Жамият | 18:24 / 25.10.2019
16851
6 дақиқада ўқилади

Марҳаматдаги «снос» ишлари: уйи бузилганларнинг айримлари нега норози?

Яқинда Андижон вилояти Марҳамат туманидан бир гуруҳ фуқаролар Kun.uz’га қурилиш ва бузиш муаммолари бўйича мурожаат қилишди.

Уларнинг сўзларига кўра, Марҳамат тумани 2019 йил «Обод туман» давлат дастурига киритилган. Туман марказидаги Мустақиллик кўчасида жойлашган уйларнинг олди қисми бузилишга тушган. Асос сифатида туман марказидаги автомобил қатнов йўли тор ва атрофи кўримсизлиги кўрсатилган. Шу сабабли йўлни кенгайтириш ва марказий кўчаларни  замонавий кўринишга келтириш лозим бўлган.

«Бузиш ишларидан кейин уйларимизни қатнов йўлидан 6-12 метр ичкарига қуришни бошладик. Бизга ҳокимликдан масъул вакиллар келиб, 2 қаватли қилиб бино солишимиз, унинг биринчи қаватидан нотурар жой сифатида фойдаланишимиз лозимлигини айтишди.

Бузиш ишлари бошланишидан аввал бизга ҳеч қандай ёзма огоҳлантириш хати кўрсатишмади. Лекин оғзаки буйруқ беришганди. Баҳолаш ишларидан кейин ҳар бир уй бузиш ва қуриш учун турли давлат ташкилотларига бириктирилди.

Ҳокимлик ташаббуси билан биз каби хонадонларга бино қуришимиз учун 10 мингта ғишт, 5 тонна цемент ва 250 метрдан арматура ажратилди. Лекин ҳозирда талаб даражасидек икки қаватли уй қуришимиз учун берилган материаллар етмаяпти. Ўртача 50 минг атрофида ғишт, 30 тонна атрофида цемент ва бир неча миллион сўмлик арматура кетмоқда. Тайёр яшаб турган уйларимиз шу дастур сабаб бузилди. Энди охиригача ёрдам беринглар, биз иложсизмиз деб ҳокимликдан компенсация маблағи сўрасак, беришмаяпти», дейди Махмуджон Исақов.

Бундан ташқари, Махмуджон Исақовдек тадбиркорлар бузилиш ишларидан кейин алоҳида жойи бўлмагани боис тадбиркорлик фаолиятини ҳам тўхтатишга мажбур бўлишган. Донаси 3-4 минг АҚШ доллари атрофида турадиган пайпоқ тикиш дастгоҳлари орқали 5-6 фуқароларни иш билан таъминлаган тадбиркорнинг дастгоҳлари мана бир неча ойдирки, чанг босиб ётибди.

Фуқароларнинг бир қисми бошқа уйларда ижарада яшамоқда, қолганлари уйининг бузилмаган қисмларида яшамоқда. Айримларининг яшаш жойлари ачинарли аҳволда. Улар уйларида уй жиҳозлари ва бошқа қийматга эга буюмлари борлиги учун вақтинча ижарада яшаш учун бошқа жойга кўчишмаган. Бундан ташқари, уйларни қураётган усталарга озиқ-овқат ва бошқа масалаларда кўмаклашиб туришибди.

Шундан сўнг, туман ҳокими Шуҳратбек Қамчиев таҳририятга мурожаат йўллаган айрим фуқаролар билан учрашиб, масала юзасидан ўз муносабатини билдирди. Учрашув ҳақиқий баҳсга айланиб кетди. Туман ҳокими ҳокимлик томонидан берилган моддий кўмакларни бирма-бир санади. Фуқаролардан бири эса уйи битиши учун анча маблағ кетаётгани ва берилган компенсациялар миқдори камлигидан норозилигини айтди.

Туман ҳокимининг қурилиш масалалари бўйича ўринбосари Исроилжон Тешабоев қилинган ишлар бўйича тўлиқ тушунтириш берди.

