Ўзбекистон | 16:15 / 21.02.2020
30307
7 дақиқада ўқилади

«Савдо савдосизликдан яхшироқдир» — Эксперт ЕОИИга қўшилиш ҳақида

Ўзбекистоннинг ЕОИИга кириш-кирмаслик мавзуси бўйича баҳслар ҳануз давом этмоқда. Бу масала президент мурожаатида ҳам алоҳида бандни эгаллади ва парламентга ҳавола қилинди. Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори Обид Ҳакимов билан суҳбатимиз айни шу масаланинг иқтисодий жиҳатлари ҳақида бўлди.

Маълумот учун: Ҳакимов Обид Орзиқулович, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори. 1977 йилда Термиз шаҳрида туғилган. 1998 йилда Тошкент молия институтини, 2000 йилда АҚШнинг Вандербильт университети ва 2006 йилда Мидл Теннесси давлат университетини (АҚШ) тамомлаган. Тошкентдаги Вестминстер университетида иқтисодиёт бўйича проректор ва Давлат бошқаруви академиясида проректор бўлиб ишлаган. 2017-2018 йилларда президент девонининг Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати сектор мудири бўлган.

– Обид ака, президент бу масала бўйича якуний фикрга келишни парламентга ҳавола қилди. Нима деб ўйлайсиз, янги парламент бу борада тўғри қарор чиқаришга қодирми?

– Ҳаммаси парламентга тақдим қилинадиган маълумотлар, ақл марказларининг хулосалари, аниқ ҳисоб-китобларга боғлиқ. Парламентнинг ҳар икки палатаси бу маълумотлар билан жиддий танишиб чиққандан кейингина бу борада якуний фикрга келиш мумкин. Энг муҳими, давлатимизнинг бу иттифоққа қўшилиш-қўшилмаслиги, тўлақонли аъзо ёки кузатувчи бўлиши бевосита Ўзбекистоннинг ўзи ҳал қиладиган масала.

– Парламент маълумотларга таяниб хулоса қилади, деяпсиз. Аммо бу масалада турли мутахассисларнинг иқтисодий ҳисоб-китоблари кескин фарқланади, яъни бир-бирига зид келади. Наҳотки республика миқёсида аниқ хулоса бера оладиган мутахассислар ёки ишчи гуруҳи йўқ бўлса?

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори
Обид Ҳакимов

– Иқтисодий ҳисоб-китоблар эмас, фикрлар, баҳслар жараёнидаги эҳтиросли гаплар десак тўғри бўлади назаримда. Ҳисоб-китоблар бор албатта ва улар мунтазам ўрганилмоқда. Мана, январь ойида бизнинг институт Ўзбекистоннинг ЕОИИга кириши қандай иқтисодий ўзгаришларга олиб келиши бўйича батафсил тадқиқотлар натижаларини жойларда тақдим қилди. Нафақат биз, балки Германиянинг Berlin Economics консалтинг ташкилоти, Россиянинг Гайдар иқтисодиёт ва сиёсат институти, Бостон консалтинг институти каби кўплаб ақл марказлари ҳам айни шу масалада тадқиотлар олиб боришмоқда. Айтиш мумкинки, уларнинг тадқиқотлари натижаларида кескин фарқлар йўқ.

Масалан, Berlin Economics маълумотларида Ўзбекистон иқтисодиёти бу интеграция натижасида 0,3 фоизга ошиши прогноз қилинган бўлса, бизнинг ҳисоб-китобларимизда бу кўрсаткич 0,9, Гайдар институтиникида 1 фоизни ташкил қилади ва бу қўшилиш иттифоққа 700 млн доллар атрофида фойда келтириши аниқланган.

– Шу пайтгача Россиянинг яқин ҳамкори, иттифоқдоши ҳисобланган, ЕОИИ аъзоси бўлган Беларусь сўнгги пайтларда Россия билан нефть нархи ва шу каби масалаларда келиша олмаяпти. Ҳатто Беларусь томонида Россия нефтидан тўлиқ воз кечиш варианти ҳам йўқ эмас. ЕОИИ аъзолари ўзаро келиша олмаётганда, Ўзбекистон учун шу иттифоқнинг нимаси қизиқ ёки манфаатли?

– Ҳаммаси ўзаро тортишув илдизи нимадалигида. Бу ерда масала Россия иттифоқдош сифатида Беларусга нефтни божсиз сотаётганига бориб тақалади. Дарвоқе, агар иттифоққа қўшилсак, биз ҳам бу имтиёздан фойдаланиб қулай нархларда нефть харид қилишимиз мумкин. Лекин бу нефть фақат ички эҳтиёж учун мўлжалланган. Аммо Беларусь бу нефтни қайта ишлаб, бензин қилиб Европага сотади ва ўзига яраша фойда кўради. Бу иқтисодий масала ва уни сиёсийлаштириш керак эмас. Иқтисодий баҳс-мунозаралар бўлиб туради.

