Жамият | 08:06 / 24.10.2019
88632
3 дақиқада ўқилади

Таксичиларни ҳақорат қилган Янгийўл ЙҲХБ катта инспектори ишдан олинди

Тошкент вилояти Янгийўл тумани ИИБ ЙҲХБ катта инспектори, лейтенант Усмон Замоновнинг туман йўналишсиз такси ҳайдовчиларга нисбатан ҳақоратли мурожаат қилганлиги ҳолати аудиоёзувда тарқатилган эди.

Тошкент вилояти ИИББ матбуот хизматига кўра, тарқатилган аудиоёзув юзасидан 23 октябрь куни соат тахминан 21:30ларда Янгийўл шаҳрида жойлашган ЙҲХБ маъмурий биноси атрофига тахминан 100га яқин йўналишсиз такси ҳайдовчилари изоҳ берилишини сўраб йиғилган. 

Фото: Тошкент вилояти ИИББ Матбуот хизмати

Вилоят ИИББ 4-минтақавий ҳудуд, Янгийўл шаҳар ва туман ИИБ раҳбарлари йиғилганлар билан учрашиб, ЙҲХБ катта инспектори Усмон Замоновга нисбатан ҳозирда хизмат текшируви ўтказилаётганлигини, барча тўпланган ҳужжатлар прокуратура идораларига юборилиб, қонунда белгиланган тартибда чора кўрилиши тушунтирилганидан сўнг йиғилганлар тарқалди.

Тошкент вилояти ИИББ томонидан олиб борилган батафсил текширув ишлари натижаларига кўра, Усмон Замонов дастлаб мазкур аудиоёзув унга тегишли эмаслигини телеграм ижтимоий тармоғидаги норасмий каналларда хабар қилган бўлса-да, текширув давомида аудиоёзув ҳақиқатдан ҳам ўзига тегишли эканлигини маълум қилди.

Шунингдек, Усмон Замонов ўзининг тушунтириш хатида жорий йилнинг 22 октябрь куни телеграмдаги “Водители Янгиюля” номли гуруҳда такси ҳайдовчилари томонидан ЙПХ ходимларини камситувчи постлар тарқатилганидан сўнг, уларга жавобан ушбу ҳақоратли аудиоёзувни юборганлигини тан олган.

«ЙПХ инспектори ушбу хатти-ҳаракатлари билан фуқаролар ўртасида ички ишлар органларига нисбатан салбий фикрлар келиб чиқишига ҳамда жамоатчилик эътирозига сабаб бўлганлиги учун, вилоят ИИББ раҳбариятининг кўрсатмасига асосан, ЙҲХБ катта инспектори лейтенант У.Замонов эгаллаб турган лавозимидан четлатилди.

Ҳозирда прокуратура томонидан ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида терговга қадар суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда», - дейилади хабарда.

Қайд этилишича, Янгийўл тумани ИИБ ЙҲХБ ходимлари жорий йилнинг 1 октябрь кунидан 23 октябрь кунига қадар, вилоят Транспорт бошқармаси билан ҳамкорликда “Лицензиясиз йўловчи ташиш” фаолияти билан шуғулланаётган 56 нафар ҳайдовчига нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштириб, автоуловлар жарима майдончасига жойлаштирилган. Ўтказилган “Рейд” тадбирлари давомида лейтенант У. Замонов шахсан иштирок этганлиги аниқланган.

Мавзуга оид