Ўзбекистон | 19:32 / 11.12.2019
16445
3 дақиқада ўқилади

«Human» агентлиги раҳбарига қарши иш судга оширилди

Ўзбекистон Республикаси бош прокуратураси «Human» агентлиги мансабдор шахсларига нисбатан очилган жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари якунланиб, иш судга оширилганини маълум қилди.

«Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти томонидан «HUMAN хусусий бандлик Агентлиги» МЧЖ раҳбари Ш.Файзуллаевга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 4-қисми «а» банди билан қўзғатилган жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари якунланиб, жиноят иши бўйича айблов хулосаси Тошкент вилоят прокуратураси томонидан 11.12.2019 йилда тасдиқланиб, жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судига юборилди.

Жабрланувчиларга етказилган зарарни қоплаш мақсадида айбланувчи Ш.Файзуллаевга тегишли бўлган хонадонлар, автомашиналар, қимматбаҳо мол-мулклар хатланган ва нақд пуллар олиниб, ИИВ депозит ҳисоб рақамига топширилган.

Шунингдек, «HUMAN хусусий бандлик агентлиги» МЧЖ мансабдор шахслари томонидан фуқаролардан олинган жуда кўп миқдордаги пул маблағлари 11та хўжалик юритувчи субъектларга турли йўллар билан кўчириш орқали ўзлаштирилган қисми жиноят иши қўзғатган ҳолатда алоҳида иш юритувга ажратилди.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилаётган ва судда кўрилаётган жиноят ишлари доирасида жабрланувчиларга етказилган зарарларни тўлиқ қоплаш чоралари кўрилмоқда», дейилади бош прокуратура хабарида.

Шу йилнинг 18 сентябрь куни Ўзбекистондаги илк хусусий бандлик агентликларидан бири – «Human ХБА» лицензияси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан 10 кун муддатга тўхтатилгани ҳақида хабар қилинганди. 20 сентябрда агентлик раҳбари Шоҳнур Файзуллаевга нисбатан жиноий иш қўзғатилгани ва ЖКнинг 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми «а» бандида кўзда тутилган жиноятни содир этганликда гумон қилинувчи сифатида жалб этилгани, Файзуллаев эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олингани ҳақида маълум қилинди.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги «Human» хусусий бандлик агентлигига берилган лицензияни тўхтатган.

Мавзуга оид