Жаҳон | 15:00 / 26.02.2020
63414
10 дақиқада ўқилади

Коронавирус Эронда: Икки амалдор касалланган, вазият оғирлашмоқда

Эронда бир кунда икки юқори мартабали амалдор коронавирусдан зарарлангани тасдиқланди, мамлакатда вирус қурбонлари сони 16 нафарни ташкил қилмоқда.

Фото: Reuters

Эрон соғлиқни сақлаш ва тиббий таълим вазири ўринбосари Ирож Харирчининг коронавирусга топширган тести ижобий натижа берган. 

Душанба куни ҳукумат вакили Али Робий билан бирга ўтказилган матбуот анжумани вақтида у бир неча марта йўталган, доимий равишда юзидаги терни артиб турган, унинг ўзи ҳукумат Covid-19 коронавирусидан зарарланиш бўйича ҳеч қандай маълумотларни яширмаётганини айтганди. Расмий маълумотларга кўра, айни вақтда мамлакатда вирусдан зарарланганлар сони 95 нафарга етди, аммо ҳақиқий рақамлар бундан бутунлай бошқача кўринишда бўлиши мумкинлиги айтилмоқда.

Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти бош директори Эронда коронавирус тарқалиши авж олиши барчани хавотирга солаётганини таъкидлаб ўтган.

Ўз навбатида, АҚШ Давлат котиби Майк Помпео Вашингтон Эрон эпидемия бўйича фактларни яшираётган бўлиши мумкинлигидан хавотирланаётганини айтиб ўтган ва мамлакат ҳукуматини коронавирус тўғрисидаги ҳақиқатни айтишга чақирган.

Эрон айни вақтда коронавирусдан ўлим ҳолатлари бўйича Хитойдан кейинги энг юқори кўрсаткични қайд этмоқда.

Бу мамлакат айни вақтда коронавирус эпидемиясининг учинчи йирик ўчоғига айланган ва экспертлар бу пандемия бошланганидан дарак бериши мумкинлигидан хавотирланишмоқда. Яна икки ўчоқ эса Жанубий Корея ва Италия шимолидир, бу ҳудудларда ҳам сўнгги кунларда коронавирус юқиши билан боғлиқ ҳолатлар сони ўсиб кетган.

Эрон президенти фуқароларни соғлиқни сақлаш вазирлиги кўрсатмаларига риоя қилишга чақирган / AFP

Сешанба куни Эроннинг яна бир таниқли сиёсатчиси, парламент депутати Маҳмуд Содиғий ҳам вирусдан зарарлангани ҳақида маълум қилди.

«Мен бу дунёда узоқ вақт қоламан деб ўйламаяпман», дея ёзган 57 ёшли сиёсатчи твиттердаги саҳифасида.

Айни вақтда Covid-19 вирусидан зарарланган 80 мингдан ортиқ кишининг аксари Хитойда бўлсада,  Эронда юзага келган вазият кўпчиликни ташвишлантирмоқда.

Бу мамлакатда кўплаб диний қадамжолар жойлашган ва ҳар йили миллионлаб зиёратчилар бу обидаларни кўриш учун келишади. Лекин минтақадаги кўплаб давлатларнинг соғлиқни сақлаш тизимлари яхши ривожланмаган ва бу эпидемия бутун Яқин Шарқни қамраб олиши мумкинлигини кўрсатади.

Рана Раҳимпур, Би-би-си Форс хизмати

Эрондаги шаҳарлардан чиқаётган хабарлар ҳам коронавирус бўйича асл ҳолат ҳукумат расмийлари томонидан келтирилаётган рақамлардан бошқачароқ эканига ишора қилмоқда.

Италиядагидан фарқли равишда эронлик амалдорлар коронавирус аниқланган ҳудудларни карантин ҳолатига ўтказишмади. Уларнинг айтишича, карантин - эскирган усул, улар бунга ишонишмайди.

Қум ва Машҳаддаги зиёратгоҳлар ҳамон очиқ турибди, ҳолбуки Қум минтақада вирус тарқалишининг асосий ўчоғига айланган.

