Жамият | 17:30 / 08.01.2020
36723
4 дақиқада ўқилади

«Корея кундалиги»: Корейс университетларидаги намозхоналар ҳақида

Жанубий Корея аҳолисининг ярмидан кўпи диндор саналмайди. Шундай бўлса-да, мамлакатда виждон эркинлиги ва диний бағрикенглик тушунчаларига эътибор бўлакча.

Корея мусулмонлари федерацияси маълумотига кўра, ҳозирда мамлакатда 150 мингдан зиёд мусулмон истиқомат қилмоқда ва улар учун етарлича қулайлик яратилганининг гувоҳи бўлиши мумкин.

Фаолиятининг асосий мақсади илмий изланишлар олиб бориш, билим ва кўникмалар эгаллашга қаратилган таълим масканида ибодатхоналарнинг бўлиши доим ҳам кузатилмайдиган ҳолат. Аммо Корея Республикасининг кўплаб университетларида мусулмон талаба ва профессор ўқитувчилар учун махсус намозхоналар ташкил қилингани янгилик эмас.

Еунгнам университети мамлакатдаги нуфузли олийгоҳларидан бири бўлиб, миллий университетлар рўйхатида 26-ўринда туради. Муассасада халқаро талабаларни, шу жумладан мусулмон ёшларни кўп учратиш мумкин. Университет ҳудудида Араб маданияти маркази бор ва у бевосита масжид вазифасини ўтаб келмоқда.

Махсус хонанинг кичик, мўъжазгина кутубхонаси ҳам мавжуд. Қуръони Карим, Саҳиҳи Бухорий ва исломга оид турли тиллардаги китоблар ўқувчилар учун фойдаланишда. Марказни молиялаштириш ишлари икки йўл билан амалга оширилади: университет маъмурияти ва ҳайрия пуллари эвазига.

Масжидда ганалик тадқиқотчи Муҳаммад Юсуф имомлик қилади. Унинг ўзи ҳам Кореяга таълим олиш мақсадида, PhD даражасини ёқлаш учун келган.

«Университет биносидан ажратилган бу кенг жойдан ўқув хонаси сифатида ҳам фойдаланишлари мумкин эди, албатта. Бироқ улар уни бизга тақдим этишга қарор қилишди ва биз бу ерда беш вақт намозимизни, ҳатто жума намозини ҳам биргаликда адо этиш имконига эгамиз.

Мен бошқа жойлардаги муассасаларнинг, улар қаерда бўлишидан қатъи назар, мусулмонлар учун ҳеч бўлмаганда шундай имкониятни тақдим қилишини ёқлаган бўлардим. Шу вақтга қадар ҳали бирор жойда бу уларнинг иш фаоллигига салбий таъсир қилганини кўрганим йўқ» – дейди у.

Олийгоҳда юзлаб ўзбекистонлик талабалар ҳам таҳсил олишади. Аҳолисининг 95 фоизини мусулмонлар ташкил этадиган юрт вакиллари учун ҳам бундай шароит яхши таассурот қолдириши табиий. Масжид ҳақидаги фикрлари билан қизиқиб, олийгоҳнинг дастурлаш йўналишида ўқиётган Бекзод Абдулҳаевни сўзга тутдик.

«Келган пайтимдаги биринчи ажаблантирган нарса бу – университет биносида масжид учун ажратилган хонанинг борлиги бўлган. Бу жуда ҳам яхши ва қизиқарли! Университетда дарс эрталабдан кечгача бўлади. Орада бериладиган танаффусларда намоз ўқиб олишимиз мумкин.

Корейс устоз ва курсдошларимизнинг ҳам бунга муносабати ижобий.  Корейс ўқитувчимиз ўзлари бошқа динда бўлсалар-да, намоз вақти кирганда, бориб ибодат қилиб олмайсанми, деб айтган вақтлари ҳам бўлган», – дейди Абдулҳаев.

Масжид учун ажратилган хона рўпарасида ва юқори қаватида синфхоналар жойлашган, дарслар жадвалга биноан ўтилади, яъни бир-бирининг фаолиятига халал қилмайди. Суҳбатдошларимиз ибодатга тўсқинлик қиладиган ҳолатлар бўлмаганини айтишди.

Таъкидлаш жоиз, Жанубий Корея таълим сифати бўйича дунёда пешқадам давлатлардан бири ҳисобланади. Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти маълумотига кўра, Корея Республикаси таълим салоҳияти бўйича дунёда Канада, Япония ва Исроилдан кейин 4-ўринда туради.

Бизнингча, Кореядаги бир пайтнинг ўзида эришилган илмий юксалиш ва диний эътиқодга бўлган хайрихоҳликни жуда кўп таълим тизимлари учун намуна сифатида кўрсатиш мумкин.

Элдор Воҳидов,
Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид