Ўзбекистон | 11:50 / 29.10.2019
133716
5 дақиқада ўқилади

Ўзбекистондаги бешта партия бош вазир лавозимига кимларни номзод қилмоқчи?

25 октябрь куни «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати томонидан сиёсий партиялар, ОАВ, блогерлар ва жамоатчилик вакиллари иштирокида давра суҳбати ўтказилган эди.

Аслини олганда, партиялар иштирокидаги ушбу тадбир ҳам кўриб ўрганганимиз, одатдаги зерикарли тадбирлардан бири сифатида ўтиб кетиши мумкин эди: агар ЎзХДП раисининг Ташкилий-назорат ва кадрлар билан ишлаш масалалари бўйича ўринбосари Улуғбек Вафоев бир маълумотни очиқламаганида.

Маълум қилинишича, ҳозирга келиб сиёсий партиялар томонидан сайловда кўп овоз тўпланган тақдирда бош вазир лавозимига кимни номзод қилиш бўйича захира шакллантирилган. Халқ демократик партияси эса ушбу лавозимга бош вазир ўринбосари, Транспорт вазири Очилбой Раматов номзодини илгари сурмоқчи.

Очилбой Раматов

Очиғини айтиш керак, сайловлар олдидан Ўзбекистондаги бирорта сиёсий партия бундай дадил баёнот бериши камёб ҳолат. Шу каби баёнотлар ортидан партияларда ва ниҳоят нималардир ўзгараётгани сезилмоқда. Бу «нималардир»нинг айнан нималар бўлишини кузатишда давом этамиз.

Kun.uz Халқ демократик партияси томонидан очиқланган маълумот ортидан қолган тўртта сиёсий партия раҳбарлари билан ҳам боғланди ва улар бўлажак сайловларда кўпроқ овоз тўплаган тақдирда бош вазир лавозимига кимнинг номзодини илгари суришлари мумкинлиги билан қизиқди.

«Адолат» социал-демократик партияси: «Русланбек Давлетов ва бошқалар»

Раис Наримон Умаровнинг айтишича, партия кенгаши ушбу лавозимга бир неча номзодни тайёрлаб қўйган. Ҳозирда Адлия вазири лавозимида ишлаётган Русланбек Давлетов партиянинг бош вазирликка кўрсатиши режалаштирилган асосий номзоди ҳисобланади.

Русланбек Давлетов

Бундан ташқари, «Адолат»да партия аъзолари бўлган – Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазири Иномжон Мажидов номзоди ҳам бор.

Алишер Шодмонов
Иномжон Мажидов

Ўзбекистон Либерал демократик партияси: «Амалдагисига ишонамиз»

Актам Ҳайитов Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари сайловида кўп овозга эга бўлинган тақдирда Ўзбекистоннинг амалдаги бош вазири Абдулла Арипов номзоди яна бир бор ушбу лавозимга тавсия этилишини билдирди.

Абдулла Арипов

Ҳайитовнинг қўшимча қилишича, Абдулла Арипов – Ўзбекистон Либерал демократик партиясига у ташкил бўлгандан бери аъзо ҳисобланади, шунингдек, партиянинг Сиёсий Кенгаши аъзоси ҳамдир.

Оддий ва кутилган юриш.

Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партияси: «Бизда икки номзод аниқ, аммо ҳозирча жим турамиз»

Ҳарчанд уринмайлик, партия лидери Алишер Қодировдан бу саволга аниқ жавоб олишнинг иложи бўлмади.

«Ниятимиз жиддий. Жиддий ниятга тўғри ҳисоб-китоблар билан эришиш мумкин. Қанақа ўрин олишимиздан қатъи назар, ҳукуматга осон бўлмайди. Бош вазир номзодини тавсия қиладиган партияга ҳам.

Барча партиялар талабчан ва журъатли бўлади. Ҳозирдан номзодимизни босимда қолдириш нотўғри», деди у.

Алишер Қодировнинг қўшимча қилишича, партия кенгашида мазкур лавозимга тавсия этилиши мумкин бўлган икки нафар номзод бўйича якуний тўхтамга келинган.

Вазифа бажарилгач, Конституциянинг 98-моддасига мувофиқ, Президент билан маслаҳатлашувлар ўтказилганидан кейин улардан бирининг номзоди илгари сурилади.

Ўзбекистон Экологик партияси – янги партия янги номлар билан

Сўнгги йилларда дунёнинг кўплаб давлатлари каби Ўзбекистон ҳам жиддий экологик муаммолар билан тўқнаш келмоқда. Жумладан, Оролбўйи экологик фожиаси, ер майдонлари шўрланиб бориши, ҳосилдор ерларнинг ишдан чиқиши, асосий икки сув манбаи – Амударё ва Сирдарё сувларининг камайиши ва ҳ.к.

Албатта, бу каби йирик муаммоларни биргина жамоат ташкилоти (Ўзбекистон экологик ҳаракати) орқали ҳал қилиш имконсиз эди. Чунки, экологик муаммолар кенг жамоатчилик ва ҳукуматнинг доимий эътиборида туриши лозим бўлган соҳа.

Шу боисдан, сиёсий куч сифатида янгидан ташкил қилинган Ўзбекистон экологик партияси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси сайловларида кўпроқ ўринга эга чиқса, ҳукумат раҳбарлиги учун ҳам захира сифатида номзодларни тайёрлаб қўйган.

Хусусан, партия етакчиси Борий Алихоновга кўра, воқеалар ривожи «яшиллар» кутганидек ривож топса, Ўзбекистон бош вазири лавозимига «Ўзкимёсаноат» акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Одил Темиров, «Ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Улуғбек Мустафоев ҳамда «Agromir group» ассоциацияси директорлар кенгаши раиси Шавкат Жалолов каби номзодлардан бири келиши мумкин.

Одил Темиров
Улуғбек Мустафоев
Шавкат Жалолов

Бу – сиёсий партияларнинг бўлажак сайловлар олдидан Ўзбекистон Бош вазири лавозимига захира кадр сифатида шакллантирган номзодлари. Эндиликда олдимизда бўлажак сайловларни кутиш ва ана ундан кейин воқеалар давомини кузатиш қолмоқда.

Илёс Сафаров,
Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид