Россия ва Трамп: 2-фасл. Россия АҚШ сайловларига яна аралашмоқдами?
Сўнгги кунларда Америкада қизиқ хабар тарқалди: эмишки, бир неча нуфузли нашрлар АҚШ миллий хавфсизлик бошқармаси вакиллари билан ёпиқ эшиклар ортида яширинча брифинг ўтказган ва унда АҚШ разведкаси Россия томони жорий йил кузда бўлиб ўтадиган сайловларда Трампга қайта сайланишда ёрдам бераётгани иддао қилинган маълумотлар тақдим этган. Бу қанчалик ҳақиқатга яқин?
New York Times газетаси, унинг ортидан CCN телеканали, Washington Post ва Reuters агентлиги «ўз манбаларига таяниб» хабар беришича, 13 февралда АҚШ миллий разведка бошқармаси ходимлари Вакиллар палатасининг разведка масалалари бўйича қўмита аъзолари билан бирга Россиянинг АҚШда ноябрь ойида ўтказиладиган президентлик сайловларига эҳтимолий аралашишини муҳокама қилган. Брифингда қатнашган АҚШ миллий разведка бошқармаси ходимлари Вакиллар палатасининг хавфсизлик қўмитаси аъзоларига Россия томони Трампни ўз ўрнида қолдириш учун сайловларга аралашаётганига далиллар келтирган.
New York Times манбасига кўра, Трамп бу брифинг ҳақида унда қатнашган республикачилардан хабар топиб норози бўлган ва АҚШ миллий разведка бошқармаси директори вазифасини вақтинча бажарувчи Жозеф Магуайрни лавозимга тасдиқламаган.
20 февраль куни эса Трамп Магуайрни бошқарма директорлигидан бўшатиб, унинг ўрнига Ричард Гренеллни АҚШ миллий разведка бошқармасига вақтинчалик директор этиб тайинлади (Гренелл 2018 йилдан буён АҚШнинг Германиядаги элчиси бўлиб ишлаётганди). Маълумот ўрнида: АҚШ миллий разведка бошқармаси жами 17та турли разведка бошқармаларини ўзида жамлаган.
АҚШ миллий разведка бошқармасининг янги раҳбари разведка соҳасида мутлақо тажрибаси йўқлиги ва у ҳозирги вазифасида вақтинчалик ишлаётганини айтиб ўтди. Сенат тасдиқлаши учун Трамп бу вазифага бошқа одамни тайинлайди. Ўз навбатида Гренелл Трампнинг ашаддий тарафдори эканини яширмайди.
2016 йилда ўтказилган сайловда русларнинг қўли бормиди?
2017 йил бошида, Обама администрацияси Оқ уйда сўнгги кунларини ўтказаётган пайтда, АҚШ разведкаси 2016 йилги сайловларда Россия аралашуви ҳақидаги ҳисоботни тақдим этганди. Унга кўра, Россия томони турли йўллар билан сайловга таъсир этишга уринган. Жумладан, демократлар партияси вакилларининг саҳифаларини бузиб кириб, ёзишмаларни кузатиш, овозларни санаш жараёнига таъсир кўрсатиш, сайловчиларга ёлғон маълумотлар тарқатиб уларни чалғитиш, ижтимоий тармоқларда республикачилар партияси ва Трамп фойдасига тарғиботлар уюштириш каби ишларни амалга оширишган. Ҳисоботда ёзилишича, юқоридаги ишларни амалга ошириш учун шахсан Путиннинг ўзи буйруқ берган.
2017 йил май ойида Россия томони Трампнинг сайланишига қанчалик таъсир кўрсатгани ҳақида суриштирувлар олиб бориш учун махсус прокурор Роберт Мюллер тайинланди. Суриштирув икки йил давом этди. Мюллер руслар сайловларга аралашганини аниқ исботлай олмаган бўлса-да, Россия томони сайловга таъсир ўтказгани ҳақида хулоса берди. У суриштирув натижасида бошқа касб ортига яширинган, аммо аслида Россия давлат разведка бошқармаси (ГРУ) ходимлари бўлиб чиққан бир неча россиялик сайлов жараёнларига аралашганини айтиб, уларнинг исм-шарифини ҳам ошкор қилди. Аммо бу фактлар Трамп Мюллерни омадсиз деб атаб, унинг устидан кулишига қаршилик қила олмади. Трампнинг иддао қилишича, Мюллер давлат бюджетидаги пулларни ҳавога совурган холос.
CCN ўз манбасига таяниб хабар беришича, 13 февралда ёпиқ эшиклар ортида ўтказилган махфий брифингда Россия томони нафақат келаётган сайловда Трампни қўллаб-қувватлаши, балки АҚШ аҳолиси орасида сайловларга нисбатан ишончсизлик уйғотишни ҳам қилгани айтилган.
«Россия Трампни қандай тарзда қўллаб-қувватламоқчи, бундан нима мақсадни кўзлаётгани ноаниқ қолмоқда»,— деб ёзади бу ҳақда яна бир йирик нашр Washington Post. Ўз навбатида Россия томони расмий равишда бир неча марта 2016 йилда ўтказилган сайловга аралашмаганини билдириб, бошқалар томонидан билдирилаётган турли фикрларни рад этиб келади.
