Спорт | 17:11 / 22.01.2020
44189
4 дақиқада ўқилади

Осиё чемпионати-U23. Ўзбекистон яримфиналда Саудияга имкониятни бой берди

Фото: Tribuna.uz

Таиландда Осиё чемпионати-U23 баҳслари давом этмоқда. Мусобақанинг ярим финал баҳсида Ўзбекистон Саудияга 0:1 ҳисобида имкониятни бой берди.

Ўйиннинг 6-дақиқасида ўзбекистонлик футболчилар яхши ҳужумни амалга оширишди. Ҳожиакбар Алижонов ўнг қанотдан Бобур Абдухолиқовнинг йўналишига тўпни қулай тарзда узатиб берди, аммо ҳужумчидан олдин тўпга дарвозабон етиб келди. 12-дақиқада Бобур Абдухолиқов ҳисобни очиши учун жуда қулай вазиятга эга бўлди. Ғаниевнинг узатмасидан сўнг дарвозабон билан яккама-якка чиқиб борган Бобур тўпни дарвозабоннинг устидан ташлаб қўйишда ноаниқ ўйнади.

16-дақиқада Саудиянинг асосий ҳужумчиси Абдуллоҳ ал Ҳамдан чап қанотдан олдинга бориб хавфли зарба йўллади, аммо Абдувоҳид Неъматов тўпни ушлаб олди. Бу ҳужум ортидан вакилларимизда яна бир қулай имконият бўлди. Ҳимоячининг хатосидан фойдаланган Бобур Абдухолиқов тўпни олиб қўйди ва дарвозабонни ҳам алдаб бўш дарвозага гол ура олмади. Бунинг устига ҳакам қўполлик бўлганини қайд этди.

20-дақиқада Илҳом Алижонов чап қанотдан ажойиб юришни амалга оширди ва тўпни дарвоза яқинига оширди, аммо ҳужумчилар тўпга улгуришмади. Тўп майдонга чиқишига эса Азиз Ғаниев қаршилик қилди, у катта тезликда бориб тўпни тўхтатди ва ҳужумни давом эттирди, лекин ҳимоячилар хавфни бартараф этишди.

25-дақиқада энди ўнг қанотдан Ҳожиакбар Алижонов ҳимоячини алдаб дарвоза яқинига тўпни узатди, бу гал Ойбек Бозоров ва Санжар Қодирқуловнинг уринишлари самарасиз бўлди. 28-дақиқада Илҳом Алижонов қанотдан дарвоза томон яқинлашди, лекин у зарба беришни ҳам тўп узатишни ҳам билмай қолиб хато қилди.

48-дақиқада Жасур Яхшибоев чап қанотда ҳимоячини чиройли тарзда алдаб жарима майдончасига кириб бораётганда бошқа ҳимоячи томонидан тўхтатиб қолинди. Ҳакам қоида бузилиши чизиқдан ташқарида бўлганини қайд этди. Белгиланган стандартни Жасур Яхшибоев тўғри дарвозага йўллади, аммо ҳимоячилар тўпни қайтариб қарши ҳужумни бошлаб беришди. Дарвозабон билан яккама-якка чиқиб борган Абдураҳмон Ғариб тўпни тепага териб юборди.

54-дақиқада Бобур Абдухолиқов яна бир имкониятдан фойдалана олмади. «Насаф» ҳужумчиси ҳаводан келаётган тўпни кўкраги билан тўхтатиб дарвозабон билан бирга-бир чиқди, аммо унинг зарбасини рақиб посбони қайтарди.

62-дақиқада Ҳожиакбар Алижонов қанотдан жарима майдончасига ёриб кириб тўпни дарвоза яқинига узатди, лекин ҳимоячи тўпни қайтарди. 65-дақиқада саудияликлар ҳисобни очиш учун жуда қулай имкониятга эга бўлишди. Абдулла Абдуллаевнинг хатосидан сўнг юзага келган ҳужум ноаниқ зарба билан якунланди.

78-дақиқада Азиз Ғаниев Санжар Қодирқуловга қарши қўполлик учун белгиланган жарима зарбасини тўғри дарвозага йўллади, аммо тўп жонли деворга тегди. Тўп теккан футболчи эса майдонда ётиб қолди. 88-дақиқада ҳисоб очилди. Суадиялик футболчининг зарбаси Носир ал Омронга тегиб дарвоза тўридан жой олди.

Энди Ўзбекистон 3-ўрин учун баҳсда олимпиада йўлланмаси учун курашади.

Осиё чемпионати-U23
Яримфинал
САУДИЯ АРАБИСТОНИ — ЎЗБЕКИСТОН 1:0
Гол: Носир ал Омрон (88).

Бангкок, «Ражамангала» стадиони

Саудия Арабистони: Абдулбосит Муҳаммад, Ҳассан ал Тамбакти, Сами ал Нажи, Абдулраҳмон Ғариб, Абдуллоҳ ал Ҳамдан, Айман ал Хулайф, Холид Дубайш, Али Содиқ ал Ҳассан, Мухтарий ал Шейх, Муҳаммад ал Ями, Сауд Абдулҳамид.
Ўзбекистон: Абдувоҳид Неъматов, Ислом Қобилов, Ҳожиакбар Алижонов, Абдулла Абдуллаев, Азиз Ғаниев, Жасур Яхшибоев, Бобур Абдухолиқов (Ислом Кенжабоев, 68), Илҳом Алижонов, Ҳусниддин Алиқулов, Санжар Қодирқулов (Шароф Муҳиддинов, 89), Ойбек Бозоров (Нурилло Тўхтасинов, 74).

Мавзуга оид