Ўзбекистонда карантин чоралари: Асосий маълумотлар
Ўзбекистон жаҳоннинг бошқа давлатлари билан транспорт алоқаларини тўхтатмоқда, мамлакатда оммавий тадбирлар бекор қилинган, барча ўқув муассасалари таътилга чиққан ва бошқа қатор карантин чоралари жорий этилган.
Бугун, 15 март куни Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов иштирокида коронавирус тарқалишининг олдини олиш бўйича кўрилаётган чораларга бағишлаган матбуот анжумани ўтказилди.
Коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш мақсадида Ўзбекистонда қуйидаги чоралар белгиланди:
Оммавий тадбирлар
Барча оммавий тадбирлар, шу жумладан, Наврўз байрами доирасидаги умумхалқ сайллари бекор қилинди. Футбол бўйича Ўзбекистон чемпионати тўхтатилди.
Ҳукумат мамлакатдаги барча диний идораларга диний маросимларни ўтказишни вақтинча чеклаш бўйича мурожаат билан чиққан - жума намозлари тўхтатилиши мумкин.
Шунингдек, мамлакатдаги барча кинотеатрлар фаолияти вақтинча тўхтатиб турилади, концертлар қолдирилади.
Транспорт
16 март кунидан эътиборан жаҳоннинг барча мамлакатлари билан авиа ва автомобиль қатновлари тўхтатилади. Шу билан биргаликда, темир йўл орқали йўловчи ташишга уч кун давомида рухсат берилади. Бу қарор айни вақтда Россия ва бошқа давлатларда бўлиб турган Ўзбекистон поездларининг қайтиб келиши билан боғлиқ.
Ўз навбатида хориждаги Ўзбекистон фуқароларига ватанга қайтиш учун давлат чегарасидан ўтиш тақиқланмайди, Ўзбекистондаги хорижликлар учун ҳам ўз ватанларига қайтишларига рухсат берилади.
Ўзбекистон хорижда қолиб кетган фуқароларини чартер рейслар орқали эвакуация қилиши мумкин.
Соғлиқни сақлаш соҳаси
Хориждан олиб келинадиган фуқаролар Тошкент вилоятидаги санаторийларда карантинга жойлаштирилади.
16 мартдан Ўзбекистонда коронавирус бўйича маълумот берувчи махсус колл-марказ ишга тушади.
Тиббий ниқоблар экспорти тўхтатилади ва барча маҳсулотлар ички бозорга йўналтирилади.
Таълим
16 мартдан бошлаб Ўзбекистондаги барча боғчалар, мактаблар ва олий таълим муассасалари коронавирус тарқалишига қарши профилактика мақсадида карантинга ёпилади.
Мактабгача таълим вазирлиги МТТлар ёпилган давр учун болаларнинг МТТга келмаган даври тўлови қайта ҳисоб-китоб қилинишини назорат қилиши ҳақида хабар берган.
Халқ таълими вазирлиги таътил вақтида ўқувчилар учун телевидение орқали видеодарслар намойиш этилиши режалаштирилганини маълум қилган. Мактабларда ўқитувчилар ишлашда давом этишади - уларга иш ҳақи тўланади.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги коронавирус туфайли ўқувчи-талабалар икки ҳафта муддатга (ҳозирча) таътилга чиқарилишини маълум қилган. Айни вақтда талабалар Тошкент шаҳридаги ётоқхоналарни тарк этишни бошлашган.
Талаб кескин ортгани туфайли Тошкентдан вилоятларга қўшимча рейслар қўйилмоқда - самолёт ва темир йўл чипталари учун талабаларга 50 фоизлик чегирмалар жорий этилган.
Нарх-наво
Ҳукумат раҳбари карантин вақтида нарх-навони асоссиз ошириш ҳолатларига қарши кескин чоралар кўрилишини маълум қилди.
Карантин даврида осойишталикни таъминлаш мақсадида Давлат солиқ қўмитаси озиқ-овқат ва бирламчи истеъмол маҳсулотлари нархларини қатъий назоратга олади.
Давлат солиқ қўмитаси раиси Беҳзод Мусаев савдо тармоқларида маҳсулот етмай қолиши ҳақидаги гап-сўзлар асоссизлигини маълум қилган.
Тартиб
Абдулла Арипов коронавирус бўйича асоссиз маълумот тарқатганларга чора кўрилиши ҳақида огоҳлантирди.
Ўзбекистонга коронавирус кириб келиши муносабати билан карантин қоидаларини менсимаслик ёки уни бузганлик учун кўриладиган чоралар қатъийлаштирилиши маълум қилинди.
АОКА директорининг биринчи ўринбосари Дилшод Саиджонов журналист ва блогерларга коронавирус ҳақида ёлғон ахборот тарқатганлик ва аҳолида ваҳима уйғонишига сабаб бўлганлик учун Ўзбекистон қонунчилигига кўра жиддий жазолар қўлланишини эслатиб ўтди.
Мавзуга оид
18:33 / 04.11.2024
Абдулла Арипов Шанхайда Хитой бош вазири билан учрашув ўтказди
18:17 / 04.10.2024
Бош вазир Абдулла Арипов шахмат федерациясига раислик қилади
22:17 / 01.10.2024
Абдулла Арипов Ереванда Эрон биринчи вице-президенти билан учрашув ўтказди
00:57 / 10.09.2024