Ўзбекистон | 21:53 / 06.11.2019
22598
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда браконьерлик энг кучли ривожланган ҳудудлар маълум қилинди 

Бугун, 6 ноябрь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги анжуманлар залида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси мутасаддилари иштирокида Ўзбекистон «Қизил китоби»нинг янги нашрини тайёрлаш борасида олиб борилаётган тадқиқот ишларига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

Унда 2019 йилнинг охирига қадар нашр қилиниши режа қилинаётган янги таҳрирдаги «Қизил китоб» ва уни чоп этишнинг сабаблари бўйича маълумот берилди.

Бахтиёр Ибрагимов

Хусусан, Фанлар академияси вице-президенти Бахтиёр Ибрагимовнинг сўзларига кўра, «Қизил китоб»нинг амалдаги нашри 2009 йилда нашр этилгани сабабли, ундаги мавжуд маълумотлар «маънан эскирган» эди ва шу туфайли сўнгги 10 йил мобайнидаги тадқиқот натижалари умумлаштирилиб, ўсимлик турларининг бугунги кундаги замонавий ҳолати бўйича маълумотларни кенг оммага тақдим этиш учун китобнинг янги нашрини чоп этиш зарурати туғилган.

Тадбирда журналистлар томонидан браконьерларнинг қизил китобга киритилган ҳайвонларни овланиши ҳолатлари республиканинг қайси ҳудудларида энг кўп учраши борасида савол берилди.

«Мен фақат ҳайвонот дунёси ҳақида гапирмоқчиман. Браконьерларни энг кўп қизиқтирадиган ҳайвонлар – жайрон, буғу, сайғоқ ва қор барси каби ҳайвонлар ҳисобланади. Уларнинг энг кўп ҳужумлари айнан мана шу жониворларга бўлмоқда.

Браконьерликнинг энг юқори даражаси ҳам айнан шу ҳайвонлар яшайдиган ҳудудлар, яъни, Бухоро, Навоий ва Қорақалпоғистон Республикасига тўғри келмоқда. 

Жалолиддин Азимов

Мана шу ҳудудларда аҳвол жуда оғир. Энг ачинарлиси, браконьерлар битта ўлжа билан чегараланмайди, бир овлаганда 10-15талаб камёб ҳайвонларни овлашади. Бу даҳшат, аҳвол шундай давом этса ва биз унинг олдини олмасак, камёб ҳисобланган барча ҳайвонларимизни йўқотамиз», дея академик Жалолиддин Азимовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Унинг сўзларига кўра, амалдаги қонунчилик браконьерликка қарши «жуда юмшоқ» муомалада. 

«Бунга аҳоли ўртасида тушунтириш ишларини олиб бориш ва камайиб бораётган ҳайвонларни ўлдирганлик учун жавобгарликни кескин кучайтириш орқали эришиш мумкин», дейди академик Жалолиддин Азимов.

Мавзуга оид