Қум турли ҳудудлардан зиёратчиларни ўзига жалб қилувчи муқаддас шаҳар ҳисобланади, бу ердаги мадрасаларда мамлакатнинг бошқа шаҳарлари ва қўшни давлатлардан келган талабалар таҳсил олишади - бу шиалар олами фахри бўлган шаҳардир. Уни ёпиш эса жиддий қадам бўлади, бундай қарор фақат жаҳон ҳамжамияти босими остида қабул қилиниши мумкин.

Қум шаҳридаги Фотима Маъсума мақбараси дезинфекция қилинмоқда / Getty Images

Қолаверса, Эрон эпидемия тарқалишини тўхтатиш учун етарли тиббий ресурсларга эга эмас. У ерда ҳимоя ниқоблари танқис, текширувлар ўтказиш ускуналари ҳам етарли эмас.

Айрим тиббиёт ходимларининг ўзлари ҳам коронавирус юқтириб олишган ва яқин вақтлар ичида Эронда беморларга қаровчи шифокорлар етишмовчилиги юзага келиши ҳам мумкин.

Шу туфайли кўплаб эронликлар ҳаддан ташқари хавотирланишмоқда.

Эронлик амалдорлар билан нима бўлди?

Эрон соғлиқни сақлаш ва тиббий таълим вазири ўринбосари Ирож Харирчи ўз видеомурожаатида ўзини жамоатчиликдан изоляция қилгани ва даволанишни бошлаганини маълум қилди.

«Менда коронавирус аниқланганини маълум қилмоқчиман. Кечадан буён иситмам чиқаётган эди, дастлабки таҳлил менда вирус борлигини кўрсатди. 

Менинг аҳволим ёмон эмас, ҳаммаси яхши. Фақат иситма бор. Душанбадан бошлаб мен ўзимни ўзим изоляция қилдим. Яқин ҳафталар ичида бу вирусни енгаман», дея унинг сўзларини келтирмоқда ILNA агентлиги.

Ҳарирчининг вирусдан зарарлангани парламент депутатларидан бири ҳукуматни коронавирусдан зарарланишнинг ҳақиқий ҳолатини яширишда айблаганида бу маълумот у томонидан қатъиян рад этилиши ортидан маълум қилинди. 

Қумлик депутат Аҳмад Амирободий-Фараҳоний Covid-19 вируси Қумда ҳукумат эълон қилгани каби 19 февралда эмас, балки январь ойи охиридаёқ пайдо бўлгани, ўшандан бери вирусдан камида 50 киши ҳалок бўлгани ҳақида айтганди.

Ўшанда вазир ўринбосари агар депутат айтаётган рақамларнинг ярми тўғри чиқса ҳам истеъфога кетишини маълум қилганди.

Депутат эса айбловларини қайтариб олмаган, вазирга вирусдан ҳалок бўлган 40 кишининг рўйхатини тақдим этгани ва энди унинг истеъфосини кутаётганини билдирганди.

Эрон Миллий хавфсизлик олий кенгаши котиби Али Шамхоний бош прокурорга парламентарийнинг сўзлари бўйича текширув ўтказишга фармойиш берилганини маълум қилди.

«Сохта маълумотлар тарқатиш ҳам, ҳақиқий аҳволни яшириш ҳам миллий хавфсизлик ва жамоатчилик ишончига зарар келтириш ҳисобланади», дея огоҳлантирди у.

Яқин Шарқда эпидемия бошланадими?

Экспертлар энди пандемиядан қочиб қутулиб бўлмаслигини айтишмоқда / EPA 

Эрон қўшни Афғонистон, Баҳрайн, Ироқ, Кувайт ва Уммон давлатларига ҳам вирус инфекцияси тарқалиши манбаи деб ҳисобланмоқда. Бу давлатларнинг барчаси айни вақтда Ислом республикаси билан авиақатновларни тўхтатган.

Аммо сўнгги кунларда Эронда бўлган кўплаб шиа зиёратчилари ва меҳнат муҳожирлари ўз мамлакатларига қайтишган ва кўп эҳтимол билан вирус ташувчига айланишган.

