Ўзбекистон | 09:15 / 18.01.2020
14915
2 дақиқада ўқилади

Актам Хаитов ЎзЛиДеП фракцияси раислигига тасдиқланди

Фото: KUN.UZ

Бугун, 18 январь куни Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайланган депутатлар таъсис йиғилиши бўлиб ўтмоқда. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар қилди.

ЎзЛиДеП парламент ва маҳаллий кенгашлар депутатлигига бўлиб ўтган сайловлар якуний натижаларига кўра Қонунчилик палатасида 53та ёки 35,3 фоиз ўринни эгаллади. 

Йиғилиш иштирокчилари томонидан “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида”ги Қонуннинг 9-моддасига мувофиқ, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига сайланган 53 нафар депутатдан иборат ЎзЛиДеП фракциясини таъсис этиш бўйича таклиф ўртага ташланди. Ушбу масала атрофлича муҳокама қилингандан сўнг депутатлар томонидан якдиллик билан тасдиқланди.

Шундан сўнг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракцияси раҳбари лавозимига партия Сиёсий Кенгаш Ижроия қўмитаси раиси Актам Аҳмадович Хаитов номзоди таклиф этилди ва бир овоздан маъқулланди. 

Йиғилишда шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси спикери ва унинг ўринбосарларини сайлаш бўйича бўлиб ўтадиган сиёсий партиялар вакиллари Кенгашига ЎзЛиДеП фракциясидан ҳам вакилларни белгилаш масаласи муҳокама қилинди ва ЎзЛиДеП фракциясидан уч нафар номзод кўрсатилди.

Мавзуга оид