Маълум бўлишича, дастлаб мазкур кўчадаги 79та хонадон ўрнида 18та 5-7 қаватдан иборат кўп қаватли уйлар қурилиши, уларнинг пастки биринчи қаватидан аҳолига хизмат кўрсатувчи объект сифатида фойдаланиш режалаштирилганди. Бир неча учрашувлар натижасида бу ерда яшаб турган аҳоли бундай таклифларга рози бўлмаган. Кейин фуқароларнинг икки қаватли бино қуриш ва унинг биринчи қаватидан нотурар жой сифатида фойдаланиш режаси маъқулланган. Бузишдан аввал ҳар бир хонадон билан суҳбатлар ўтказилган. Улар шахсан вилоят ҳокими ҳокими назоратида экани айтилган. Вилоят ҳокими ҳам бир неча бор келиб вазиятни ўрганиб турган.

«Ҳар бир хонадонга ўртача 5 тоннадан цемент, 10 мингтадан ғишт, 200 метрдан 400 метргача арматура ҳамда қурилиш ишларига ёрдамлашиш учун юзлаб муддатли ҳарбий хизматчи ва ҳашарчилар кунлик хизматга чиқмоқда. Ҳозир ҳам қурилиш ишлари давом этмоқда. Бундан ташқари, туман ҳудудидан ҳар бир хонадонга 2 сотихдан ер ажратиб берилмоқда. Қурилишга зарур шағал ҳам бериб бориляпти. Уйи тўлиқ бузилган 10та хонадонга ўртача 300 мингдан 500 минг сўмгача ижара пули ажратилиб, уларга уйига яқин жойдан уй топиб бердик ёки ўзлари топган уйларга вақтинча кўчирдик. Уларга ижара пули ўз вақтида бериб бориляпти. Биз уларнинг ҳамма ерини олиб қўймадик. Эртага битса, ундан фақат ўзлари фойдаланади. Ажратилган компенсация тийин-тийинигача ўзларига бериляпти», деди туман ҳокими ўринбосари.

Вазирлар Маҳкамасининг қарори асосида тасдиқланган «Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларга ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш тартиби тўғрисидаги низом» мавжуд.

Унда ер участкасини олиб қўйиш, ер участкасида жойлашган уйлар, ишлаб чиқариш иморатлари ва бошқа иморатларни, иншоотларни бузиш ва дов-дарахтларни кўчириб ташлаш тўғрисидаги тегишли қарорлари нусхаларини билдиришномага илова қилган ҳолда, бузиш бошлангунгача 6 ойдан кечикмай, имзо қўйдириб уйлар, ишлаб чиқариш иморатлари ва бошқа иморатлар, иншоотлар ва дов-дарахтлар мулкдорларини қабул қилинган қарор тўғрисида ёзма равишда хабардор қилиши шартлиги кўрсатилган.

Лекин туман ҳокимлиги бундай ҳужжатни тақдим қила олмади. Фуқаролар ҳам ёзма равишда огоҳлантириш берилмаганини тасдиқлашди.

Ҳозирда фуқаролар тайёр яшаб турган уйлари бузилгани ва уларга берилган компенсация пуллари етмаётганидан нолишмоқда. Ёғингарчилик мавсуми ҳам яқин. Уйлар ўз вақтида битмаса, улар олд томони очиқ ёки ижарадаги уйларда қишни ўтказишдан хавфсирашмоқда. Бу ўз ўрнида ҳар ой ижара ҳақи тўлаётган ҳокимлик «чўнтаги»га ҳам зарар бўлади. Ортиқча харажат.

Уйлар ёғингарчилик мавсумигача битказиладими? Уларга етарли хом ашё ажратиладими? Нега ҳокимликдагилар бундай бузиш ишлари бошланишидан аввал мавжуд тартибларга амал қилмаган? Барчасини олдиндан ҳисоблаб, кейин бундай бузиш-қуриш ишларини бошлаш керак эди-ку?

Бу ҳолатлар давлат ғазнасига зарар келтирса келтирадики, фойда келтирмаслиги аниқ. Тегишли ташкилотлардан эса масалага ижобий ечим бериб, ҳолат юзасидан тўлиқ изоҳ берилишини кутиб қоламиз.

 

Зафарбек Солижонов
Kun.uz мухбири

Мавзуга оид