– ЕОИИ марказида сиёсий ва иқтисодий қудрати кучли бўлган Россия туради. Бу давлатдаги сиёсий вазиятнинг ўзгариши, дейлик, у ерда янги авлод сиёсатчилари ҳокимият тепасига келса, собиқ МДҲ давлатлари ўртасида янгича келишувлар юзага келиши эҳтимолини қандай баҳолайсиз? ЕОИИнинг келажаги бундай ҳолда нима бўлади?

– Аввало шуни таъкидлардимки, ЕОИИда қарор қабул қилиш фақат Россияга боғлиқ эмас. Бу иттифоқ таркибида ҳозир беш давлат – Россия, Қозоғистон, Беларусь, Арманистон ва Қирғизистон бор ва уларнинг ҳар бири тенг ҳуқуқли аъзолардир. Мисол учун, бирор масалада Қирғизистон қарши бўлса, шу қарор қабул қилинмайди. Албатта, ҳар қандай иттифоқ таркибида битта йирик ва иқтисоди нисбатан кучли давлат бўлади, Европа иттифоқида бу Германия, Араб лигаси давлатларида бу Саудия Арабистони. Энди, Россияда ҳукумат алмашинишига келсак, бу иттифоқ асосида иқтисодий манфаатлар ётади ва бу интеграция давлатларга фойдали бўлсагина қўшиладилар. Демак, ҳукумат алмашинувидан кейин ҳам иқтисодий жиҳат аҳамиятини йўқотмайди.

– ЕОИИга аъзо бўлишимиз Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш учун ҳаракатларимизга қандай таъсир кўрсатади? ЕОИИ атрофидаги сўнгги баҳс-мунозаралар фонида ЖСТга аъзо бўлиш четга сурилиб қолгандай тасаввур уйғотади.

– Бу иттифоққа қўшилиш масаласида фақат 4та давлат билан музокаралар олиб борсак, Жаҳон савдо ташкилотига қўшилиш масаласида эса 160дан ортиқ давлатлар билан музокаралар олиб борамиз. Албатта, ҳар қандай интеграция жараёнида ҳамма ютавермайди, қайсидир соҳа ютқазади, қайсидир соҳа ютади. Энг муҳими, қандай шартлар асосида қўшилишда. Иқтисодиётда шундай гап бор – савдо савдосизликдан яхшироқдир. Кўп йиллар ёпиқ иқтисодиёт услубини қўллаб, йўқотишларга дуч келдик. Ҳар қандай давлат кўпроқ давлатлар билан савдони кучайтирса, иқтисоди кучаяверади. ЖСТга қўшилиш масаласида ҳам жиддий ишлар олиб бориляпти, ишчи гуруҳлар тинимсиз ишлашяпти.

Қолаверса, ЕОИИнинг Россия, Қозоғистон, Арманистон каби аъзо давлатлари айни пайтда ЖСТ аъзоси ҳамдир. Бу икки тузилма талаблари бир-бирига зид келмайди. ЕОИИ низомида агар бу иттифоқнинг бирор нормаси ЖСТ нормасига зид келса, ЖСТ нормаларига устунлик берилиши кўрсатиб ўтилган.

– Бу иттифоққа қўшилиш масаласида мигрантлар омили муҳим роль ўйнайди. Бу борада қандай тадқиқотлар бор?

– Ўзбекистоннинг 2,2 миллион фуқароси ҳозир Россияда меҳнат муҳожирлигида. Улар агар ишини йўқотса ёки ҳужжати муддати ўтса, жуда қисқа вақтда ноқонуний мақомга ўтиб қолишади. Кўпчилиги оилаларини олиб бора олишмайди, чунки оила аъзоларига ҳам жуда кўп ҳужжат тўғрилаш керак бўлади. Бундан ташқари, патентлар учун йилига 1-1,5 минг доллар атрофида сарфлашади ва умумий ҳисоблаганда бу ҳам катта маблағларни ҳосил қилади.

Иттифоққа аъзо бўлган бошқа давлатлар фуқаролари эса шу иттифоқ доирасида ишчи кучи, капитал эркин айланишидан фойдаланиб, нисбатан анча эркин ҳаракатланишади, ҳужжатларни осон расмийлаштиришади, кўпчилиги оилалари билан бирга яшашади. Бу жиҳатдан ЕОИИга қўшилиш кўпчиликка фойда келтиради.

Аброр Зоҳидов суҳбатлашди,
тасвирчи Шерзод Эгамбердиев

Мавзуга оид