2016 йилда ҳали сайловолди тарғибот кетаётган пайтда Трамп бирор марта Россия ва Путин ҳақида, Россиянинг Қримни босиб олгани ҳақида кескин фикр билдирмади. АҚШ президентлигига ўз номзодини қўядиганлар эса сайловчиларнинг «меҳрини қозониш учун» русларни қоралаши одатга айланганди. Бу одат шунчалик одамларнинг қонига сингиб кетгандики, Россияни ёмонламаган номзод «КГБ агенти»га айланиб қолаверарди.
Олдинги сайловда Россия билан алоқалар ҳақида демократлар номзоди Ҳиллари Клинтон етарлича гапирди. Аммо Трамп ва унинг сайловолди кампанияси «америкаликлар учун ўта шубҳали тарзда» Россия, унинг Украина шарқидаги айирмачилар билан алоқаси, Қримни қўшиб олиши ҳақида бирорта кескин фикр билдирмади.
Сайлов ўтиб, унда ғалаба қозонганидан кейин Трамп «охирги пайтларда нафақат Россия, балки бошқа мамлакатлар ҳам киберҳужум қила олиши мумкин» деб айтди. Трампнинг бу гапи АҚШ президенти бўлиб сайланиши шундоқ ҳам шубҳага олинаётган вақтда «оловга мой сепди».
Трамп Оқ уйга кўчиб ўтганидан сўнг унинг сайланишида Россия томонининг аралашуви масаласи бўйича Мюллер ўтказаётган суриштирувни ўзигагина хос қўрслик билан «жодугар кампирларни овлаш» деб атайди. Мюллернинг Конгрессда қилган чиқишидан сўнг, Трамп 2019 йил 25 июлда Украина президенти Владимир Зеленский билан телефон орқали гаплашиб, ундан Украинада фаолият юритган собиқ вице-президент Жо Байденнинг ўғли Ҳантер Байденнинг фаолияти юзасидан суриштирув ўтказишни сўрайди.
Кейинчалик 25 сентябрь куни БМТ саммити доирасида АҚШга ташриф буюрган Зеленскийнинг Трамп билан учрашувидан кейин маълум бўлдики, Трамп ўшанда Зеленскийдан илтимос қилмаган, балки ўз сўровини буйруқ оҳангида берган. Қолаверса, Зеленский билан Нью-Йоркда учрашган Трамп ўша буйруқ оҳангидаги «илтимос»ини ОАВ қаршисида яна қайтаради. Демократлар томонидан Трампнинг бу иши «мустақил давлат раҳбарига ўз манфаати йўлида босим ўтказиш» деб баҳоланиб, Трампга нисбатан импичмент эълон қилинди.
Гарчи Трампнинг ўша хатти-ҳаракати унга нисбатан импичмент эълон қилинишига олиб келган бўлса-да, Ҳантернинг Украинадаги ишлари ҳақидаги гаплар отасининг рейтингига салбий таъсир қилди. Масалан, Жо Байден биринчи праймеризда демократлар орасида 5-ўринни олди.
АҚШдаги нашрлар анчадан бери Трампнинг ўзининг президент этиб сайланишида Россиянинг қўли борлиги ҳақидаги саволларга тўғридан-тўғри жавоб бермаслигига эътибор қаратади. Трамп аксарият ҳолларда шу мавзуда савол берган журналистларга «бу савол билан унинг қонуний сайланганини шубҳа остига қўяётгани» ҳақидаги гап билан жавоб қайтаради.
Washington Post манбасига кўра, 13 февралда ўтказилган брифинг ҳақида Трампга Вакиллар палатасидаги хавфсизлик қўмитаси таркибида бўлган республикачи Девин Нуньес хабар берган. Нуньес Трампга содиқлиги билан танилган ва президентни ҳукумат тепасига олиб келган «яширин давлат» (одамларга кўринмайдиган орийлар кенгаши борлиги ҳақидаги назария. АҚШда шундай «кўринмас давлат» Трампни ҳукумат тепасига олиб келгани ҳақида иддаолар мавжуд) ҳақидаги назария шунчаки фитна эканини айтади. Нуньес 2015 йилдан буён Вакиллар палатаси қошидаги разведка қўмитаси раиси ҳисобланади.
Вакиллар палатасидаги хавфсизлик қўмитасига эса демократ Адам Шифф раислик қилади. У Трампга қарши илгари сурилган импичмент жараёнида асосий роллардан бирини ўйнаган шахс. Маълум бўлишича, 13 февралдаги брифинг ташаббускори ҳам айнан Адам Шифф бўлган.
Трамп учун бу галги сайловлар осон ўтиши тахмин қилинаётганди, чунки унга айтарли қаршилик қиладиган номзоднинг ўзи кўринмаяпти. Лекин яна Россия аралашуви ҳақидаги гаплар «Трампнинг ҳаётини қийинлаштириши» аниқ. Дарвоқе, шу кунларда Трамп билан боғлиқ яна бир миш-миш тарқалди. Эмишки, Трамп 2016 йилги сайловлар олдидан Ҳиллари Клинтоннинг почтасини бузиб кириб, унинг ёзишмаларини ОАВга сиздирган WikiLeaks раҳбари, айни дамда қамоқда бўлган Жулиан Ассанжга бу ишни Россия аралашувисиз қилганини айтса, ёрдам таклиф қилган. Хўш, Трамп янги синовларга тайёрмикин?