Жамият | 09:22 / 12.03.2020
111658
2 дақиқада ўқилади

Марғилонда 19 нафар ҳайдовчи қамоққа олинди

Марғилонда ЙПХ инспекторининг қонуний талабига бўйсунмаган 19 нафар ҳуқуқбузар маъмурий қамоққа олинди

Фото: ИИВ ахборот хизмати

Марғилонда 19 нафар “Дамас”чи қамоққа олинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ ахборот хизмати хабар бермоқда.

Қайд этилишича, Марғилон шаҳар марказидаги Б.Марғилоний кўчасида жойлашган савдо мажмуаси рўпарасида Марғилон - Фарғона шаҳарлари ҳамда Қиргули мавзеси йўналишларида киракашлик билан шуғулланувчи “Дамас” русумли автомашина ҳайдовчилари ушбу кўчадаги пиёдалар ўтиш йўлакчаси олдига ҳамда йўлнинг қатнов қисмига бетартиб туриб олиб, пиёдалар ва ҳайдовчиларнинг ҳаракатига халал берган. Шу сабабли, вилоят ИИБ ЙҲХБ ходимлари мазкур тартибсизликни бартараф қилиш мақсадида етиб келишган.

Аммо, “Дамас” ҳайдовчилари ЙПХ ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмасдан, фуқаролар осойишталигини бузувчи хатти-ҳаракатлар содир этишган.

Ички ишлар органлари ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмаган жами 19 нафар “Дамас” ҳайдовчисига нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 183, 194 ва 195-моддалари билан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, Марғилон шаҳар Маъмурий ишлар бўйича судининг қарори билан 6 нафарига 15 сутка, 8 нафарига 10 сутка, 5 нафарига 5 суткалик маъмурий қамоқ жазоси қўлланилди.

“Ҳурматли фуқаролар! Агарда сиз ҳам юқоридаги каби тартибсиз “Дамас” ҳайдовчиларидан жабрланган бўлсангиз ёки мана шундай ҳолатлар кузатилаётганлигига гувоҳ бўлсангиз ҳудудий ИИБга хабар беришингизни сўраб қоламиз.

Барчамиз мана шу осойишта жамиятда яшар эканмиз, унинг тинчлиги, фаровонлиги учун масъуллигимизни унутмайлик! Қолаверса, ўрнатилган тартиб-қоидалар фақатгина инсон манфаати учун яратилганлиги ҳам бежиз эмас. Бўйсунишни истамасликнинг оқибати мана шундай якун топади. Огоҳ бўлинг!” - дейилади маълумотда.

Мавзуга оид