Жамият | 19:00 / 28.10.2019
60138
8 дақиқада ўқилади

Лицензия балоси. «Ўзбекконцерт» аслида нима билан шуғулланиши керак?

«Ўзбекконцерт» сўнгги вақтларда муҳокамалар марказида турибди. Қуйида ушбу ташкилотнинг керагидан ортиқ ваколатлари ва мавжуд ҳолатни ўзгартириш зарурати ҳақида фикр юритамиз.

«Ўзбекконцерт» давлат муассасаси томонидан хонанда Озода Саидзода кечирилиб, унга яна эркин ижод қилиш имконияти тақдим этилгани ва шу куни Жаҳонгир Отажоновнинг лицензияси тугатилгани ижтимоий тармоқларда катта резонанс келтириб чиқарди. Аксарият кишилар «Ўзбекконцерт»ни ижодга цензура жорий этишда айблай бошлашди.

Кейин расмийлар ҳам бунга муносабат билдиришди. Бу айбловлар таъсир қилди чоғи, «Ўзбекконцерт» Ж.Отажоновнинг лицензиясини қайтариб берди.

«Ўзбекконцерт» давлат муассасаси ўзи қандай идора?

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 15 февралдаги ПФ–4956-сонли фармонига мувофиқ «Ўзбекнаво» эстрада бирлашмаси ва «Ўзбекрақс» миллий рақс бирлашмаси негизида «Ўзбекконцерт» давлат муассасаси ташкил этилган эди.

Идора уставида у томонидан концерт-томоша фаолияти лицензияланиши, концерт-томоша тадбирларига бир марталик рухсатномалар, шу жумладан лицензия талабгорларига миллий эстрада санъатини ривожлантириш ва мувофиқлаштириш Кенгаши ҳузуридаги Ижодий кўмаклашувчи вакиллар гуруҳи хулосалари асосида концерт-томоша фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқи учун лицензиялар берилиши кўрсатиб ўтилган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 9 декабрдаги «Концерт-томоша фаолиятини амалга ошириш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги №354-сонли қарори билан Концерт-томоша фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисида низом тасдиқланган. Мазкур низомда концерт-томоша фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига лицензия 5 йил муддатга берилиши мумкинлиги акс этган.

Ваҳоланки, Ўзбекистон Президентининг 2018 йил 11 апрелда ПФ–5409-сон «Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини янада қисқартириш ва соддалаштириш, шунингдек, бизнес юритиш шарт-шароитларини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ, 2018 йил 1 июндан ушбу фаолият билан шуғулланиш учун бериладиган лицензиялар амал қилиш муддати чекланмаган ҳолда берилиши белгиланган эди.

Қолаверса, мазкур Фармонда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисидаги таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритиш юклатилган. Бироқ, шунга қарамай, концерт-томоша фаолиятини лицензиялашнинг муддатига оид талаб ҳануз ўзгаришсиз қолмоқда.

Масаланинг яна бир жиҳатига эътибор қаратсак. Кўп ҳолатларда муассаса томонидан тугатилган лицензиялар, у ёки бу асоссиз сабабларга кўра маълум муддат ўтганидан сўнг ўз эгаларига қайтарилгани тўғрисида расмий хабар берилади.

Масалан, яқинда муассасанинг расмий сайтида «хонанда Абдулла Қурбонов, Жаҳонгир Отажонов, Шаҳло Аҳмедова ҳамда Ҳалима Ибрагимова бундан буён ўз ижодларини ривожлантириш ва халқимизга астойдил хизмат қилишларини билдиришганлиги сабаб, лицензиялари қайтарилганлиги эълон қилинди» мазмунида хабар чиқди.

Ҳолбуки, «Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида»ги Қонуннинг 23-моддасига кўра лицензиянинг амал қилишини тугатиш тўғрисидаги қарор қабул қилинганидан сўнг лицензия муассасага қайтарилиши ва йўқ қилиниши керак. Демак, бу ҳолатда лицензияни қайтаришнинг имкони мавжуд эмас. Лицензия асоссиз равишда тугатилган тақдирда лицензияни тиклаш суд тартибида амалга оширилиши лозим.

Аслида-чи?

Санъаткорлар билан кўп бор ҳамсуҳбат бўлганмиз. Ташкилот санъаткорларни тадбирларда текинга ишлатиши, турли «хизмат»лар буюриши ҳақида фикрлар эшитганмиз.

Албатта, ташкилотнинг турли буйруқлари ва кўрсатмаларини бажармаган санъаткор «қора рўйхат»га тушади. Алал-оқибат у лицензиядан маҳрум этилиши мумкин. «Ўзбекконцерт»га шундай ваколат берилганки, лицензиясидан маҳрум этилган хонандага телеэкранларда ҳам чиқиш эшиклари ёпилади.

