Иқтисодиёт | 12:30 / 16.10.2019
31557
7 дақиқада ўқилади

Самарқандда туризм ривожига тўсиқ бўлаётган ким?

Меҳмонхона қуриш учун танловда бино ютиб олган тадбиркор май ойидан буён сарсон бўлиб келаётгани, маъмурий ва бошқа тўсиқлар уни ишлашга қўймаётгани ҳақидаги мурожаатидан сўнг сарлавҳадаги савол юзага қалқиб чиқмоқда.

Тадбиркор айтган муаммога юзлашишдан олдин Самарқанддаги туризм аҳволига бир назар ташлаб олайлик.

Бу қадимий шаҳарда туризмдан келаётган даромадлар мавжуд салоҳиятга асло мос эмаслиги раҳбарлар томонидан ҳам, мутахассислар томонидан ҳам кўп марта танқид қилинди. Ўтган йили Самарқандга келган хорижий сайёҳлар сони 351 минг нафарни ташкил этгани айтилмоқда. Солиштириш учун, Париж шаҳридаги биргина Лувр музейига бир йилда ўртача 7 миллион нафар сайёҳ келаркан.

Айтиш мумкин, Самарқандни Париж билан солиштириб бўлмайди-да, деб. Тўғри, ҳозирча бизда инфратузилма яхшимас, меҳмонхоналар кам, муаммо кўпдир. Аммо бир нарса аниқки, шу соҳага ҳиссамни қўшаман, деган тадбиркорларга бугунгидек тўсиқлар қолаверар экан, бундан кейин ҳам соҳадаги муаммолар гирдобидан чиқиб кетиш гумон.

Бизга мурожаат қилган фуқаро Ж.Мамашукурова меҳмонхона соҳаси тадбиркорларидан бири.

«Жорий йилнинг 20 май куни Самарқанд вилоят ҳокими ўринбосари раислигидаги ишчи комиссия томонидан моддий-маданий мерос объектларни ижарага бериш бўйича танловда қатнашиб ғолиб бўлдим. Мазкур танловга қўйилган бинолардан бири — Самарқанд шаҳар Толмасов кўчасидаги 37- ва 37-«А» манзилда жойлашган маҳалла биноси эди. Мазкур биноларнинг тарихийлигига зарар етказмаган ҳолда, тегишли ташкилотлар белгилаган талабларни бузмасдан таъмирлаб, меҳмонхона қуриш таклифини бердим.

Асли танлов қоидаларидан бири ҳам моддий-маданий мерос объектларини ижарага олиб, яхши сақлаш ва фойдаланиш эди. Шу мақсадда иккита бино учун 9 миллиард сўм инвестиция киритиб, 30та иш ўрни яратишни мўлжаллаганман.

Аммо танловда ғолиб бўлганимга салкам ярим йил ўтган бўлса-да ҳамон ишни бошлай олмаяпман. Қўлимга тегишли ҳеч қандай ҳужжат берилган эмас. Қанчалик югурмай ҳеч нарсага эриша олмаяпман.

Вилоят ҳокимлиги, Самарқанд шаҳар ҳокимлиги, туризмни ривожлантириш департаменти Самарқанд бўлими ва шаҳар кадастр бўлимлари ўртасида қатнаб таъмирлаш учун қулай вақт бўлган иссиқ кунлар ҳам ўтиб кетди. Кадастр идорасидагилар «қарор бўлмаса кадастр қилиб бермаймиз», дейишса, ҳокимлик вакиллари «қарор бермаймиз», дейди.

Вилоят ҳокимининг телеграм мессенжерига қилган мурожаатимга жавобан туризм департаментидан келган вакил «эътирозим йўқ деган хатга қўл қўйиб беринг», деган илтимосдан нарига ўтмади», — дейди тадбиркор Ж.Мамашукурова.

Масалага ойдинлик киритиш мақсадида тадбиркор тилга олган ҳар бир ташкилот вакиллари билан гаплашиб кўрдик. Энг қизиғи, бирортасида «айб йўқ экан».

Вилоят ҳокими ўринбосари Б.Нуриллаев билан суҳбатимиз жараёнида ҳоким ўринбосари вилоят туризм департаменти ҳамда маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш илмий ишлаб чиқариш бошқармаси вакилларини ҳам таклиф қилди. Суҳбат давомида масъул идоралар вакиллари тадбиркорга асло қарши эмаслиги, уни қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди. Ҳужжатларни олиш учун шунчаки кадастрга бориб керакли ҳужжатларни бериш кифоя эканлигини маълум қилишди. Бинони таъмирлаш учун эса маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш илмий ишлаб чиқариш бошқармаси билан келишиш лозимлиги ва бошқарма бунга тайёрлиги маълум қилинди.