Экспертлар уруш туфайли соғлиқни сақлаш соҳаси вайрон бўлган Афғонистон, Ироқ ва Сурия каби мамлакатларда юзага келиши мумкин бўлган вазиятдан қайғуришмоқда. Бу давлатларда осонлик билан эпидемия тарқалиши мумкин.

Йирик халқаро транспорт тугуни (узел) ҳисобланган БАА бир ҳафта муддатга Эрон билан барча йўловчи ва юк ташувчи самолётлар қатновини тўхтатган. Бирлашган Араб Амирликларида 13 кишида коронавирус аниқланган.

Баҳрайн Соғлиқни сақлаш вазирлиги инфекция юқтирганлар сони 17 нафарга етганини маълум қилган. Тиббий ходимларининг сўзларига кўра, беморларнинг барчаси Эрондан БАА орқали учмоқчи бўлган йўловчилардир.

Сўнгги маълумотлар

  • 26 февраль ҳолатига кўра, жаҳон бўйлаб COVID-19 коронавирус инфекциясидан зарарланиш ҳолатлари 80970 кишида аниқланган. Вирус эпидемияси бошланганидан буён касалликдан вафот этганлар сони 2769 нафарни ташкил қилмоқда, 29998 киши тузалиб кетган.
  • Хитойда сешанба куни яна 406 кишида коронавирусдан зарарланиш ҳолати қайд этилган. Мамлакатда вирус юқтирганларнинг жами сони 78064 нафарга етган, сўнгги бир кун ичида яна 52 киши вафот этди ва қурбонларнинг жами сони 2715 кишини ташкил қилмоқда. 
  • Жанубий Кореяда янги турдаги коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ 169 та янги ҳолат қайд этилди, яна бир нафар бемор вафот этган. Айни вақтда мамлакатда коронавирус билан касалланганлар сони 1146 кишига етган, улардан 11 нафари вафот этган. 22 бемор тузалган, 16 734 кишининг таҳлиллари эса ҳали ўрганилмоқда.
  • Японияда вирусдан зарарланишнинг мингга яқин ҳолати тасдиқланган. Уларнинг аксар қисми «Даймонд принцесс»да карантинда бўлганлардир, бу кемада бўлганларнинг 4 нафари вафот этди.
  • Италияда вирус яна 114 кишида аниқланди, мамлакат бўйлаб жами 323 киши вирус юқтириб олган, 11 киши вафот этган.
  • Испаниянинг Канар оролларида жойлашган Тенерифи шаҳридаги мингдан ортиқ киши жойлашган меҳмонхонада Италиядан келган шифокорда вирус аниқланди ва меҳмонхона карантинга олинди.
  • Сўнгги бир кун ичида коронавирус Европанинг яна уч давлатида — Австрия, Швейцария ва Хорватияда ҳам аниқланди.
  • Форс кўрфази давлатлари, жумладан, Бирлашган Араб Амирликлари ва Баҳрайн вирус тарқалиши олдини олиш учун авиарейсларга чеклов ўрнатган.
  • АҚШ коронавирусга қарши курашиш учун 2,5 млрд доллар ажратмоқчи, бу маблағлар карантин учун шароитларни яхшилаш, вакцина ишлаб чиқариш ва эпидемия тарқаладиган штатларга ёрдам бериш учун сарфланиши кўзда тутилган. Ҳозирча Америкада вирусдан зарарланишнинг 53 ҳолати қайд этилган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва Хитой қўшма экспертлар гуруҳи раҳбари Брюс Эйлворд Хитой янги турдаги COVID-19 коронавирусига қарши курашиш ва унинг тарқалишини олдини олиш бўйича кераклича иш қилаётганини маълум қилган.

Унинг сўзларига кўра, бошқа давлатлар коронавируснинг тарқалишига тайёр бўлмаган. «Вируснинг янада кенг кўламда тарқалишини назорат қилишга тайёр бўлишингиз керак ва бу тезда амалга оширилиши лозим», дейди у.

 

Мавзуга оид