Ўзбекистон | 18:40 / 17.12.2019
59438
3 дақиқада ўқилади

Чимёндаги «Амирсой» тоғ-чанғи курорти қурилиши якунланди

Ўзбекистонда Марказий Осиёдаги энг йирик замонавий тоғ-чанғи курорти қурилди.

Бугун, 17 декабрь куни Тошкентдаги Hyatt Regency меҳмонхонасида «Амирсой» тоғ-чанғи курорти очилиши олдидан матбуот анжумани ташкил этилди. Тошкент вилояти, Бўстонлиқ туманидаги ушбу маскан Марказий Осиёдаги энг йирик курорт бўлиши ва туристлар оқимини оширишга хизмат қилиши кутилмоқда. Тадбирда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси ўринбосари Фахриддин Давруков, «PGI Management» компанияси директори Томас Тор-Йенсен ва «Amirsoy» МЧЖ ҚК дирекор ўринбосари иштирок этди. Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов курорт ҳақида асосий маълумотларни тақдим этди.

«Амирсой» тоғ-чанғи курорти жорий йилнинг 21 декабрида расман очилади. Лойиҳага 80 миллион евродан ортиқ инвестиция жалб этилди. Ушбу тоғ курорти 892 гектар майдонни эгаллаган ва 580 ўринга мўлжалланган. Қурилиш ишларига Италия, Германия, Австрия, Аргентина, Испания, Дания каби давлатлардан етакчи компания мутахассислари жалб этилди. Қисқа муддат – 2 йилда туризм, дам олиш, қишки спорт маскани барпо этишга эришилди. Лойиҳанинг биринчи босқичи 2019 йилнинг IV чорагида, иккинчи босқичи 2022 йилнинг III босқичида якунланиши режага киритилган.

Курортда узунлиги 3 километрдан зиёд 2та осма дор йўли ва умумий узунлиги 10 км. бўлган 8та тоғ-чанғи трассалари мавжуд. Шунингдек, салкам 22 километрли дор йўли бўлиб, ўтказиш қобилияти соатига 2400 кишини ташкил этади. Дор йўли Австриянинг етакчи компанияси томонидан қурилди. Унда турли мураккабликдаги 28та рельефли трасса бор. Аргентина, Испания ва Дания мутахассислари назоратида 15 километрга эга тоғ-чанғи йўллари қурилди. Уларнинг 4таси курортнинг энг юқори нуқтасидан бошланади. Энг узун трасса 3 километрдан ортиқ узунликка эга», дея унинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Абдуҳакимовнинг қўшимча қилишича, бошланғич чанғи учувчилари учун махсус ҳудуд бўлиб, 5та конвейер типидаги лифтлар ишлайди. Дам олувчиларга эса 40та ёғоч уйлар, 3та ресторан, спорт мактаби, тоғ чанғиси ва бошқа ускуналарни ижара олиш мумкин бўлган марказ, вертолет майдончаси барпо қилинди.

Ўзбекистонда дунё даражасидаги биринчи тоғ-чанғи курорти қурилиши ҳақида илк марта 2018 йилнинг ёзида маълум қилинган, Чимёндаги замонавий тоғ-чанғи курортининг биринчи навбати 2018 йилнинг декабрида фойдаланишга топширилиши кутилганди. Аммо кейинроқ «юзага келган мураккабликлар» сабабли қурилиш ишлари 2019 йил якунига қадар давом эттирилиши маълум бўлганди.

Мавзуга оид