Бу тизимдан халос бўлиш учун нима қилиш керак?

«Ўзбекконцерт» давлат муассасаси номида концерт сўзи борми, демак у фақат концерт уюштириш учун рухсатномалар бериш ваколатига эга бўлиши лозим. Эркин ижодга мутлақо аралашмаслиги керак бу ташкилот.

Хонандаларни, гуруҳларни лицензиялаш тизимидан воз кечиш керак. Аксинча, ташкилот соҳада муаллифлик ҳуқуқига риоя этилишини назорат қилиши, кўчирмачиликка қарши курашда бош-қош бўлиши лозим. Ҳали бирор марта бировнинг қўшиғини ўғирлаб куйлаган хонанда жазоланганини эшитмадик.

Ўзингиз ўйланг: иқтидорли хонандалар «кўтарилиш» учун озмунча меҳнат қилишмайди. Сифатли қўшиқ ёзишади, клиплар олишади, бастакор ва созандаларга, қўшиқни «айлантириш»га харажат қилишади. Ўзларини танитишади, эл аро машҳур бўлишади. Буларнинг барчаси ўзларининг меҳнатлари эвазига. Нега энди «Ўзбекконцерт» уларнинг машҳурлигига қараб лицензиялаши керак? Ахир бунда уларнинг ҳеч қандай ҳиссаси йўқ-ку?

Санъат соҳасидаги ижодда рақобат муҳитини шакллантириш учун ҳам лицензиялашни бекор қилиш керак. «Ўзбекконцерт» қўшиқ ўғриларига қарши курашиб, бу йўлда ҳалол рақобат юзага келишини таъминласа адолатдан бўлар эди.

Блогер Нурбек Алимов бу борадаги ҳолатни хориж билан таққослаб таҳлил қилган.

Унга кўра, аксарият давлатларда фақатгина ўзига тегишли бўлмаган мусиқий асарни ижро этиш учун рухсат олиш амалиёти мавжуд.

Россия Федерациясида ҳамда қўшни Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистон Республикаларида мусиқий фаолиятни лицензиялаш амалиёти мавжуд эмас. Фақатгина Туркманистоннинг «Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ, маданият ва санъат фаолияти лицензия талаб қилинадиган фаолият турлари қаторига киритилган.

Санъат — шоу-бизнес. Эркин рақобат шароитида кимнинг истеъдоди бўлмаса банкрот бўлади. Шунинг учун эркин муҳит жуда ҳам керак. Ҳозиргидек биқиқ шароитда сифатли қўшиқлар яратилиши ҳам қийин.

«Ўзбекконцерт»нинг концертлар учунгина рухсатнома бериш ваколатини сақлаб қолиб, қолган барча ваколатлардан маҳрум этиш керак, деб ўйлайман. Санъаткор концерт уюштириш учун «заявка»ни пулини тўлаб исталган ДХМдан олиш имкониятига эга бўлсин! Шу идорага иложи бўлса қадам босмасин.

Иккинчи масала: амалдаги қонунчиликка кўра, санъаткорлар солиқ тўлашдан озод қилинган. Аммо улар ҳам барча хизматчилар каби солиққа тортилиши керак. Тўйдаги хизматидан, уюштирган концертидан, сотилган дискларидан.

Мана, тўйларни ихчамлаштирмоқчимиз. Санъаткорлар тўй учун бир марталик шартнома бўйича аниқ нархни белгилаб, ҳар бир тўй учун аввал солиқ тўлагани тўғрисидаги квитанцияни тўйхонага топшириб, кейин киришсин. Тўйнинг эгаси ким ва қайси ташкилот бўлишидан қатъи назар! Буни йўлга қўйишнинг қийин жойи йўқ-ку?

Ҳаддидан ошган санъаткорларга баҳо беришни ҳам халққа қўйиб бериш керак. Кўряпмиз, халқнинг ўзи оёғи ердан узилганларни осонгина жойига тушириб қўя оляпти.

Санъаткорларга ижодий эркинлик бериш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ фаолиятни амалга оширувчи ҳамда санъаткорларни бирлаштирувчи янги нодавлат-нотижорат ташкилот ташкил этилиши таклифини ҳам тўлиқ ёқлайман.

Чунки секин-аста барча соҳада давлатнинг аралашувига чек қўйилмоқда, эркинлаштириш жараёни кетмоқда. Санъатимизни ҳам эркинлик эпкинларига рўбарў қилиш учун аллақачон фурсат етган.

Шуҳрат ШОКИРЖОНОВ

журналист

Мавзуга оид