Ўзбекистон | 14:23 / 23.11.2019
29887
4 дақиқада ўқилади

Талаба ўқишни битирганидан кейин қанча ойлик олишини билиши керак – эксперт

Ўзбекистонда миллий малака даражаси, профессионал стандартлар жаҳон даражасида ишлаб чиқилса, маълум бир талаба қайсидир мутахассисликни эгаллагандан кейин у меҳнат бозорида тахминан неча пул топишини олдиндан билади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқарув миллий агентлиги қошидаги Абу Райҳон Беруний номидаги Бизнес ва бошқарув республика олий мактаби директори Рустам Абдураупов Давлат бошқаруви академиясида ўтказилган «Янгиланаётган жамиятда ёшларнинг ижтимоий фаоллиги: муаммо ва ечимлар» мавзусидаги конференцияда айтиб ўтган.

«Қайси мутахассисликни эгалласа, келажакда қанча пул топишини олдиндан билгандан кейин ҳисоб-китоб қилса бўлади. Шунда таълимга сарфланадиган пуллар харажат сифатида эмас, инвестиция сифатида қабул қилинади.

Масалан, абитуриент Дипломатия университетига кирадиган бўлса, битирганидан кейин қанча ойлик оладиган бўлиши, университетда ўқиш учун сарфлаган пулини неча йилда қайтариб олишини била олади. Бутун дунёда шунақа. Биздаям шу тизим жорий этилса кўплаб муаммоларга ечим топилади», дея Расул Кушербаевнинг сўзларидан иқтибос келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Мазкур масала юзасидан президент маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари, Ёшлар иттифоқи раиси Алишер Саъдуллаев ҳам ўз муносабатини билдириб ўтди.

Алишер Саъдуллаев

«Нега хорижда таълимга сарфланадиган харажатга инвестиция деб қарашади? Бу орқали инсон ўзининг келажакдаги ойлик олиши, пул топишини белгилаб олиши мумкин. Энди нега бу нарсани Ўзбекистонда қила олмаймиз деган савол туғилиши мумкин.

Келинглар, шу тизимга ўтайлик деган таклиф мантиқан тўғри. Хорижда таълимга сарфланадиган пулга харажат эмас, инвестиция деб қаралашининг сабаби у ерда олий таълим тизимида хусусий сектор вакиллари давлат сектори билан жудаям яқин ҳамкорликни йўлга қўйган. Мисол учун, дунёга машҳур Ҳарвард, Стэнфорд университетлари, Массачусетс технология институти, Уортон бизнес мактаби – ҳаммаси хусусий. Дунёдаги ТОП-10 рўйхатига кирган университетларнинг аксарияти хусусий. Улар ўзининг контрактини ўзи мустақил тарзда белгилайди ва университетни битириб чиққандан кейин йилига қанча пул топишига кафолат беради. Бизда асосий ишни давлат ижтимоий қўллаб-қувватлаш нуқтайи назаридан қилгани учун кўп масалалар туғилади. Мана, биздаям секин-аста олий таълим соҳасида давлат-хусусий шерикчилик тизими йўлга қўйиляпти. Бу ҳозирча бошланғич босқичларда, мен ўйлайманки, маълум бир вақтлардан кейин хусусий университетлар сониям кўпаяди», дейди Алишер Саъдуллаев.

Саъдуллаевнинг таъкидлашича, Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясида ҳам олий таълим соҳасида давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш, ҳудудларда давлат ва нодавлат олий таълим муассасалари, шунингдек инвестицияларни жалб қилган ҳолда нуфузли хорижий олий таълим муассасалари филиаллари фаолиятини ташкил этиш орқали олий таълимда рақобат муҳитини яратиш кўзда тутилган.

Ёшлар иттифоқи раҳбари аввалроқ ЖИДУ контракти икки баробар оширилганига муносабат билдириб, бу каби муҳим масалалар жамоатчилик, хусусан, талабалар ўртасида муҳокама қилинмаслигини танқид қилган эди.

Мавзуга оид