуллари эвазига йиғилган бюджетдан кун кўрмайдими?! Шу давлат шу халқники эмасми?!

Энди, ўзимизни алдаб нима қилдик, 400 минг сўмга инсон тугул мушук ҳам бир ойга яшай олмайди. Ё ота-онасига зўр келади, ё талаба мардикорлик қилади ва ўқишидан путур кетади.

«Нега бунча ҳамма стипендияга эътироз билдирмасаларинг? Талаба стипендия учун эмас, билим олиш учун ўқиши керак эмасми?!» – деган даъво ҳам эшитилди. Талаба – емай-ичмай, фақат руҳий озуқа оладиган жаннатдаги ҳурлардан эмас, битта донни чўқилаб, бир кун сайрайдиган читтак қуш эмас, танасида қони йўқ капалак ҳам эмас. Талаба – инсондир, айни куч-қувватга тўлган ва емак-ичмак каби вужудий эҳтиёжларига эга, иссиқ-совуқда кийим киядиган тирик ҳилқатдир. Айни жисмоний ва руҳий ўсадиган палласидир. 400 минг сўм билан у қандай яшайди?! «Талаба стипендия учун эмас, билим олиш учун ўқиши керак эмасми?!» деган қувликка жавобан айтамизки, билим олиш учун талаба китоб-қалам сотиб олиши, транспортда юриши, оёқда тикка туриши учун еб-ичиши, кийиниши, ниҳоят, тирик бўлиши керак-ку?!

Йилдан-йилга бюджетда ўқишни камайтириш ўрнига, аксинча, яхши ўқий бошлаган шартномада ўқийдиганларни бюджетга ўтказишни ўйлаш керак (албатта, миллатимизнинг келажаги керак бўлса).

Агар таълим тизими фақатгина пул ишлашга ўтса, давлат ўз ижтимоий мажбуриятларидан чекинса, фақатгина бойларнинг болалари ўқийди, табақаланиш авжига чиқади ва ижтимоий бўҳронлар юзага келади.

Қарор лойиҳаси муҳокамасида берилган таклифларнинг 99 фоизида стипендия тўлашнинг аввалги тартиби қолишини сўрашганди. Шунга қарамай ушбу таклифлар инобатга олинмасдан қарор қабул қилинса, қонун лойиҳасини муҳокамага қуйишдан нима фойда!? Таклифлар инобатга олинса, халқнинг давлат органлари ва қонунларга бўлган ишончи ва ҳурмати ошмайдими?

Яна бир истиҳола. Қарор лойиҳаси ҳали муҳокамада бўлган вақтда ОТМлар қандай асосда талабаларга стипендиясиз ва стипендияли шартнома беришди? Ахир биз Конституцияга кўра ҳуқуқий, демократик давлатда яшаяпмиз-ку?

Карим БАҲРИЕВ

Мавзуга оид