Ўзбекистон | 20:28 / 27.01.2020
53710
5 дақиқада ўқилади

«Human» агентлиги раҳбарига суд ҳукми ўқилди

27 январь куни жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят судида «Human» хусусий бандлик агентлиги» МЧЖ раҳбари Ш.Файзуллаевга нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни ниҳоясига етди ва суд ҳукми эълон қилинди. Бу ҳақда Олий суд ахборот хизмати раҳбари Азиз Обидов Kun.uz’га маълум қилди.

Мазкур жиноий иш жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти суди судьяси Хайрулла Раҳмонов раислигида кўриб чиқилди.

Дастлабки тергов органи томонидан судланувчи Шоҳинур Файзуллаев Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси («фирибгарлик») 4-қисми «а» банди, 179-моддаси («сохта тадбиркорлик»), 189-моддаси («савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш») 1-қисми, 192−11-моддаси 2-қисми «а» банди («нодавлат тижорат ташкилотида ёки бошқа нодавлат ташкилотида мансабдор шахслар томонидан ўз ваколатларини суиистеъмол қилиш»), 227-моддаси («ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни, автомототранспорт воситаларининг ва улар тиркамаларининг (ярим тиркамаларининг) давлат рақам белгиларини эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш») 2-қисми «а» банди ва 243-моддаси («жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш»)да назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланган эди.

Суд ҳукмига кўра, Ш. Файзуллаев Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 227-моддаси 2-қисми «а» банди ва 179-моддаси билан Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси («реабилитация учун асослар»)нинг тегишли бандларига асосан реабилитация қилинди ҳамда унинг айбловидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 192−11-моддаси 2-қисми «а» банди чиқарилди.

Судланувчи Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «б», «в» бандлари, 189-моддаси 1-қисми ва 243-моддасида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 59 («бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш») ва 61 («жазоларни қўшишнинг ҳисоблаш қоидалари») моддаларига асосан тайинланган ҳар хил турдаги жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил 10 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди.

Судланувчидан 1080 нафардан ортиқ жабрланувчилар фойдасига 21 миллиард 192 минг сўмдан зиёд миқдорда моддий зарар ундирилиши белгиланди.

Иш бўйича Ўзбекистон Республикаси ИИВ Тергов Департаментининг депозит ҳисоб рақамида сақланаётган 1 290 913 279 сўм пул маблағлари жабрланувчиларга етказилган зарарни қоплашга қаратилиб, пропорционал тарзда тақсимлаб берилиши;

дастлабки тергов даврида хатланган қуйидаги мол-мулклар, яъни:

- Тошкент шаҳри, Сергели тумани, 8-мавзе, 23-уй, 16-хонадон;

- Тошкент шаҳри, Мирзо Улуғбек тумани, Сайрам кўчаси, 109/22-уй;

- Тошкент шаҳри, Олмазор тумани, Себзор Ц-17/18 мавзе, 4а-уй, 14-хонадон;

- Тошкент вилояти, Зангиота тумани, Алишер Навоий кўчаси, 75-уй;

- давлат рақами 01 G 418 GB бўлган «Каптива» русумли автомашина ижро органлари орқали сотувга қўйилсин ва сотувдан тушган пул маблағлари жабрланувчиларга етказилган зарарни қоплаш учун уларга пропорционал тарзда тақсимлаб берилиши;

Ш. Файзуллаев томонидан фаолияти даврида сотиб олинган давлат рақами 01 D 296 GB бўлган «КИА» русумли юк автомашинаси, давлат рақами 10 G 400 АА бўлган «Ласетти» русумли автомашинаси, давлат рақами 01 W 688 FB бўлган «Кобальт» русумли автомашинаси ижро органлари орқали сотувга қўйилиши ва сотувдан тушган пул маблағлари жабрланувчиларга етказилган зарарни қоплаш учун уларга пропорционал тарзда тақсимлаб берилиши;

Ш. Файзуллаев томонидан ижара мақсадида фойдаланилган Тошкент шаҳри, Шайхонтоҳур тумани, Қоратош кўчаси, 103-уй, 23-хонадон ҳамда Ш. Файзуллаевнинг акаси А. Худаяровнинг номида Ф. Худаяровнинг бошқарувида бўлган давлат рақами 01 W 297 FB бўлган «Нексия-2» автомашинасига қўйилган тақиқ бекор қилиниши ва улар қонуний эгаларига қайтарилиши белгиланди.

Шунингдек, жабрланувчиларга жиноят оқибатида етказилган маънавий зарарларни ундириш масаласида фуқаролик тартибида судга мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилди.

Мазкур жиноий иш бўйича судга раислик қилувчи томонидан судланувчи ва бошқа томонларга ҳукм устидан шикоят қилиш тартиби ва муддати тушунтирилди.

Мавзуга оид