Самарқанд шаҳар «Ермулккадастр» корхонаси эса кадастр қилиш учун тадбиркордан техник ҳужжатларни сўрамоқда. Тадбиркор тақдим этган танлов бўйича йиғилиш баённомасини техник ҳужжат сифатида тан олмаган, қарор сўраган. Аксига олиб тадбиркорга тегишли қарорни ҳокимлик тақдим этмаяпти.

Самарқанд шаҳар ҳокимлиги мутасаддилари билан гаплашганимизда гап маданий мерос объекти ҳақида бораётгани, уни бировга кадастр қилиб бериш мумкин эмаслиги, қарор ҳам берилмаслиги маълум қилинди.

Хуллас, юқоридаги ташкилотларнинг барчаси билан суҳбат қилиб ҳам муаммо ечимига йўл тополмадик.

Савол туғилади: Ўзи бу танлов ростдан ҳам туризмни ривожлантириш, меҳмонхона фаолияти йўлга қўяман деган тадбиркорга шароит яратиш мақсадида ўтказилганмиди?

Бу саволни қўяётганимизнинг сабаби бор. Юқоридаги танловга жами 7та бино қўйилган. Биз бошқа бинолар бўйича ғолиб бўлган қолган бир неча тадбиркорни ҳам топиб гаплашиб кўрдик. Афсуски, улар ҳам ҳали ҳамон фаолиятини бошлай олмаётган, айнан тегишли ҳужжатларни ололмаётгани бунга сабаб бўлаётган экан.

Шундай бўлгач, бу танлов шунчаки, «юқори»га кўрсатиш ёки хўжакўрсинга ўтказилмаганмикин, деган гумон ҳам юзага кела бошлайди. Агар шундай бўлмаса, танлов ташкилотчилари ўтган беш ой давомида танлов ғолибларининг ҳеч бўлмаганда ярми ўз фаолиятини бошлаб юборган бўларди. Афсуски, танлов ғолиблари бунинг аксини айтмоқда.

Яна бир нарса, суриштириб кўрсак, тадбиркор М.Мамашукурова меҳмонхона очиши кўзда тутилган 37-манзилдаги бинонинг ўзи ҳам низоли бўлиб чиқмоқда. Жами 15 сотихдан иборат бу бинода «Шарқ» маҳалла фуқаролар йиғини биноси жойлашган бўлиб, маҳалла оқсоқоли ва шу маҳалладаги айрим фуқаролар бу ерда меҳмонхона очилишига кескин қаршилик кўрсатмоқда.

Катта ҳовли, 7–8та хонадан иборат бинога эга маҳалла маркази Самарқандда кўп эмас. Маҳалла оқсоқоли бино маҳалла аҳли учун меҳмонхонадан кўра кўпроқ керак экани, аҳоли тўй ва маъракаларни шу ҳовлида ўтказишини айтмоқда. Каттагина майдонга эга бу ҳудудда аслида маҳалла фаолияти учун ҳам, меҳмонхона учун ҳам жой топиш мумкин.

Яна юқоридаги танловга қайтамиз. Вилоят ҳокими ўринбосари имзолаган танлов баённомасининг 2-бандида ғолиб деб топилган талабгорларга кадастр ҳужжатларини шакллантиришда Самарқанд шаҳар ҳокимлиги амалий ёрдам кўрсатсин деб аниқ кўрсатилган. (Ҳокимлик муносабати билан танишдингиз).

Баённоманинг яна бир бандида бошқа ташкилий масалалар бўйича тадбиркорларга ёрдам бериш вилоят туризмни ривожлантириш департаментига юкланган. Шунингдек, баённомада ижара шартномаси ҳам кўзда тутилган.

Аммо бугун тадбиркорларда на ижара шартномаси бор, на кадастр ва бошқа ҳужжатлар. Афсуски, тадбиркорга ҳеч ким ёрдам бермоқчи эмас. Баённома ижроси ҳам ўз ҳолига ташлаб қўйилган.

Яна ўша савол: модомики ижроси ташлаб қўйилар экан танловни ўтказишдан кўзланган мақсад нима эди?

Анвар МУСТАФОҚУЛОВ,

Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид