Жамият | 11:02 / 18.11.2019
50760
3 дақиқада ўқилади

Бош прокуратура: Тошкентдаги хусусий шифохона бўйича жиноят иши қўзғатилди

Фото: Рамиз Бахтияров

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси «Mont Blanc» хусусий шифохонасида ўтказилган жарроҳлик амалиётидан сўнг беморлар ўлими юз берганлиги ҳолати юзасидан баёнот берди.

Қайд этилишича, 2019 йил 1 август куни Тошкент шаҳар, Шайхонтоҳур туманида жойлашган «Mont Blanc» хусусий шифохонасида фуқаро У.Б.га бурун қийшиқларини тўғрилаш юзасидан жарроҳлик амалиёти ўтказилганидан сўнг, беморнинг соғлиғи ёмонлашганлиги сабабли, 2019 йил 20 августда Россия Федерациясининг Москва шаҳрида жойлашган шифохонага ётқизилган.

Бироқ, унга кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан У.Б. вафот этган.

2019 йил 15 август куни Қозоғистон Республикаси фуқароси Л.А.га «Mont Blanc» хусусий клиникасида ташқи бурун деформацияси ва бурун тўсиғи қийшайишини тўғрилаш бўйича жарроҳлик амалиёти ўтказилган ҳамда бурун тўсиғи қийшайиши тўғриланган. 

Жарроҳлик амалиётидан сўнг, бемор мустақил нафас олишга ўтказилган ва унга антибактериал даво мақсадида «цефтраксон» дори воситаси ички қон томири орқали 1,0 мл. миқдорида юборилган.

Шундан сўнг, беморнинг аҳволи кескин оғирлашган ва чуқурлаштирилган текширишлар ўтказиш мақсадида РШТЁИМга олиб борилган. 

2019 йил 19 август куни марказ шифокорлари томонидан кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан, Л.А. шифохонанинг жонлантириш бўлимида вафот этган.

2019 йил 24 август куни «Mont Blanc» хусусий клиникасида фуқаро Г.Ш.га бурун соҳасида жарроҳлик амалиёти ўтказиш вақтида унга юборилган наркоз нотўғри таъсир қилиши натижасида аҳволи оғирлашган.

Натижада шу куннинг ўзида бемор унинг яқин қариндошлари томонидан «Аkfа medline» хусусий шифохонасига (клиник ўлим ҳолатида) олиб келинган.

2019 йил 26 август куни шифокорлар томонидан тиббий муолажалар кўрсатилганлигига қарамасдан, Г.Ш. шифохонанинг жонлантириш бўлимида вафот этган.

Мазкур ҳолат бўйича тўпланган ҳужжатлар Бош прокуратурада ўрганилиб, 2019 йил 12 ноябрь куни ЖКнинг 116-моддаси 4-қисми «а,б» бандлари билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда ушбу жиноят иши бўйича Шайхонтоҳур туман прокуратурасида дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, унинг бориши Бош прокуратура томонидан назоратга олинган.

Бундан ташқари, туман прокуратураси томонидан юқоридаги каби ҳолатларни келгусида содир этилишини олдини олиш бўйича Соғлиқни сақлаш вазирлигига тақдимнома киритилган.

Тошкентдаги пластик жарроҳлик клиникасида кетма-кет икки бемор вафот этди. Прокуратура текширув бошлади

Пластик жарроҳлик клиникасидаги икки ўлим. Жарроҳ, марҳумнинг отаси ва бошқа томонларнинг изоҳлари

Мавзуга оид